Аввалига тадқиқотчилар унчалик эътибор қаратмаган ҳолат эндиликда COVID-19’нинг энг асосий симптоми сифатида қаралмоқда. Бу аносмия — ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши. «Дарё» шу ҳақдаги The Guardian нашри эълон қилган мақолани таржима тариқасида тақдим этади.
Етти йил аввал ринолог жарроҳ Питер Эндрюс ўз карьерасида бурилиш ясаган жарроҳлик амалиётини бажарган эди. У бир неча ўн йиллар аввал крикет тўпи зарбасидан кейин бурни синган беморни операция қилганди. Операция нозик бўлган: унда иккала бурун тешигини ажратиб турувчи юпқа тоғай деворидаги синган жой тўғирланган ва шу орқали охирги пайтларда нафас олишга қийналган бу беморга енгиллик бағишлаган эди.
Лекин операция кутилмаган натижани берди. Бемор нафақат енгил нафас ола бошлади, балки 40 йилдан буён биринчи марта ҳид сеза бошлади. Бу эса тиббиёт мутахассисларига одамнинг ҳид билиш сезгисини тушунишда ва унинг регенерацияланиш хусусиятини англашда янги истиқболларни очиб берди.
Ҳид билиш сезгиси аслида мураккаб неврологик жараёндир. Бурун бўшлиғида жойлашган ва ҳид нейронлари деб аталадиган махсус нерв ҳужайралари ҳаводаги молекулаларни, масалан, атирни ёки ёнаётган нарсанинг тутунини аниқлайди. Кейин эса ушбу ахборот узун асаб толалари орқали бош миянинг тегишли қисмига узатилади.
Ушбу тармоқ бутун марказий асаб тизимидаги энг мослашувчан тармоқлардан бири саналади. Ишчанликни сақлаб қолиш учун бу тармоқ ҳар олти ҳафтада эски ҳид сезги нейронларини йўқ қилиб, ўрнига янгиларини ҳосил қилиш орқали тўлиқ регенерацияланиб туради. «Шунинг ўзи аслида қаҳрамонликдир, чунки тиклангандан кейин ушбу нейронлар мияга қайтадан боғланиши керак», — дейди Эндрюс.
Лекин баъзан регенерацияланишни қийинлаштирадиган нарсалар учраб туради. Ҳид билиш сезгисининг йўқолиши аносмия деган тиббиёт термини орқали ифодаланади ва умумий аҳоли сонидан тахминан беш фоизи вақтинчалик ёки доимий аносмиядан қийналади, деб баҳоланди. Аносмия — қариш жараёнининг бир қисми сифатида ҳам юзага чиқиши мумкин, бундан ташқари, исталган ёш тоифасидаги шахсларда ҳам бурун синишидан бошлаб, вирусли инфекцияларгача бўлган турли омиллар сабабидан юзага келиши мумкин.
Эндрюс бажарган жарроҳликда операция ҳид нейронларининг регенерацияланишига ва марказий асаб тизимига қайтадан боғланишига туртки берди. Шу каби жарроҳлик аралашуви орқали аносмияга йўлиққан кўп сонли одамларда ҳам ҳид билишнинг тикланишига эришиш мумкинми, деган савол билан қизиққан Эндрюс бу борадаги чуқур тадқиқотларни бошлаб юборди. Лекин яқин-яқингача унинг саъй-ҳаракатларига молиялаштиришнинг чеклангани тўсқинлик қилиб турди.
Бунинг сабаби шундаки, ҳид сезгисининг инсон ҳаёт тарзига катта таъсири борлигига қарамай, тиббиёт ҳамжамияти аносмияга унчалик жиддий эътибор қаратмайди ва мутахассислар ҳид сезгисини «сезгиларнинг Золушкаси» дейишади. Ҳид сезгиси кўпинча таъм билиш қобилияти билан ҳам боғлиқлиги сабабидан аносмияга йўлиққан беморлар иштаҳа йўқолиши ва руҳий тушкунликдан ҳам азият чекади.
