Ўзбекистонда электр энергияси ва газ етишмовчилиги борасида ижтимоий тармоқларда эътирозлар ва ОАВларга мурожаатлар кўпайди. Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев «Kun.uz»га берган интервьюсида мавжуд вазиятга ўз муносабатини билдирди.

Фото: «Дарё»

«Биз ҳам шу юртнинг фарзандимиз, ҳамма гаплардан хабардормиз, наҳотки бундай мурожаатлардан бехабар бўлсак?» — деган у бундай мурожаатлар ўрганиляптими, зарур чоралар кўриляптими деган саволга жавобан.

Унинг айтишича, бир неча йиллар олдин вазият бундан-да оғир бўлган, лекин одамларда ҳозиргидек мурожаат қилишнинг кенг имкониятлари бўлмаган. Яъни мурожаатларнинг кўплиги муаммонинг кескин кўпайганини англатмайди, истеъмолчиларнинг бу борадаги ҳуқуқий онги ўсаётганидан далолат.

«Бу жавобим ҳам етишмовчиликларни оқламайди, шунчаки мавжуд вазиятни тушунтиряпман. Кўпчилик бизни кабинетдан чиқмасликда, мавжуд вазиятни билмасликда айблайди. Ҳолбуки асосий вақтимиз жойларда, ишлаб чиқариш объектларида ўтади», — дейди Шерзод Хўжаев

«Электр энергияси шундай маҳсулотки, уни сақлаб бўлмайди. Ишлаб чиқарилдими, дарҳол истеъмол қилиниши керак. Яъни биз уни қаердадир яшириб сақлаб қўя олмаймиз. Жайдари тил билан айтганда, «свет» ўчганда кўпчилик ҳудудий электр тармоқлари операторини сўкади. Аммо уларда айб йўқ, аслида йўқ нарсани улар топиб бера олишмайди. Совуқ кунларда истеъмол каррасига ошади, бизнинг аксарият уйларимиз, биноларимизда иситиш қолоқ даражада. Ҳамма электр иситкичларни ёқади, юклама кескин ортади. Бу эса тизимнинг дош бера олмаслигига олиб келади», — деб таъкидлаган энергетика вазири ўринбосари.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги матбуот хизмати 2020 йилда электр энергиясидаги узилишлар сони ва давомийлиги 2019 йилга нисбатан икки баравар камайганини маълум қилганди. Вазирлик 2020—2021 йиллар куз-қиш мавсумида Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида газ ҳамда электр таъминоти ҳажми оширилишини билдирган.

Ўзбекистонда кузатилаётган электр таъминотидаги узилишларга Энергетика вазирлиги энергия истеъмоли ортганини сабаб қилиб кўрсатган.

Вазирлик ўтган йили ҳам электр энергияси тизимидаги узилишлар ва носозликлар сабаблари борасида шу каби изоҳ берганди. «Электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолмоқда. Бунда катта аварияларнинг ва бутун мамлакатда ҳамма истеъмолчиларнинг электрсиз қолишининг олдини олиш учун электр энергияси таъминотида узилишилар қилишга тўғри келади», — деган эди вазирлик.

2019 йилнинг ноябрь ойида бош вазир Абдулла Арипов газ ва электр энергиясининг узилиши билан боғлиқ вазиятни шармандали ҳолат деб атаган, газ ва электр энергия етказиб берувчилар ўз ишларига масъулият билан қарашмаётганини таъкидлаганди.