АҚШ Конгресси 7 январь кунги мажлисида Жо Байденнинг АҚШнинг 46-президенти этиб сайланганини тасдиқлади, деб хабар беради Meduza.

Фото: EPA

Жо Байден сайловчилар ҳайъатининг 306 та овозини қўлга киритган, ғолиб бўлиш учун камида 270 та овоз тўплаш керак. АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп расман 232 та овозга эга бўлган. Байденнинг инаугурацияси 20 январга белгиланди.

Республикачиларнинг бир қатор штатларда, шу жумладан, Пенсильвания ва Жоржиядаги овоз бериш якунларига эътироз билдиришга уринишлари натижа бермади.

Жо Байденнинг ғалабаси расман тасдиқланганидан кейин Дональд Трамп ҳокимиятнинг «тартибли» топширилишига ваъда берди.

«Сайловлар натижаларига бутунлай қарши бўлишимга, фактлар эса буни тасдиқлашига қарамай, 20 январь куни ваколатлар тартиб билан ўтказилади», — дея Трампнинг баёнотидан иқтибос келтирди CNN.

Маълумот учун, 2021 йил 20 январь куни сайланган давлат раҳбари демократ Жо Байден ўз лавозимига киришиши керак. Декабрь ўрталарида сайловчилар ҳайъати Трампнинг сайловдаги бош рақибини Американинг 46-президенти деб эълон қилди.

6 январь куни Дональд Трампнинг тарафдорлари соқчилар занжирини ёриб ўтиб, Вашингтондаги АҚШ Конгресси биносига бостириб кирди. Улар президент сайловлари натижаларини тасдиқлашга бағишланган конгресс мажлисини тўхтатиб қўйди. Конгрессменларнинг бир қисми Капитолийдан эвакуация қилинди. Вашингтонда комендантлик соати эълон қилинди, тартибни сақлаш учун АҚШ пойтахтига Миллий гвардия кучлари киритилди. Тўқнашувларда тўрт киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.