Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

70 йилларнинг энг сара комедиялари қаторидан жой олган «Қора туфлидаги малласоч дароз» фильми 1972 йил француз режиссёри Ив Робер томонидан суратга олинган эди. Фильм бугунги кунгача разведка бошқармаси томонидан одамларнинг шахсий ҳаёти кузатувга олиниши керак эмаслиги ғояси билан ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. «Дарё» колумнисти Фаррух Адҳамжонов ҳақида фикрларини билдиради.

Кино ҳақида

«Қора туфлидаги малласоч дароз» кинокомедияси 1972 йил француз режиссёри Ив Робер томонидан суратга олинган бўлиб, унга ўткир-сюжетли сценарий Францис Вебер томонидан ёзилган. Фильм комедия жанрида ишланган бўлса-да, ўзи билан «ҳар бир инсон шахсий ҳаёт, махфийлик ва кузатишдан ҳоли бўлиш ҳуқуқига эга» қабилидаги хабарни олиб чиққан эди. Ушбу жиҳати туфайли фильм 1970 йилларнинг энг  яхши комедияларидан бири бўлибгина қолмай, фуқаролар давлат кузатувларидан ҳоли бўлиши ҳақидаги аҳамиятини ҳанузгача йўқотмади.

Фото: Google Photos

Фото: Google Photos

1974 йилга келиб эса унинг давоми – «Малласоч дарознинг қайтиши» фильми ҳам суратга олинди. Бош ролларни Пьер Ришар (Француа Перрен), Жан Рошфор (Луи Тулуз), Бернар Блиэ (Бернар Милан), Мирей Dark (Кристин), Пол Ле Персон (Перраш) ва бошқалар ижро этган эди.

Сюжет

Фильм француз контрразведка бошқармаси бошлиғи Луи Тулузга нисбатан унинг ёрдамчиси Бернар Милан томонидан уюштирилган ёлғон билан бошланади. Ушбу зиддиятдан Бернарнинг асосий мақсади полковник Луининг иш ўрнини эгаллаш эди. Бернардан шубҳаланган Луи уни сўроқ қилиш учун чақиради, лекин Бернар далилларнинг барчаси сохта эканини айтади. Луи ўз хонасида яширин эшитиш ускуналарини аниқлагач, ёрдамчиси Перрашни чақиради.

Бу ускуналар Бернар томонидан ўрнатилганини билгач, улар айёрона йўл тутади: эртаси куни соат 09:30 да Орли аэропортига профессионал жосус келиши ҳақида айтиб, бу гапларни эшитиб турган Бернарни алдайди. Жосуснинг мақсади Бернарга қарши ҳисобот тайёрлаш эканини айтишади. Аслида эса ҳеч қандай жосус йўқ бўлиб, бу шунчаки «аҳмоқ учун тузоқ» бўлиб чиқади. Перрешга эса аэропортдан исталган одамни танлаб, у билан кўришиш тайинланади. Перреш эса Мюнхендан учиб келган скрипкачи Француа Перренни танлайди.

Шу ондан бошлаб, Бернарнинг одамлари Француани кун-у тун кузатишни бошлайди. Улар Француанинг ўтмиши ҳақида барча маълумотларни тўплашади ва уйига яширин эшитиш мосламаларини ўрнатади. Одатий, лекин комедияга бой ҳаёт кечираётган Француадан сирларини билиш учун Кристин ёлланилади. У айғоқчилик давомида ҳеч нарса аниқлай олмайди, аммо Француани ёқтириб қолади. Бундан Бернар шубҳаланишни бошлаганида Луининг атайлаб айтган «бугун жосус ҳисобот топширади», деган гапини эшитади ва Француани ўлдиришга ўз одамларини жўнатади.

Фото: Google Photos

Фото: Google Photos

Бундай бўлишини кутган Луи Француанинг атрофидаги олдин ёлланган қўриқчиларни қайтаришни сўрайди, лекин Перраш бу скрипкачининг ҳаётига хавфли эканини билгач, бу ишни тескарисини бажаради. Шу сабаб Француанинг хонасида юз берган отишмада Луи ёллаган тансоқчилар ва Милан ўзининг одамлари билан ҳалок бўлади. Контрразведка бошқармасидаги жосусларнинг уддабуронлиги сабаб, Француа на бу ишлардан на ўлганлардан хабар топмайди. Француа Кристин билан бир-бирини севиб қолгани сабаб эса фильм сўнггида улар Рио-де-Жанейрога қочиб кетади. Фильм Франциянинг жиноят кодексидаги 9-модда – «ҳар бир инсон кузатувдан ҳоли бўлган шахсий ҳаётга эга бўлиш ҳуқуқига эга» бандлари билан якунига етади.

