Ҳукумат қарори билан мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қарорга мувофиқ, эндиликда Ўзбекистон ҳудудида мобил қурилмалар чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари мобил қурилмаларни республика ҳудудига олиб кириш санасидан қатъи назар, уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўлади.

Шунингдек, мобил қурилманинг бир слотига тегишли IMEI коди 2019 йил 1 ноябргача автоматик рўйхатдан ўтган ва базага киритилган бўлса, унинг бошқа слотидаги IMEI коди қурилма эгаси томонидан қуйидаги ҳаракатлар бажарилганидан сўнг тизим оператори томонидан 3 иш соати мобайнида бепул амалга оширилади:

  • мобил қурилма эгасининг тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан шахсан мурожаат қилиши;
  • IMEI кодининг ушбу мобил қурилмага ҳақиқий эканлигини тасдиқлаш (мобил қурилма клавиатурасида *#06# кодини ёзиб олинган IMEI кодининг экран тасвирини тақдим этиш);
  • белгиланган шаклдаги анкетани тақдим этиши.

Агар мобил қурилманинг бир слотига тегишли IMEI коди 2019 йил 1 ноябрдан кейин аризага асосан рўйхатга олинган бўлса, ушбу қурилманинг бошқа слоти IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш 3 соат иш вақтида тўлов асосида амалга оширилади.

Жисмоний шахслар томонидан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб кирилган мобил қурилмаларни тизим операторининг сайти орқали ҳам рўйхатга олиш мумкин бўлмоқда. Бунинг учун почта идентификаторининг штрих коди, календарь штампели бўлган конверт ва жўнатма олувчининг паспортини кўрсатиш лозим. Аввалги тартиб бўйича бу фақат тизим операторига шахсан мурожаат этиш орқали амалга ошириларди.

Жисмоний шахслар томонидан рўйхатга олиш учун кўрсатилган мобил қурилмалар олиб кирилганди, шу жумладан, халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали келтирилган мобил қурилмалар сони жисмоний шахслар учун қонун ҳужжатларида белгиланган божхона нормаларидан ошмаслиги лозим.

Бундан ташқари, қарор билан божхона чегарасидан товарларни божсиз олиб кириш нормаларига риоя қилинмаган ҳолда олиб кирилган мобил қурилмалар, улар учун импорт қилувчи сифатида божхона тўловлари тўлангандан сўнг IMEI кодлари рўйхатдан ўтказиладиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги мобил телефонлар махсус IMEI коди бўйича рўйхатга олиниши тартиби 2019 йил 1 апрелдан жорий этилган эди. 2020 йил 22 сентябрь куни мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш тизими маъмурияти томонидан мобил қурилмаларни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш жараёнига ўзгартириш киритилган, унга кўра, қурилманинг IMEI кодини/кодларини рўйхатдан ўтказишда жисмоний шахслар томонидан фойдаланиладиган абонент рақами маҳаллий мобил операторларидан ариза берувчи номига расмийлаштирилган бўлиши кераклиги белгиланганди. Қатор ОАВ ва блогерлар мазкур ўзгариш қонунга зид равишда амалга оширилган бўлиши мумкинлигини билдирган.