Қуёш системасининг катта ва кичик сайёралари турли орбиталар бўйлаб ва ҳар хил тезликда ҳаракатланади. Шу сабабли ҳам уларнинг Ерга нисбатан жойлашуви доимо ўзгариб туради. Масалан, Меркурий ва Венера йилнинг айрим ойларида тонг саҳарга яқин, шарқ тарафда кўринса, бошқа пайт шомдан сўнг, ғарбдан кўринади.

Яна айрим сайёралар эса Ернинг уларга нисбатан Қуёш ортидан ёки олдидан турганига қараб ҳам, шунингдек, Ернинг орбитал тезлигига боғлиқ омилларга кўра ҳам осмоннинг турли қисмларидан кўриниши мумкин. Лекин Қуёш системасида муайян даврийликда шундай қизиқ ҳолат такрорланиб турадики, унда сайёраларнинг ҳаммаси (ёки аксарияти) бир чизиққа терилиб, «парад» ўтказади. «Дарё» коинотнинг яна ушбу ажойиботи ҳақида маълумот беради.

Фото: Google Photos

Сайёраларнинг Қуёш атрофида айланиш ҳаракати тезлиги ҳар хил ва сайёра Қуёшга қанча яқин жойлашган бўлса, у шунча тез айланади. Масалан, Меркурий Қуёшни атиги 88 ер суткасида айланиб чиқиб бўлади; Ер эса бунга 365 кун сарфлайди. Юпитер эса 12 йилга яқин муддатда бир бора Қуёшни айланиб ўтади. Нептунга эса бунинг учун нақ 165 йил кетади! Шу каби хилма-хиллик сабабли Қуёш тизимида «парад» юзага келиши жуда-жуда фавқулодда ноёб ҳодиса саналади. Сайёраларнинг бу тарзда парадга тизилиши, одатда, 130–200 йилда бир маротаба рўй беради ва эрамиз бошидан буён атиги 10 маротаба содир бўлган холос.

Шундай парадлар орасида ёзма манбаларда қайд этилгани энг дастлабкиларидан бири 768 йилнинг 17 ноябрь санасида содир бўлган эди. Орадан ўтган 1252 йилдан буён эса бундай парадлардан энг охиргиси 1982 йилда юз берди. Ўшанда, барча сайёралар – Меркурий, Венера, Ер, Марс, Юпитер, Сатурн, Уран, Нептун ва ўша пайтда ҳали сайёра деб ҳисобланган Плутон ҳам ўзаро энг катта фарқ 95 даража бўлган бир йўналишда тизилиб, катта парад «уюштирган» эди. Кейинги шундай парад эса 2161 йилда кутилмоқда.

Юқорида бежизга «катта парад» демадик. Сабаби, Қуёш тизимидаги барча сайёралар бир чизиққа тизилади. Лекин матбуотни, илмий-оммабоп нашрларни кузатиб борадиганлар, яқин орада кутилаётган ёки бўлиб ўтган сайёралар паради ҳақидаги хабарларга тез-тез дуч келганини эслаган бўлса керак. Матбуотда бу ҳақида тез-тез ёзиб турилади. Бундай тез-тез такрорланадиган парадларда эса ҳамма сайёралар ҳам иштирок этмайди, балки уларнинг айримлари қатнашади холос.

Фото: Google Photos

Кичик парад иштирокчилари, одатда, Меркурий, Венера, Марс ва Юпитердан иборат бўлади. Бундай «кичик» парадлар 18–20 йилда такрорланаверади ва шу сабабли ҳам бу ҳақида анчайин кўп ёритилади. Кичик парадлардан охирги иккитаси 2002 йил ва 2011 йилларда содир бўлган эди. 2022 йилнинг мартида ҳам шундай кичик парад бўлиши кутилмоқда ва унда бешта сайёра қатнашади. Ҳисоб-китобларга кўра, ўшанда сайёралар 38 даража фарқ билан сафга тизилади.

Турли ирим-сиримлар ва ваҳима гапларга ишонувчан одамларнинг бу борадаги содда қарашларидан фойдаланиб, авваллари мунажжимлар шу каби парадлар асосида турли толеномалар тузган ва содда кишиларни шу билан авраган. Таъкидлаш жоизки, бу каби псевдо-фан ва унинг намояндалари ҳозирда ҳам содда одамларни сайёралар парадининг инсон тақдирига таъсири борлигига ишонтиришга уриниб, лақма одамларни алдашга уринади. Лекин сайёраларнинг бир чизиққа терилишидан одамнинг толе ва тақдирига заррача таъсир йўқ, ҳатто сайёраларнинг бундайин тартибланишидан айтарли гравитацион таъсирлар ҳам юзага келмайди.

Шунга қарамай, сайёралар парадини умуман фойдасиз ҳодиса ҳам дейиш нотўғри бўлади. 1970 йилларда, ҳали сайёраларга космик аппаратлар учириш энди-энди бошланаётган пайтда, космик аппаратни учириш харажатларини тежаш ва вақтдан ютиш мақсадида, ташқи сайёралар – Сатурн, Юпитер, Уран ва Нептуннинг парадга тизилган вақтини пойлаб ҳаракат қилинар эди.

Шунга кўра, ушбу газ гигантлари осмонни маълум қисмида, бир йўналишда бўлган пайт улар томон аппарат учирилса, бирваракайига уларнинг ҳаммасига ташриф буюриш ва кўпроқ маълумот олиш имкони юзага келган эди. 1977 йилда учирилган «Voyager» аппаратларнинг траекторияси айнан шу ҳисоб билан белгиланган эди ва ушбу лойиҳа сайёраларнинг қулай тарзда бир тарафга тизилганидан фойдаланиб, ҳақиқатан ҳам вақтдан ютишга ва кўпроқ гравитацион манёврлар қилишга муваффақ бўлди.

Музаффар Қосимов тайёрлади.