Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Наманган вилояти Наманган шаҳрида тунда дўкондан чиққан қизга гап отган йигитларни ёғоч бита билан урган эркакка нисбатан жиноий иш очилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти ахборот хизмати

Фото: ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти ахборот хизмати

Қайд этилишича, воқеа 2020 йилнинг 3 ноябрь куни соат 01:00 да 40 ёшли О.М. Наманган шаҳар 5-кичик туманда жойлашган дўконда савдо қилаётганида, дўкондан харид қилиб ташқарига чиққан 25 ёшли С.А.га (аёл) гап отган йигитлар билан жанжаллашган. О.М. Matiz’дан туриб С.А.га тегажоғлик қилган Ж.У., М.Т. ва Ю.С.ни дўконда бўлган ёғоч бита билан қўрқитган ва Ю.С.нинг бош қисмига уриб, унга тан жароҳати етказган.

Дастлабки тиббий маълумотномада жабрланувчида бош мия очиқ шикасти, бош миянинг оғир даражали лат ейиши, бош мия чап ярим шарлари ўткир эпидурал гематомаси ҳисобига эзилиши ва бошқа жароҳатлар борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан О.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «е» банди (безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, у жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади департамент ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Наманганда икки эркакни дўппослаган Гулсанам Алижоновага нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилгани, кейинчалик иши тугатилгани ҳақида хабарлар берилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар