1911 йил 14 декабрь куни жанубий қутбга илк бора одам оёғи етиб борди. Биринчи инсоннинг Антарктида марказига бориши учун Англия ва Норвегия экспедициялари ўртасидаги рақобат географик кашфиётлар тарихидаги энг драматиклардан бири ҳисобланади.
Инсон оёғи етмаган сўнгги маскан
1909 йилга келиб, жанубий қутб инсон оёғи етмаган энг сўнгги йирик географик нуқта бўлиб қолганди. Аслида, у ерга биринчи етиб бориш учун бўладиган рақобат Америка Қўшма Штатлари ва Британия империяси ўртасида бўлиши кутилган эди. Бироқ ўша пайтдаги етакчи америкалик қутб тадқиқотчилари Кук ва Пирийлар ўз нигоҳларини Арктикага қаратганди ва бу британ капитани Роберт Скотт учун ажойиб имконият яратганди. Аммо Скотт ҳам шошқалоқлик қилмоқчи эмасди. У кенг илмий тадқиқотлар ва қутбга саёҳат учун услубий тайёргарликни ўз ичига олган уч йиллик дастурга пухта тайёрланди.Кутилмаганда ушбу режалар норвегияликлар томонидан бузиб ташланди. Чунки шимолий қутбга инсон оёғи етиб бўлганидан хабар топган Руал Амундсен у ерда иккинчи бўлишни хоҳламади ва ўзининг «Фрам» деб номланган кемасини яширинча Жанубий қутб томон бурди. 1911 йил февраль ойида Росс музликларидаги лагерга етиб келган инглиз зобитлари у ерда норвегияликларни учратди. «Амундсеннинг режаси биз учун жиддий таҳдид эканига шубҳа йўқ», деб ёзганди ўшанда Скотт ўз кундалигида. Мусобақа бошланди.
Скотт ва Амундсен қандай инсонлар эди?
Терра Нова экспедицияси аъзоларидан бири кейинчалик ўзининг хотиралари муқаддимасида шундай ёзганди: «Илмий изланишлар учун менга Скоттни беринг; қутбга етиб бориш учун Амундсенни».Дарҳақиқат, санъат ва фанларга мойиллик Роберт Скоттнинг энг таниқли ижобий фазилатларидан бири эди. Унинг адабий истеъдоди, айниқса, ўзининг кундаликларида яққол намоён бўлган.
Одамови, совуққон ижрочи Руал Амундсен эса натижаларга эришиш учун яратилган инсон эди. Режа одами бўлган Амундсен: «Саргузаштлар – бу ёмон тайёргарликнинг нохуш оқибати» деб ҳисобларди.
Жамоалар
Скотт экспедициясининг таркиби ўша пайтдаги қутб тадқиқотчиларини ҳайратда қолдирди, чунки ушбу жамоада 65 киши тўпланганди. Экспедиция Терра Нова кемасининг экипажи, ўн иккита олим ва оператор Герберт Понтилардан иборат эди. Қутб марказига эса беш киши йўл олди: капитан ўзи билан бирга чавандоз Оатсни, илмий дастур раҳбари Уилсонни, ёрдамчиси Эвансни ва сўнгги дақиқада денгизчи Бауерсларни олиб кетди. Кўплаб мутахассислар ушбу сўнгги қарорни фалокатли деб ҳисоблади: чунки жамоадаги озиқ-овқат ва ускуналар миқдори, ҳатто чанғилар ҳам атиги тўрт кишига мўлжалланганди.Амудсен жамоаси эса замонавий қишки ультрамарафонларнинг ҳар қандай мусобақасида ғолиб чиқиши мумкин бўлган йигитлардан иборат эди. Антарктидага у билан тўққиз киши йўлга тушди. Жамоа таркибида фан билан билан шуғулланадиганлар умуман йўқ эди. Улар тирик қолиш учун зарур бўладиган барча кўникмаларга эга бўлган, жисмонан кучли эркаклар эди.
Амундсеннинг йигитлари чанғида ҳам яхши учарди, жамоанинг кўпчилик аъзолари чаналарга қўшиладиган бароқ улов итларини қандай бошқаришни яхши биларди, навигация малакасига ҳам эга эди ва фақат иккитасидагина қутб тажрибаси йўқ эди. Улардан энг яхши беш нафари қутб марказига йўл олди: Амундсен жамоасига йўлни чанғи учиш бўйича Норвегия чемпиони очиб борарди.