Таҳлил

«Қора туфлидаги малласоч дароз» фильми Ив Робертнинг муваффақиятли ишларидан бири бўлиб, 70 йилларнинг энг сара комедиялар қаторидан жой олди. Фильмни томоша қилиш давомида детектив кўринишдаги комедия вақт ўтган сари қизиқ бўлиб боради. Аэропортда Перрин Француани учратишидан то кино охиригача фильм позитив руҳда давом этади.

Фильмда бош қаҳрамонларнинг фамилиялари шаҳар номларига қиёсан аталгани ҳам бежизга эмас эди. Тулуз (Франция, Тулуза) ва Милан (Италия, Милан) француз ссенаристининг италян қўшниларига «алангали» саломи ҳисобланар эди.

Фото: Google Photos

Фото: Google Photos

Фильм ўзига хос иронияларга ҳам бой саналади. Комиссар Луи ёрдамчиси Бернарга шунчаки «дарс» ўтиб қўйишни истаган эди, бу «дарс» Бернарнинг ўлими билан якун топади. Бернар эса комиссар Луининг ўрнига келиш истаги ортидан ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, Кристин Француадан сирларни билиш учун ёлланган жосус якунда уни севиб қолади.

Фильмнинг асосий ғояси – разведка бошқармаси томонидан одамларнинг шахсий ҳаёти кузатувга олиниши керак эмаслигини кўрсатиш эди. Фильмнинг илк саҳналарида эса француз жосусининг АҚШда героинлар билан қўлга олинганини кўрасиз. Режиссёр бу саҳна билан аллегорик тарзда 1960–1970 йиллардаги АҚШ разведка бошқармаси фуқаролар устидан ўта кучли назорат ўрнатганини кўрсатди. Ҳар жойда кузатиш мосламаларининг бўлиши эркинликка қарши энг катта таҳдид деб билган фильм режиссёри якунга жиноят кодексидан мисол келтириш орқали бу хабарни томошабинларга муваффақиятли етказиб бера олди.

Ижодий гуруҳ фаолияти

Фильм яралишида ссенарист Францис Вебер ва режиссёр Ив Робертнинг ташаббуслари чексиз ҳисобланади. Улар ҳатто оркестр билан бўлган саҳнада дирижёр ва кузатувчи кўринишида эпизодик ролларни ҳам ижро этди. Пьер Ришарнинг беқиёс роли сабаб эса бош қаҳрамон Француанинг образи идеал тарзда яралди. Фильмда жуда ҳам кўплаб тарихий ва замонавий мусиқа асбоблари коллекцияси кўрсатилди. Уйларни тўлдириб турувчи бу максималистик услуб устида дизайнерлар ойлаб фаолият олиб борди.

Икки йилдан сўнг суратга олинган фильм давоми ҳақида Францис Вебер бундан асосий мақсад даромад эканини яшириб ўтирмади. 1985 йилга келиб эса ушбу фильм Голливуд томонидан қайта ишланди. Том Хенкс бош ролни ижро этган ушбу кино «Қизил туфлидаги киши» деб номланди.

Фото: Google Photos

Фото: Google Photos

Хулоса

«Қора туфлидаги малласоч дароз» фильми адаштирилган шахсият, жосуслик ва одамларни кузатувга олиш ҳақидаги классик кинокомедия ҳисобланади. Ундаги барча воқеалар тўқиб чиқарилган бўлса-да, ҳақиқатдан узоқлашмаган ҳолда ўша даврдаги ҳолатга танқид орқали қаради ва буни комедия ёрдамида кўрсатиб бера олди, кичик бўлиб кўринган можаролар даҳшатли тарзда якунланиши мумкинлигини ҳам намойиш қилди.

Фильмнинг асосий ғояси – одамларни эркинликларидан чекловчи кузатиш ишларини олиб боришга қарши чиқиш кераклиги ҳанузгача ўз актуаллигини йўқотмади, балки аксинча йилдан йилга ўз оммавийлигини ошириб бормоқда.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Аҳолининг валюта айирбошлашга йўналтирган пул маблағлари ҳажми 68 фоизга ўсди — Марказий банк
Маҳаллий
Самарқандда 2 киши овқатдан заҳарланиб вафот этди
Маҳаллий
Тошкентда автобуснинг юрган масофасига қараб тўлов қилиш тизими йўлга қўйилади