Россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли USM Holdings Limited компанияси Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиш ишларини 2021 йилнинг охирги чорагигача тугатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 2021–2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида маълум қилинди.

Фото: ЎзА

Маълум қилинишича, лойиҳанинг умумий қиймати 119 миллион АҚШ долларга тенг. Дастурга кўра, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қурилиши режалаштирилган лойиҳани Россиянинг USM Holdings Limited компанияси молиялаштирмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йили Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бўлиб, мазкур марказ қурилиш лойиҳаси билан танишганди. Давлат раҳбари марказ қурилишига Алишер Усмонов кўмак бераётганини ташриф давомида маълум қилганди.

«Ватандошимиз Алишер Бурҳонович Усмонов биз билан ҳамкорлик қилиб, катта мадад бўляпти. Ватандошимизнинг шундай бир катта кўмак кўрсатиши тарихда қолиши керак. Бу бино ўзбек миллатининг тарихида қолиши керак», – деган эди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, Алишер Усмонов Ислом цивилизацияси марказига 8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган нодир китоблар коллекциясини совға қилганди.