Ўзбекистонда 16 ноябрь куни коронавирус инфекцияси оқибатида расман бирор киши вафот этмади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик матбуот хизмати томонидан берилган коронавирус билан боғлиқ кунлик ахборотга кўра, 16 ноябрь куни Ўзбекистонда 201 ҳолатда коронавирус аниқланган (бу 23 июндан бери (ўшанда ҳам 201 ҳолат аниқланган) қайд этилган энг паст касалланиш кўрсаткичи; касалланиш кўрсаткичи 10 ноябрдан буён муттасил пасайиб келмоқда).

Худди шу куни 208 нафар бемор коронавирусдан соғайиб, уйига кузатилган; айни вақтда кун давомида бирор бемор коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этмаган. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда 3 июлдан буён (136 кундан бери) ҳар куни (узлуксиз) коронавирус инфекцияси оқибатида камида бир киши вафот этаётгани ССВ томонидан эълон қилинаётганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, 16 ноябрь ҳолатига кўра Ўзбекистонда 598 киши коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган (лекин вазирлик рўйхатидагиларнинг камида бир нафари Ўзбекистонда вафот этмаган), айни вақтда, «Дарё» нашри 22 сентябрга қадар юритган статистикага кўра, қурбонлар сони камида 19 нафарга кўп (шу муносабат билан қурбонлар сони 7 ноябрь куни 600 кишидан ошган, дейиш мумкин).

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 15 ноябрь куни расман 70 минг кишидан ошди. ССВ маълумотларига кўра, 16 ноябрь ҳолатига кўра мамлакатда 70 444 та касалланиш ҳолати қайд этилган (ҳозиргача уларнинг 67 734 нафари (96 фоизи) касалликдан соғайган). Бироқ касалланганлар сони аслида бундан камида икки-уч баробар кўп бўлиши мумкин. Буни, жумладан, ССВ ҳузуридаги штаб аъзолари ҳам таъкидлаб, тан олган.