Ҳид сезиш қобилиятини йўқотган одамларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тузилган Британиянинг AbScent номли хайрия ташкилоти асосчиси Крис Келли бу ҳақда «Ҳид сезмаслик кишилар ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин, чунки у ўзини сезиш қобилиятининг муҳим бир қисмидан мосуво қилади. Ҳид сезгиси бизнинг ижтимоий алоқаларимизда чуқур ўринга эга, бу йўқ бўлса, олам икки ўлчамли бўлиб қолади», — деган эди у.
Охирги саккиз ой ичида аносмия борасидаги анъанавий тиббий тушунчалар тамомила ўзгарди. SARS-CoV-2 вируси ҳид сезгисини йўқ қилишда моҳир бўлиб чиқди ва кишининг ҳид сезмаслиги билан боғлиқ бўлган оғир аҳволи биринчи марта диққат марказига кўчди.
Пенсильвания штати университетидаги сезги ҳиссиёти маркази директори Жон Хейснинг таъкидлашича, COVID-19 билан касалланган беморларнинг 44 фоизидан 47 фоизигача бўлган қисмида касалликнинг авж палласида ҳид билишнинг бутунлай йўқолиши кузатилди. Улардан аксарияти дастлабки икки ой мобайнида тўлиқ соғайиб кетди. 100 нафар COVID-19 бемори билан ўтказилган бир тадқиқотда беморларнинг учдан икки қисмида биринчи олти-саккиз ҳафта ичида ҳид сезгиси ўз меъёрига қайтгани кузатилди. Тахминларга кўра, барибир беморларнинг катта қисми кейинги бир неча ойлардан сўнг ҳам ҳид сезгисининг қисман ёки бутунлай йўқлигидан азият чекмоқда экан.
Филадельфиядаги кимёвий сезгилар маркази — Monell директори ўринбосари Даниэль Рид бу ҳақда «COVID-19 туфайли ҳид сезгисидан айрилган одамларнинг ярми икки ойдан кейин ҳам ҳали-ҳануз бу борада муаммоларга эга, улардан 5—10 фоизида эса қисман ёки бутунлай ҳид сезмаслик билан боғлиқ жиддий асоратлар борлиги ҳозирда бизга маълум», деб қайд этди.
Нега айримлар тузалиб кетяпти-ю, бошқалар эса йўқ?
Апрелдан буён олимлар SARS-CoV-2 вирусининг нега бу қадар ҳид сезгисига жиддий таъсир қилишини ва нега айримлар бошқалардан кўра бардошлироқдек кўринаётганини аниқлашга уринмоқда.
Афтидан, вирус юкламаси бу борадаги энг муҳим омил бўлса керак ва катта миқдордаги вирус таъсирига тушиб қолиш эҳтимоли юқори бўлган соҳаларда ишлайдиган одамларда аносмия узоқроқ давом этиши мумкин. Эндрюс яқинда Лондондаги ва Италиядаги тиббиёт муассасаларида COVID-19 билан касалланган 119 нафар тиббиёт ходими орасида сўровнома ўтказди ва аниқланишича, улардан 70 фоизида ҳид ва таъм сезгиси дисфункцияси рўй берди. Улардан 60 фоизи эса вирус юққан дастлабки кундан 52 кун ўтиб ҳам ҳали-ҳануз ҳид сезишдаги муаммолардан азият чекди ва бу рақам аҳоли орасидаги ўртача кўрсаткичдан баланддир.
Шамоллашни келтириб чиқарадиган бошқа вируслар ҳам аносмияга сабаб бўлиши мумкин бўлгани ҳолда, COVID-19 аносмияси ғайриоддийдир. Чунки у бурун оқиши сингари йўлдош ҳодисаларсиз, тўсатдан, бирданига намоён бўлади.
«Бизда шамоллаш пайтида юзага келадиган ҳид сезмаслик ҳолати бурун битиб қолиши сабабидан юзага келади ва бунда ҳид ташийдиган фаол молекулалар шунчаки бурун бўшлиғи юзасига етиб боролмай қолади», — деди Хейс. «COVID-19 да эса нимадир бошқачароқ бўляпти», — деб қўшимча қилди у.
