Тунда тановул қилиш ташқи кўриниш ва уйқу учун зарарли деган тушунча бор ва бу қайсидир маънода тўғри. Чунки уйқудан аввалги оғир таом ёки егуликлар моддалар алмашинувини ёмонлаштириши, ошқозонни ишдан чиқариши, шунингдек, организмни дам олмасдан зўриқиб ишлашига олиб келиши мумкин. Аслида эса қандай маҳсулотларни истеъмол қилиш мумкинлигини билса, қорин очганида бориб музлаткични титкилашнинг ёмон тарафи йўқ.
Банан
Банан мушакларни бўшаштиришга ёрдам берадиган калий ва магний, шунингдек, тез уйқуга кетиш учун самарали ҳисобланган аминокислоталарни ўз ичига олади. Аммо ушбу меванинг калорияга бой эканини ҳисобга олган ҳолда истеъмол қилишда меъёрга амал қилиш, 100 граммдан кўп емаслик керак.
Йогурт
Турли қўшимчалар қўшилмаган табиий йогурт истеъмоли кишининг қомати ва уйқусига ижобий таъсир кўрсатади. У оқсил ва пробиотикларга бой бўлади, шакар эса аксинча кам бўлади. Оқсиллар узоқ вақт тўқ тутади, пробиотиклар эса ошқозон фаолияти ҳамда уйқу яхши бўлишини таъминлайди.
Олча Тадқиқотларда аниқланишича, олча уйқу гормони – мелатонин ишлаб чиқарилишини яхшилайди ва шу сабаб ҳам унинг истеъмолидан кейин инсон тиниқиб ухлайди. Бундан ташқари, ушбу мева яллиғланишга қарши таъсир кўрсатиш хусусиятига ҳам эга бўлибгина қолмай, юрак касалликлари ва артритнинг олдини олади. Бир порция олча (ёки олчали шарбат) 140 ккал бўлади ва уни тунда истеъмол қилиш организмга ҳеч қандай зарар кўрсатмайди.
Киви
Икки дона кивида 93 ккал, 5 грамм клетчатка ва суткалик меъёр ҳисобланган 190 фоиз C витамини бўлади. Қолаверса, ушбу мазали мева кишининг тинчланиши ва ўзини яхши ҳис қилишига ҳисса қўшадиган ҳамда углеводларга бўлган мойилликни камайтирадиган сератониннинг кони ҳисобланади.
Хандон писта
Хандон писта бошқалардан мелатонинга бой экани билан ажралиб туради. Унинг 28 граммида 6,5 грамм мелатонин бўлади. Таққослаш учун: ухлашнинг осон бўлиши учун одатда 0,5-5 мг тавсия қилинади. Шунингдек 28 грамми 160 ккал бўлади.
Оқсилли коктейл
Оқсил тунда мушаклар тикланишига ёрдам беради. Мазали ва фойдали коктейл тайёрлаш учун 240 мл ёғсиз сутга ананас ёки бошқа фойдали мевалар қўшиш керак. Сутда тез ва тиниқиб ухлашга ёрдам берадиган триптофан ва мелатонин мўл бўлади.
Тўлиқ донли ундан тайёрланган крекер ва пишлоқ
Ушбу мазали егуликни озишни истаётганлар ҳам тунда истеъмол қилиши мумкин. Оқсил ва углеводларга бой экани, шунингдек, қондаги қанд миқдорини меъёрлаштириши билан айни муддао саналади. Углеводларга бой крекерлар пишлоқ таркибидаги трептофанни мияга яхшилаб кириб боришига ёрдам беради. 4 дона крекер ва 1 бўлак пишлоқдан иборат порция 150 ккал бўлади.