Экипировка
Ўша даврдаги барча норвег қутб тадқиқотчилари сингари Амундсен ҳам эскимосларнинг қаттиқ совуққа мослашиш усулларини қўллаш тарафдори эди. Унинг экспедицияси иссиқ анораклар ва махсус «камик» деб номланувчи қишки ботинкалар кийганди. «Мўйнали кийимларсиз тайёрланган ҳар қандай қутб экспедициясини етарли даражада жиҳозланган деб айтмаган бўлар эдим», деб ёзганди норвегиялик тадқиқотчи.Аксинча, илм-фан ва тараққиёт култи ва империалистик «оқ одам юки» ғояси билан тарбияланган Скотт жамоаси аборигенлар тажрибасидан фойдаланишдан ор қиларди. Инглизлар жунли ва каучукли костюмлар киярди. Замонавий тадқиқотлар ёрдамида икки жамоанинг кийимлари текшириб кўрилганда, бири-биридан муҳим устунликка эга бўлмагани аниқланди.
Азоб ғалабани қаҳрамонликка айлантирди
Амундсеннинг тактикаси ҳам самарали, ҳам шафқатсиз эди. Унинг озиқ-овқат ва жиҳозлар ортилган тўртта 400 килограммлик чаналарини 52 та гренланд хаски итлари тортиб борарди. Марра томон яқинлашган сари норвегияликлар итларни ўлдириб, бошқа итларга едирарди. Юк камайгани сабабли энди керак бўлмай қолган транспортнинг ўзи озиқ-овқатга айланарди. Базага 52 та итдан 11 таси қайтиб келган холос.Скоттнинг мураккаб транспорт режасида эса моторли чаналар, мўғул пони отлари, Сибир итлари ва сўнгги қисмда ўз оёқлари билан юриб бориш мақсад қилинганди. Аммо унинг режаси муваффақиятсизликка учрашини осонлик билан тахмин қилиш мумкин эди. Ўша пайтларда ҳали ривожланмаган моторли чаналар тезда бузилди, понилар совуқдан ўлиб кетди, итлар эса жуда кам эди. Натижада инглизларнинг ўзи юзлаб километрларга чаналарни судраб борди, ҳар бирига деярли бир центнер юк тўғри келарди. Скотт эса буни устунлик деб билди — инглиз анъаналарига кўра, тадқиқотчи мақсадга «ташқаридан олинган ёрдамсиз» эришиши керак эди. Азоб ғалабани қаҳрамонликка айлантирарди.
Озиқ-овқат захиралари
Скоттнинг муваффақиятсиз транспорт стратегияси унинг жамоасини очарчиликка олиб келди. Жамоа аъзоларининг чаналарни ўзлари судраб боргани саёҳат давомийлигини оширди ва бундай машқлар учун зарур бўладиган калориялар сонини сезиларли даражада оширди. Шу билан бирга, инглизлар бутун йўл давомида ўзларига етарли миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотларини кўтаролмасди.Егуликларнинг сифати ҳам экспедицияга салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Таркиби кепакли жўхори уни ва хамиртурушдан иборат бўлган норвег печеньесидан фарқли ўлароқ, инглизлар тоза оқ буғдойдан тайёрланган нонлар олганди. Қутбга етиб бормасданоқ Скоттнинг жамоаси Б витамини етишмовчилиги билан боғлиқ бўлган синга ва асаб касалликларига чалинди. Қайтиш сафари учун ҳам озиқ-овқат етишмаган, энг яқин омборга етиб боришга эса куч қолмаган эди...
Норвегияликларнинг озиқ-овқат захиралари ҳақида эса улар ортга қайтаётганларида чаналарни енгиллаштириш мақсадида ортиқча овқатларни ташлаб юборганлари ҳақида айтишнинг ўзи кифоя қилади. Улар бу борада ҳам жуда пухта тайёрланган эди.
