Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистонда вакцина ишлаб чиқариш майдони ва халқаро стандартларга жавоб берадиган синов лабораторияси ташкил этилади. Бу Президентнинг «Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган, деб хабар берди «Ўзбекистон 24» телеканали.

Ҳужжатга мувофиқ 2020—2024 йилларга мўлжалланган тегишли дастур, шунингдек, биотехнологиялар соҳасида устувор илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш дастури тасдиқланган.

«Биз бу йўналишда яхши илмий-техник имкониятга эгамиз, биотехнологиялар соҳасида илмий тадқиқотлар билан шуғулланаётган институтлар, ОТМлар мавжуд. Бироқ, афсуски, бизда бу соҳада саноат корхоналари йўқлиги сабабли бу тадқиқотларни ишлаб чиқариш ва тижоратлаштириш деярли имконсиз», — дея таъкидлаган инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулова.

Қарорга асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Биологик хавфсизлик бўйича кенгаш тузилади. Кенгаш мазкур соҳада ягона давлат сиёсатини олиб боради, тавсиялар ва таклифлар беради, шунингдек, биотехнологиялар соҳасидаги барча идоравий тузилмаларнинг ҳамкорлигини таъминлайди.

«Президент хавфсизликнинг учинчи даражасидаги замонавий лаборатория яратиш бўйича топшириқ берди. У ерда илмий ходимлар вакциналарнинг янги турларини яратиши, вирусларнинг янги штаммлари устида ишлаши мумкин бўлади», — дея маълум қилди Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев.

Телеканал репортажида маълум қилинишича, вакциналар ишлаб чиқариш бўйича майдоннинг яратилиши тахминан 53 миллион долларга, лабораторияни ташкил этиш эса 8 миллион долларга тушиши мумкин. Ишлаб чиқариш майдонини ишга тушириш бўйича лойиҳанинг амалга оширилиши яқин вақт ичида бошланиши кутилмоқда. Хавфсизликнинг BCL 3 даражасига мос келадиган синов лабораторияси Tashkent Pharma Park фармацевтика кластери ҳудудида ташкил этилади.

«Мазкур лойиҳа амалга оширилганидан кейин биз аҳоли учун зарур бўлган вакциналарни ишлаб чиқара оламиз, ҳатто, айтиш мумкинки, коронавирусга қарши вакцинани ҳам», — дея тушунтириш берди агентлик раҳбари.

Қарорга кўра, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги илғор технологиялар марказида фудомикс-лаборатория (Копенгаген университети билан ҳамкорликда), ҳужайра технологиялари илмий лабораторияси, шунингдек, биотехнологиялар, биология, биотиббиёт ва кимё соҳаларидаги катта маълумотларни таҳлил қилиш бўйича Big Data миллий лабораторияси ташкил этилади.

Фанлар академиясининг Микробиология институтида фитовирусология илмий лабораторияси ташкил этилади. Шунингдек, Тошкент вакцина ва зардоб илмий-тадқиқот институтининг фаолиятини такомиллаштириш ҳам режалаштирилмоқда.

2020 йил 1 декабрдан биотехнологиялар соҳасида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун рағбатлантириш механизмлари кучга киради. Хусусан, тижорат банклари кредитларининг 50 фоизигача бўлган қисми учун кафиллик, 3 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри инвестиция йўналтирган хорижий илмий ташкилотларга эса 10 миллиард сўмгача мақсадли грантлар тақдим этилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Биохавфсизлик бўйича Картахен протоколига ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенцияга қўшилиши доирасида таркибида гени ўзгартирилган организмлар, пестицидлар, озуқа қўшимчалари ва бўёқлар бўлган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини маркировка қилишни босқичма-босқич жорий этиш бўйича механизм ишлаб чиқилади.

Аввалроқ Илғор технологиялар маркази олимлари томонидан ишлаб чиқилган COVID-19 касаллигини аниқловчи тест системасини марказнинг стартапларидан бири бўлган «Биотест-Лаб» МЧЖ томонидан оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, стартап ҳар ҳафта 100 мингтагача тест-системаси ишлаб чиқариш қувватига эга эканлиги ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 17 апрель куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери қурилиши бошланганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Қозоғистон пойтахтида намойишлар бўлиб ўтмоқда (видео)
Маҳаллий
Қорақалпоғистонда ЙПХ ходими радар ўрнатилган машинасида таксичилик қилгани айтилмоқда (видео)
Спорт
Искандаров — энг яхши футболчи, Кападзе — энг яхши мураббий. Ўзбек футболида 2022 йилнинг энг яхшилари аниқланган маросимдан фоторепортаж