Июлда Гарвард тиббиёт мактаби етакчилигидаги халқаро ҳамкорликдаги илмий гуруҳ бу борадаги саволларга дастлабки жавобларни топган эди. SARS-CoV-2 вируси организмга кириш учун қўллайдиган калит бўлмиш ACE2 рецепторини ҳид нейронларининг ўзи томонидан ишлаб чиқарилмаса-да, лекин у бурун бўшлиғининг юқори қисмидаги ҳужайраларда катта миқдорда мавжуд бўлиб, айнан ушбу ҳужайралар бизнинг ҳид сезгимизга ўз таъсирини ўтказади ва нейронларнинг структуравий ҳамда метаболик таъминотини йўлга қўяди. SARS-CoV-2 ушбу ҳужайраларга тушгач, у яллиғланиш келтириб чиқаради ва бизнинг ҳид сезиш қобилиятимизни издан чиқаради.
COVID-19 келтириб чиқараётган аносмия шу билан изоҳланади. Кўп одамлар учун тикланиш жараёни ушбу ҳужайраларнинг қайта жонланишига кетадиган вақтга боғлиқ бўлади. Лекин баъзи ҳолларда яллиғланиш шу қадар кучлики, у нафақат ҳужайраларни, балки яқин нейронларнинг ўзини ҳам зарарлайди. Буни олимлар сплаш шикастланиш деб атайди. Бундай беморларда тикланиш жараёни секинроқ кечади, чунки бурун шиллиқ қаватидан келадиган таъминот эвазига нейронларнинг регенерацияланиши учун вақт керак бўлади. Кам учрайдиган баъзи ҳолларда эса ҳид нейронлари бутунлай шикастланган бўлиши мумкин, бу эса тикланиш эҳтимоли жуда камлигини билдиради.
Даволанишга уринаётган пайтда паросмия деган ғалати ҳолат келиб чиқиши мумкин. Бунда ҳид сезгиси қайтади, лекин у жуда тушунарсиз бўлади. Facebook’даги гуруҳларнинг бирида COVID-19’дан тузалган беморларнинг бир нечтаси аввал ўзи ёқтирган меваларнинг ҳиди эндиликда ириган балиқ ҳидига ёки балчиқли зах хона ҳидига ўхшаб туюлаётганини ёзди. Келлининг айтишича, бу қизиқ бўлиб кўринса-да, аслида, у беморларда стресс келтириб чиқаради. Чунки одам ўз турмуш ўртоғидан ёки оила аъзоларидан қўланса ҳид келаётгандек ҳис қилиши мумкин. Олимларнинг айтишича, бу нарса регенерация жараёнида бу нейронларнинг миянинг бошқа жойлари билан боғланиб қолиши туфайли юзага келиши мумкин экан. Шунга қарамай, нега айрим беморларда бу симптом бошқалардагидан кўра кўпроқ намоён бўлаётганига ҳозирча изоҳ йўқ.
«Паросмия бемор тузалаётганидан дарак бўлади. Афсуски, муайян даражадаги паросмия билан қолиб кетадиган одамлар ҳам топилади, улардаги паросмия даражасини аниқлаш жуда қийин», — дейди Рединг озиқ-овқат ва парҳез университети кимё факультети мутахассиси Жейн Паркер. У ҳозирда коронавирусдан кейинги паросмия ҳолати бўйича тадқиқот олиб боряпти. «Биз бошқа инфекциялардан кейинги паросмия ҳақида биламиз, лекин коронавирусдан кейинги паросмия ҳақида ҳали гапиришга эрта», — деди у.
Паросмияни даволаса бўладими?
Айрим одамларга ёрдам берадиган даволаш усулларидан бири ҳид сезгисини чиниқтириш машқларидир. Бунда тўрт хил эфир мойларини — атиргул, лимон, чиннигул ва эвкалиптни фаол ҳидлашни ўз ичига олади. Уларни ҳар куни 20 сония мобайнида ҳидлаш керак ва бу бурун физиотерапиясининг бир шакли сифатида таъсир қилади. Олимлар бу машқларнинг ҳид йўқотишнинг оғир шаклига йўлиққан беморлар учун фойдаси бўлишига ишонмаяпти, лекин паросмияда ва қисман аносмияда наф қилиши мумкин. Шунга қарамай, бу етарлича исботланган эмас.
