Франция яқин кунларда Европа Иттифоқи чегараларида хавфсизликни таъминлаш учун Шенген ҳудудини ислоҳ қилиш бўйича таклифларни тақдим этади, деди мамлакат президенти Эммануэль Макрон. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
«Биз Шенген ҳудудини ислоҳ қилишимиз керак. Аввало, Европа Иттифоқининг ташқи чегараларида хавфсизликни кучайтириш учун», — деди Макрон.
Унинг қўшимча қилишича, яқин кунларда Париж Шенген ҳудудини ислоҳ қилиш бўйича таклиф билан чиқади ва уни бошқа Европа Иттифоқи давлатларига тақдим этади.
Макроннинг сўзларига кўра, Шенген ҳудудини бошқаришни такомиллаштириш керак, чунки ҳозирги пайтда унда чегарадаги долзарб масалаларни, шу жумладан, миграция ва ички хавфсизлик масалаларини тартибга солиш бўйича доимий сиёсий кузатув мавжуд эмас.
«Шенген каби эркин ҳаракатланиш ҳудуди Европа қурилишининг асосий ютуғидир. Аммо бу ташқи чегараларимиз муҳофазаси ва хавфсизлиги ваъдаси эвазига ички чегараларсиз эркин ҳаракатланиш ваъдасига асосланган эди. Ушбу иккинчи ваъда етарлича бажарилмаяпти. Жамоатчилик фикри, террорчиларга қарши тураётган давлатлар, агар Шенген минтақасини чуқур ислоҳ қилмасак, улар чегараларимизни очиқ сақлаш масаласида узоқ вақт давомида келиша олмайдилар. Биз буни баҳорда пандемия шароитида кўрдик, бугун буни терроризм билан боғлиқ вазиятда кўриб турибмиз», — дея қайд этган Макрон.
Шу муносабат билан Франция президенти «ички хавфсизлик кенгашига ўхшаш бир нарса» яратишни таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, Шенген ҳудудини ислоҳ қилиш бир вақтнинг ўзида эркинлик ва хавфсизликни таъминлашни ўз ичига олади.
«Биз Шенген ҳудудини ислоҳ қилишимиз керак, шунда у хавфсизлик ҳудуди бўлади. Бу Европа Иттифоқининг ташқи чегараларини мустаҳкамлаш, Шенген механизми фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан, ўз мажбуриятларини бажармаганларга қарши санкциялар, биз ушбу макон бошқарувини янгилашимиз керак», — дея қўшимча қилди Макрон.
Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляеннинг айтишича, Еврокомиссия декабрь ойининг бошларида Европада терроризмга қарши курашнинг янгиланган дастурини тақдим этади. Фаолият йўналишлари қаторида у терроризмнинг олдини олиш ва Европа Иттифоқининг ташқи чегараларини ҳимоя қилишни таъкидлади.