Россия президенти мутахассислар тавсиясига риоя қилган ҳолда COVID-19’га қарши вакцина олмаганини айтди, деб хабар бермоқда «РБК».

Фото: «РБК»

«Ҳозирча ушбу вакцинани, мутахассислар айтганидек, олмадим. Аммо имкони пайдо бўлиши билан қилдираман», — деган Путин 17 декабрь куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Президент россияликларга қилиш бошланган вакцина ҳозирча ҳамма ёшдагилар учун мўлжалланмаганлигини эслатиб ўтган.

«Мутахассисларнинг айтишича, бугунги кунда фуқаролик муомаласига киритилаётган вакциналар муайян ёшдаги фуқаролар учун мўлжалланган. Менинг ёшимдагилар учун вакцина ҳозирча етиб келмади. Мен бу борада қонунга анча итоаткорман, мутахассислар тавсияларига амал қиламан», — деган Путин.

Ноябрь ойи охирида президент матбуот котиби Дмитрий Песков оммавий вакцинациялаш кампанияси ҳали бошланмаганини ва давлат раҳбари вакцина синовларида иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтганди.

«Кўнгилли сифатида, албатта, давлат раҳбари эмлашда иштирок эта олмайди. Шунчаки давлат раҳбари сифатида кўнгилли сифатида иштирок эта олмайди, бу мумкин эмас», — деган ўшанда Песков.

Эслатиб ўтамиз, 2 декабрда Путин Россияда коронавирусга қарши кенг кўламли эмлашни бошлашни буюрганди. Москвада эмлаш марказлари 5 декабрдан иш бошлади, 17 декабрга қадар, Москва мери Сергей Собяниннинг сўзларига кўра, 15 мингга яқин киши эмланди. Сергей Собянин шаҳар аҳолисининг 7 миллион нафари COVID-19’га қарши эмланиши кераклигини айтганди.

Вакцинани қабул қилиш имкониятига дастлаб таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа ходимлари эга бўлганди. 14 декабрдан COVID-19’га қарши вакцина олиши мумкин бўлганлар рўйхати кенгайтирилди.

Декабрь ойи ўрталарида Россиянинг барча ҳудудларида коронавирусга қарши эмлаш бошланди.

Россияда иккита вакцина рўйхатдан ўтказилган: Гамалея маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» ва Новосибирскнинг «Вектор» маркази томонидан яратилган «ЭпиВакКорона». Ҳар иккала препарат учинчи синов босқичида ва у ҳали давом этмоқда. «Спутник V» ишлаб чиқарувчилар унинг 95 фоиз самарадорлигини маълум қилган.

Сўнгги суткада Россияда 28 214 киши COVID-19’га чалингани қайд этилган, инфекциядан 587 киши вафот этди.