Финиш
Норвегияликларнинг базасидан қутбгача бўлган масофа 1 380 километрни ташкил этарди. Амундсен жамоасига бу йўлни босиб ўтиш учун 56 кун керак бўлди. Ит чаналари бир ярим тоннадан ортиқ юк олиб кетишга ва йўл-йўлакай, қайтиш учун озиқ-овқат омборларини ташкил қилиб кетишга имкон берди.1912 йил 17 январда норвегияликлар Жанубий қутб марказига етиб борди ва у ерда чодир қуриб, Норвегия қиролига қутбни забт этилгани тўғрисида нома ва Скоттга ушбу хатни манзилга етказишни сўраб мурожаат қолдирди: «Уйга борадиган йўл жуда узоқ, ҳар қандай нарса содир бўлиши мумкин, шу жумладан, ўлим ҳам...» Амундсен жамоаси қайтишда ҳалокатга учраса, Скоттдан улар биринчи бўлиб қутбни эгаллаганини дунёга етказишини сўраганди. Қайтишда Амундсеннинг чаналари тезлашди ва жамоа 43 кундан кейин базага етиб келди.
Инглизлар эса бу ерга орадан бир ой ўтгач етиб келди ва Амундсеннинг чодирини топди. Улар 79 кун ичида 1 500 километр йўл босиб келди... «Даҳшатли умидсизлик! Содиқ ҳамроҳларимнинг шундай аҳволда қолиши менга қаттиқ азоб беради. Бу барча орзуларимизнинг охири. Бу қайғули қайтиш бўлади», деб ёзганди ўшанда Скотт ўз кундалигига.
Мағлубяитга учраган, умидсизликда қолган, оч-наҳор ва касалланган Скотт жамоаси, қирғоққа қайтиб келиш учун яна 71 кун йўл юрди. Скотт ва унинг шу пайтгача тирик қолган икки шериги озиқ-овқат омборига 40 километр қолганда вафот этди.
Мағлубият
1912 йилнинг кузида Скотт, Уилсон ва Бауерснинг жасадлари ётган чодирни уларнинг Терра Нова экспедициясидаги ҳамкасблари топди. Капитаннинг жасади устида охирги ёзган қайдлари ётарди, этигини ичида эса Амундсеннинг Норвегия қиролига ёзган мактуби ҳам бор эди. Скоттнинг кундаликлари нашр этилгандан сўнг, унинг ватани Британияда норвегияликларга қарши кампания бошланиб кетди ва инглизларга фақатгина империя ғурури Амундсенни тўғридан-тўғри қотил деб аташга тўсқинлик қилди.Бироқ Скоттнинг адабий истеъдоди мағлубиятни ғалабага айлантирди ва уларнинг аянчли ўлими норвегияликларнинг идеал режалаштирилган ютуғидан устун қўйилди. «Қандай қилиб Амундсеннинг шон-шуҳратга интилишини Скоттнинг биринчи даражали фожиаси билан тенглаштириш мумкин?», деб ёзганди замондошлари.
Хулоса
Бу инсонлар бир-бирига нисбатан даҳшатли рақиб бўлса-да, улар ҳақиқий жентелмен эди. Маррага биринчи етиб келган Амундсен Скоттга ишониб хат қолдирган, ўз мағлубиятини тан олган Скотт эса бу хатни олиб қайтди. Амундсен жамоаси қайтишда ҳалокатга учраб, Скоттлар тирик этиб келишганда ҳам Скотт жанубий қутбни биринчи бўлиб норвеглар эгаллаганини айтмоқчи бўлиб хатни олиб қайтганди. Аммо Скотт жамоаси қайтиб кела олмади...«Ўз ҳаётларини хавф остига қолдириб бундай экспедиция уюштириш Скотт ва Амундсенларга нима учун керак эди?» деган савол ўсмирлик пайтимда ўзимга энг кўп берадиган саволларимдан бири эди. Нима учун Руал Амундсен ва Роберт Скотт ҳали инсониятга номаълум Антарктида сарҳадларига ўлимни бўйнига олиб сафар қилган? Чунки инсонлар тарихни нафақат ўқийди, улар уни яратади ҳам... Ушбу қутб васвасаси, XIX асрда Аляскада бошланган олтин васвасасини ёдимга солди. Аммо бу энди умуман бошқа ҳикоя...
Нурбек Алимов тайёрлади.
Изоҳ (0)