1853 йилнинг 2 июлида Россия Молдова ва Валахияни босиб олиб, олдинроқ эришилган халқаро келишувларни бузгани боис Усмонли салтанати, сўнг қатор Европа давлатлари унга қарши уруш эълон қилди. Шу тариқа тарихга «Қрим уруши» номи билан кирган қонли уруш бошланиб кетди. Қрим яримороли муаммоси ана шу йилларда кўтарилди, негаки, бу ҳудудга Россия, Усмонли салтанати ва ҳатто Европа давлатлари кўз тиккан эди.
Айнан мана шу Қрим уруши давомида 1853 йилнинг 30 ноябрь куни Қора денгиз бўйидаги Синоп шаҳри яқинида рус ҳамда усмонли флотлари ўртасида Синоп денгиз жанги бўлиб ўтди. 1995 йилдан бошлаб эса Россия 1 декабрни Синопдаги ғалаба куни сифатида нишонлаб келмоқда. «Дарё» сана муносабати билан мазкур жанг ҳақида ҳикоя қилади.
Флот таркиби ва жанг олди тайёргарликлар
Усмонлининг денгизчи пошоларидан бўлган Патрона Усман Пошо бошчилигидаги Усмонли флоти Қора денгиздаги ҳудудларини назорат қилиш мақсадида Истанбулдан денгизга чиқди. Усмонлининг Кавказдаги энг муҳим портлари Трабзон ва Батум портлари эди. Денгиз йўлларини қўриқлаш мақсадида Усмон Пошо Синопда бир флот ташкил этишга қарор қилди. Мазкур флот таркибида 7 та тезюрар фрегат, 3 та корвет, 2 та пароход, 2 та бриг ва 2 та ҳарбий транспорт бўлиб, унда жами 510 та тўп бор эди. Мазкур флотни қирғоқда жойлаштирилган 44 та тўпдан иборат батарея ҳимоя қилиб турар эди.Туркларнинг Синопда экани хабари Севастополдаги рус маъмурларига етиб борди. Аслида, рус кемалари Усмонли билан ҳарбий ҳаракатлардан олдинроқ турк флотининг ҳаракатларини кузатиш мақсадида шарқий Қора денгиз бўйлаб назорат тадбирларини амалга ошириш учун Павел Степанович Наҳимов бошчилигида эскадра Севастополдан денгизга чиқди. Мазкур флот таркибида 7 та турли русумдаги кема мавжуд эди. Кейинчалик, жанг олдидан яна 4 та кема келиб қўшилди.
Наҳимов портдан жўнаб кетган пайтда унга ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлардан тийилиш буюрилган эди. Бу пайтда Усмонли тарафдан ҳеч қандай ҳарбий хавф йўқ эди. Аммо воқеалар ривожи ўзгариб кетди. 26 октябрь куни узоқ кутилган хабар етиб келди. Қримдаги рус флоти бош қўмондони Меншиков Наҳимовга ҳарбий ҳаракатларни бошлашга буйруқ берди.
Жангнинг бориши
Император Николай I нинг уруш бошлаш ҳақидаги фармони ҳам айнан шу пайтда эълон қилинган эди. Ноябрь ойининг бошларида Наҳимов барча флотдагиларга ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўришни буюрди. Жанглар бошлангунча рус флоти анча кучланиб, тўпларининг сонини 720 тадан орттирди. Шу тариқа рақибдан устунликка эришди.Турк флотининг очиқ денгизда инглиз ва француз кемалари ёрдамида кучланишини ҳисобга олиб, Наҳимов уларни ўзлари турган жойда, очиқ денгизга чиқмасларидан олдин янчиб ташлашга қарор қилди. У Синоп ҳавзасига кемалар юбориб, рақиб кучларига қарши яқин масофадан ҳужумлар қилишни режалаштирди. Жангдан бир кун олдин у барчани тўплаб, ҳужум режаларини келишиб олди.
Жанг 30 ноябрь куни соат 12:30 да бошланди ва 17:00 гача давом этди. Синоп ҳавзасига кирган рус флотига қарши турклар тўплардан ўқ узди. Бунга жавобан руслар фақатгина ўзларига қулай позицияларни эгаллаб олганларидан кейингина жавоб қайтарди. Шунда уларнинг устунлиги намоён бўлди. Рус адмирали Наҳимов бўлган «Императрица Мария» кемасига қарши, Усмонли адмирали Усмон Пошо бўлган «Авнуллоҳ» кемаси ҳужумга ўтди. Икки кема ўртасидаги жанг ярим соат давом этди.
Турк кемаси бузғунга учраб, қирғоққа қараб кетишга мажбур бўлди. Шу тариқа турк флоти қўмондонсиз қолди. Қалъа тўпчилари ҳам русларнинг кутилмаган ҳужумига тайёр эмас эди ва бу охир оқибат уларнинг фойдасига ишлади. Тўплар кемалар учун энг хавфли эди ва турк қўмондонлиги эса уларга ишонган эди.
Усмонли флотининг барча кемалари бирин-кетин мағлуб этилди ва ундаги аскарлар сувга ғарқ бўлди. Фақатгина «Тоиф» пароходидан бошқа барча 15 та кема руслар томонидан йўқ қилинди. «Тоиф» эса уч кундан кейин мағлубият ҳақидаги хабарни Истанбулга етказди. Баъзи манбаларда султон Абдулмажидхон «Тоиф»нинг мазкур ҳаракатидан ранжигани ва қочиб келиш ўрнига қолганлар каби жанг қилиб ҳалок бўлгани яхши экан ини айтгани ривоят этилади. Руслар томонидан 37 аскар ҳалок бўлди, 200 дан ошиғи жароҳатланди. Туркларда эса йўқотиш катта бўлди. Жангда қатнашган 4 500 аскардан тўрт мингга яқини ҳалок бўлгани айтилади. 200 га яқин усмонли аскари, жумладан, адмирал Усмон Пошо ҳам асир олинди. Жанг натижасида Усмонли флоти анча заифлашиб қолди ва унинг Кавказдаги режаларига жиддий путур етди.
Жанг натижалари
Ушбу жанг тарихда елканли кемалар қатнашган энг сўнгги денгиз жанги бўлиб қолди. Шундан кейин бундай кемалар ўрнини буғда юрадиган кемалар эгаллай бошлади. Гувоҳлар жангдаги кучлар ўртасидаги тенгсизликни адолатсизлик деб ҳисоблади. Улар шунингдек, рус аскарларининг марҳаматсизлигини ҳам алоҳида қайд этди. Жанг «Синоп қатлиоми» деб ҳам номланди.Европа жамоатчилиги бу воқеага катта эътибор қаратди ва руслар танқид қилина бошлади. Натижада, жангдан сўнг инглиз ва француз кемалари Қора денгизга кирди ва Қрим урушига қўшилди. Австрия империяси босими остида руслар тинчлик сулҳига мажбур бўлди ҳамда 1856 йил 30 мартда Париж конференцияси ташкил этилди ва бу Қрим урушига якун ясади.
Хотираларда
Синопда жангда қатнашган аскарлар олдидан чиққан пулларга «Шаҳидлар чашмаси» ёдгорлиги барпо этилди. 1952 йил Синопдаги ғалабанинг 100 йиллиги муносабати билан Санкт Петербургнинг Калашников қирғоғи Синоп қирғоғи деб ўзгартирилди. 1995 йил март ойида Россия Федерациясида 1 декабрни Синопдаги турк эскадраси устидан қозонилган ғалаба куни сифатида нишонлаш жорий қилинди.Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)