Ўзбекистондаги маҳалла раисларининг фаолиятига қараб, маоши ҳам кўтарилиши кутилмоқда. Бу ҳақда 16 декабрь, чоршанба куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари сўз юритди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.
«Маҳалла бугун ислоҳотчига айланиши, энг қуйи поғонадаги тизимни ҳақиқатда халқпарвар қилишимиз лозим. Маҳалла раисларининг ойлигини кўриб чиқаман. Уларнинг ҳаммасига бир хил миқдорда маош берилмайди. Раисларнинг фаолияти ҳар олти ойда таҳлил қилиб борилади. Уддабурон, ташаббускор, ‘темир дафтар’даги оилалар ва сектор раҳбарлари билан яхши ишлашни йўлга қўйган, ҳудудида жиноятчилик бўлмаган маҳалла раисларига меҳнатига қараб ойлик берилади. Самарали меҳнат қилганларга 2 баробар кўп миқдорда ойлик тўланади. Улар 5 миллион сўмгача маошни ҳам, нафақа ёшидаги раислар эса пенсиясини ҳам олаверади. Бу бўйича Молия ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари биргаликда дастур ишлаб чиқишади», — деди президент.
Аввалроқ «Маҳалла раиси — ислоҳотчи» тамойили асосида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий этили маълум қилинган эди. Шунингдек, туманлардаги иқтисодий комплекс ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилиб, ўз соҳасига доир масалаларни ҳал қилиб бориши режалаштирилган.
Изоҳ (0)