Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Мирҳожи Асқаров 19 декабрь куни 89 ёшида ҳаётдан кўз юмди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Фото: ЎзА

Мирҳожи Асқаров 1931 йил 30 апрель куни Тошкентда дунёга келди. 1953 йили Москва кимё-технология институтини тамомлагач, ўша институтнинг аспирантурасида таҳсил олди.

Меҳнат фаолияти давомида илмий изланишларни давом эттириб, 1957 йилда номзодлик, 1967 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Олим қарийб 65 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) катта ўқитувчиси, Фанлар академиясининг Полимерлар кимёси институти лаборатория мудири, директори, Кимё институти директори, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти кафедра мудири, профессори каби лавозимларда меҳнат қилди.

Академикнинг кўплаб илмий ишланма ва тадқиқотлари бугунги кунда ҳам мамлакат кимё саноати соҳасида кенг қўлланиб, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Юқори молекуляр бирикмалар кимёси соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 600 дан зиёд илмий мақолалари, китоб ва монографиялари мамлакатда ва хорижий давлатларда кенг эътироф этилган.