Флорида университети ҳид ва таъм сезгиси маркази директори Стивен Мангер «Энг ишончлироқ исботлашларда ҳам қисман аносмияда муайян фойда бериши тасдиқланган, холос, деган бўлардим», деб изоҳ берди. «Бу механизмга беморда сақланиб қолган сезгини кучайтириш орқали йўқотилган сезгини тиклашга ёрдам бериши мумкин», — деган у.
COVID-19 туфайли аносмиянинг кенг тарқалиши айрим тадқиқотларни жонлантирди ва мутлақо янгича даволаш усулларининг очилишига олиб келди. Эндрюс COVID-19 туфайли ҳид сезгисини йўқотган тиббиёт ходимлари бурун ҳужайраларидан биопсия олишга ва уларни тадқиқ қилишга рухсат олди. Бу орқали у зарарланган жойга янги ҳужайраларни трансплантация қилиш амалиёти орқали нейронлар ва марказий асаб тизими орасидаги боғламларни тиклаш имкониятини текшириб кўрмоқчи.
Нью-Йоркдаги Mount Sinai касалхонасида эса Альфред Илорета COVID-19 туфайли ҳид сезгисини йўқотган беморлар билан балиқ ёғи шаклидаги омега-3 ёғ кислотасини қўллаш орқали клиник синов-тажриба ишларини олиб бормоқда. У мазкур модда вирусдан зарарланган бурун ҳужайраларининг ва ҳид нейронларининг тикланиш жараёнини жадаллаштиради, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, омега-3 қўшимчаси бунда икки хил усул билан ёрдам бериши мумкин: биринчиси, вирусли инфекция туфайли келтирилган зарарни тиклайдиган йўл билан яллиғланишга қарши таъсир қилиши ва иккинчиси, омега-3 ёғ кислотасининг зарарланган ҳужайра ва нейронларга нейропротектор ва регенератив таъсирига асосланади.
Таклиф қилинган бу каби кўплаб даволаш усулларининг самарасини ҳали вақт кўрсатади. Яқин қисқа муддат учун эса олимлар аносмияни COVID-19’га ташхис қўйишдаги қўшимча аломат сифатида кенгроқ фойдаланишга чақирмоқда. Ва бу нарса миллий тест тизимлари ва назорат системаларида самарадорлик ортишига ёрдам беради, деб қарашмоқда.
COVID-19 Simptom Study иловасини ишлаб чиққан мутахассис Тим Спектор эса март ойидаёқ бирор одамда тест натижаси мусбат чиқиши эҳтимолида ундаги иситмадан кўра, аносмиянинг мавжудлиги аниқроқ башорат беради, деб айтди.
«Иловадан олинган маълумот шуни кўрсатмоқдаки, COVID-19’га тести мусбат натижа берган одамларнинг 65 фоизида ҳид билиш йўқолиши кузатилган ва улардан катта қисмида умуман иситма бўлмаган», — дейди у. «Мусбат тест натижасига эга одамларнинг 40 фоиздан сал кўпроғида иситма бўлган. Мусбат натижали одамларнинг тахминан 16 фоизида аносмия касалликнинг ягона симптоми бўлган», — деб фикрини тугатди Спектор.
Ҳид сезгиси йўқолганига ёки бузилганига бир неча ой бўлган беморлар учун ҳам олимлар ҳали ҳаммаси жойига тушишига умид бор демоқда. Регенерация секин кечадиган жараён бўлиб, муайян вақт талаб қилади.
«12—18 ой ўтмагунича, кимнидир ҳид билишни бутунлай йўқотибди, дея олмайсиз. Бу ўзини ўзи тиклай оладиган, жуда мослашувчан система, шунинг учун узил-кесил гапиришга ҳали жуда эрта», деб гапини якунлади Эндрюс.
Музаффар Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)