2000 йилги АҚШдаги президентлик сайловларида Жорж Буш ғалаба қозонди. Яқин кунларда Америкада бўлиб ўтган сайлов жараёнлари ва уларнинг акс-садосида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар бизни Америка президентлик сайловлари тарихига назар ташлашга ундади. «Дарё» 43-Америка президенти Кичик Жорж Буш ҳақида ҳикоя қилади.
Кичик Жорж Бушнинг ҳаёти
Кўпчиликка Кичик Буш номи билан маълум Жорж Уолкер Буш 1946 йил 6 июлда Коннектикут штатининг Нью-Ҳейвен шаҳрида истеъфодаги денгиз учувчиси Жорж Герберт Уокер Буш ва Барбара Бушлар оиласида дунёга келди. Унинг бобоси Прескотт Шельдон Буш 1952 йилдан 1963 йилгача Коннектикутдан сенатор бўлган эди.Кичик Бушнинг болалиги Мидленд шаҳрида ўтди. У 7-синфни тугатганида Бушлар оиласи Хьюстонга кўчиб кетди. 1968 йилда Жорж Буш Йел университетида тарих бўйича бакалавр даражасини олди. 1968–1973 йилларда бўлажак президент Миллий гвардияда хизмат қилди.
Буш 1973–1975 йилларда Гарвард бизнес мактабида таҳсил олди. Кейин Мидлендга қайтиб келиб, бу ерда 1986 йилгача нефть саноати соҳасида ишлади. Кичик Жорж Буш бир неча марта отасининг (АҚШнинг 41-президенти Катта Жорж Буш) сайлов кампанияларида унинг маслаҳатчиси бўлиб фаол иштирок этди. 1977 йилда АҚШ Вакиллар палатасига сайланди.
Губернатор Буш
У 1994 йил 8 ноябрда 53,5 фоиз овоз билан Техаснинг 46-губернатори бўлди. Ушбу лавозимда у «мўътадил консерватизм» (яъни ижтимоий дастурларни тўлиқ рад этмаслик) позициясида туриб, мухолифат билан қандай ишлашни биладиган ишбилармон сиёсатчи сифатида обрў-эътибор қозонди. Буш 1998 йил 3 ноябрда рекорд даражадаги овозлар сони билан қайта губернатор этиб сайланди ва Техас штатининг иккинчи муддатга сайланган биринчи губернаторига айланди.Бушнинг президент сифатида сайланиши
1999 йилда у АҚШ президентлигига ўз номзодини қўйишга қарор қилди. 2000 йил 7 ноябрда бўлиб ўтган мамлакат тарихидаги энг мунозарали президентлик сайловларидан бирида ҳисоблаш, қайта санаш ва беш ҳафталик суд жараёнларидан сўнг Кичик Жорж Буш Қўшма Штатлар тарихида (Жон Адамсдан кейин) бу лавозимни отасидан кейин эгаллаган иккинчи президент бўлди.2001 йил 20 январдаги ўзининг очилиш нутқида Буш ижтимоий хавфсизлик ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга ва солиқ юкини камайтиришга ваъда берди. Буш ҳукумати таркибига социал-демократлардан қаттиққўл консерваторларга қадар турли йўналиш ва қарашларга эга сиёсатчилар кирди.
2001 йил февраль ойида президент федерал бюджет ҳисоботини тақдим этди (1,96 триллион доллар) ва солиқларни камайтириш, таълим ва ҳарбий соҳага ажратиладиган харажатларни кўпайтиришини эълон қилди. Ушбу давр АҚШ иқтисодиётидаги пасайишнинг дастлабки белгилари намоён бўлган давр эди. Танқидларга қарамай, 2001 йил июнь ойида Конгресс солиқларни қисқартириш дастурини қабул қилди (1,35 триллион долларга).
Апрель ойида маъмурият ХХРга разведка самолётини қўндиришга мажбур бўлган учувчиларни озод қилиш бўйича Хитой билан жиддий музокаралар олиб бориши керак эди. Худди шу йил охирида АҚШда биотерроризм кенг тарқалди. 2001 йилда Жорж Буш ракета ҳужумига қарши миллий мудофаа тизими барпо этилишини эълон қилди. Буш, шунингдек, илдиз ҳужайралари соҳасидаги тадқиқот лойиҳаларни музлатиб қўйди. Кеч аборт қилишни тақиқловчи қонунни имзолади.
Унинг президентлиги даврида Қўшма Штатларда терроризмга қарши курашиш учун терроризмда гумон қилинган шахсларга нисбатан чоралар қўллашда деярли чексиз ҳуқуқларга эга бўлган Миллий хавфсизлик вазирлиги ташкил этилди. 2001 йил декабрда Қўшма Штатлар «Баллистик ракетага қарши шартнома»дан чиқишини эълон қилди. Россия билан муносабатларнинг кескин равишда ёмонлашуви шароитида Буш 2001 йилда Россия президенти Путин билан бир неча учрашувлар ўтказди.
Жорж Бушнинг биринчи президентлик (2004 йилда у қайта сайланган) даврида АҚШ иқтисодиёти муваффақиятли ривожланди. Мамлакат ЯИМ барқарор ўсиб борди: 2001 йилда 1,0 фоиз, 2002 йилда 1,8 фоиз, 2003 йилда 2,8 фоиз, 2004 йилда 3,8 фоизга ўсди. Инфляциянинг паст даражаси сақланиб қолди – 2002 йилда 1,6 фоиз, 2003 йилда 2,3 фоиз. 2003 йилда Қўшма Штатларда меҳнатга лаёқатли ишсиз қатлам мамлакат аҳолисининг олти фоизини ташкил этган эди (2004 йилга келиб бу кўрсаткич 5,5 фоизни ташкил қилди).
2002 йилда Кичик Жорж Бушнинг президентлиги даврида Қўшма Штатлар Солт-Лейк-Сити шаҳрида бўлиб ўтган XIX қишки Олимпия ўйинларига мезбонлик қилди.
Президент хавфсизлик хизмати
Барча халқаро саёҳатларда Бушга сиёсий ёрдамчилар ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиларидан ташқари 250 махфий хизмат агенти, 15 полициячи, 20 зирҳли машинадан иборат икки карвон, шу жумладан, президент лимузини, Sikorsky Sea King ва Black Hawk вертолётлари ҳамроҳлик қилган эди.Шахсий ҳаёти
1977 йилда Буш собиқ ўқитувчи ва кутубхоначи Лаура Уэлчга уйланди. 1981 йил 25 ноябрда эр-хотин Барбара ва Женна исмли эгизак қизли бўлди.Бушга эътироф
2005 йилда Тбилисидаги Меланская кўчаси АҚШ президентининг Грузияга ташрифи муносабати билан Буш кўчаси деб ўзгартирилди. Албанияда 2007 йилда Жорж Буш шарафига бир қатор почта маркалари чиқарилди.Дилбар Исматуллаева тайёрлади.
Изоҳ (0)