Таниқли актриса нафақат ўз ватанида, балки бутун дунё бўйлаб машҳурликка эришган юлдузлардан биридир. Актриса кино оламидаги даражасидан ташқари дунё гўзали, маҳоратли раққоса, меҳрибон она бўлиш билан бирга, хайрия ишларида ҳам мунтазам равишда иштирок этиб келади. 1973 йил 1 ноябрь санасида таваллуд топган актриса куни кеча 47 ёшини нишонлади.

Фото: Таtler

Омадли чипта

Айшвария Рай ҳеч қандай муболағасиз Болливуднинг ғарбдаги энг таниқли вакилларидан бирига айланди. Шунингдек, унинг ҳаёти умуман бошқа йўсинда кетиши ҳам мумкин эди. Аксарият актёрлардан фарқли ўлароқ унинг сулоласида бирорта ҳам таниқли инсон бўлмаган ва кино санъатига тасодифан кириб келган. Бўлажак юлдуз Ҳиндистоннинг Карнатака штатидаги Мангалор шаҳрида ҳарбий офицер оиласида дунёга келган. Айшвария Бомбей, ҳозирги Мумбай шаҳрида таҳсил олган. Мактабдаги билимларни яхши ўзлаштирган Айшвария архитектор бўлишга қарор қилган ва Рачана Сансад коллежи имтиҳонини муваффақиятли топширган. Эҳтимол, бўш вақтида сураткашлик билан шуғулланувчи ўқитувчиларидан бири унга ўзини модель сифатида синаб кўришини таклиф қилмаганида унга бундай ажойиб ҳаёт насиб этмасмиди?! Шундай қилиб Айшвариянинг ҳаётида кескин бурилиш юз берди.

Фото: Таtler

Айшвария ютуқлар сари олға қадам ташлашни бошлади. 1991 йил Ford компанияси томонидан ташкил этилган моделлар танловида ғолиб бўлди, бу эса унинг суратлари Vogue журнали саҳифаларидан жой олишига сабаб бўлди. 1993 йилда Рай Амир Хон ва Махима Чаудхари билан биргаликда Pepsi рекламасида иштирок этди. Ушбу роликдан Айшвария атиги иккита жумла айтган бўлса-да, реклама уларни машҳурлик томон етаклади.

Фото: Таtler

Бироқ Айшварияни келажакда кутиб турган омади олдида буни ютуқ деб ҳисобламаса ҳам бўлади. Юлдуз моделлик соҳасида ўзини намоён қилиб, гўзаллик танловларида омадини синаб кўришга қарор қилди. 1994 йил «Ҳиндистон гўзали»да Сушмита Сенга ютқазиб, иккинчи ўринни эгаллади. Шундан сўнг Сен Филиппинга, Айшвария эса «Дунё гўзали» танлови учун Жанубий Африкага жўнаб кетди ва икки гўзал ҳам ўз юртига ғолиблик тожи билан қайтди.

Болливуд ва Канн

Айшвария Рай «Дунё гўзали» унвонига сазовор бўлишига қарамай, маҳаллий лойиҳаларда ҳам иш бошлайди. Унинг илк дебюти тамил тилидаги «Ирувар» драмаси бўлди, кейинчалик ушбу картина Белград халқаро кинофестивалида мукофотга сазовор бўлди.

Фото: Таtler

1999 йил «Қалбим сеникидир, жоним» фильмида Салмон Хон, 2000 йилда «Жўшқинлик» фильмида Шоҳрух Хон билан ҳам биргаликда рол ижро этди. Ўша вақтда икки актёр ҳам Болливудда машҳурликка эришди. Шунингдек, актриса нафақат ижро маҳорати, балки пластикаси учун ҳам мақтовга сазовор бўлди.

Фото: Таtler

Айшвария Рай ва «Болливуд қироли» Шоҳрух Хон жуфтлиги режиссёрлар учун ажойиб янгилик бўлди. Улар яна биргаликда 2002 йил «Девдас» фильмида суратга тушди. Фильм сюжети бенгаллик ёзувчи Сарат Чандра Чаттопадхай романи асосида ёзилган эди. «Девдас» фильми нафақат Болливудда, балки бутун дунё бўйлаб момақалдироқ каби гумбурлади. Time журнали фильмни «Аватар» ва «Узуклар ҳукмдори» картиналари билан бирга минг йилликнинг энг яхши ўнта фильми рўйхатига киритди. Шунингдек, фильм 2002 йил Канн фестивали совринларининг бирига номзод бўлди.

Фото: Таtler

2010 йилга қадар актриса суратга тушиш майдончасида фаол бўлди. У учун «Жодха ва Акбар» фильми ҳам муваффақият олиб келди. Охирги беш йилликда эса актриса Ритик Рошан билан «Гузаариш» фильмида кўриниш берди.

Рай Баччан

2010 йилдан Рай шахсий ҳаёти туфайли кинодаги фаолиятига танаффус берди. У энди оила ва фарзанд тарбияси билан банд бўлди. Шоҳрух Хон экранларда порлагунга қадар «Болливуд қироли» унвони эгаси бўлган Амитабҳ Баччаннинг ўғли унчалик таниқли бўлмаса-да, ҳурматга сазовор инсон – Абҳишек Баччан билан Айшвария Рай турмуш қурди.

Фото: Таtler

Жуфтлик 2000 йилларда «Ҳақиқий туйғулар» фильмининг суратга олиш жараёнида танишган. 2007 йил 14 январь куни Мумбайда ёпиқ маросимда турмуш қурди. Ҳикоя бошидаги Болливуддан узоқ бўлган ҳарбий оилада дунёга келган қизалоқ Рай ҳинд кино оламидаги энг машҳур сулоланинг бир қисмига айланди. 2011 йил ноябрь ойида уларнинг оиласида қиз туғилди ва унга Аарадхия деб исм қўйилди.

Фото: Таtler

Райнинг ўтмиши

Айшвария Рай дастлаб Салмон Хон билан узоқ муддат муносабатда бўлган. Муносабатлар актрисанинг ташаббуси билан тугатилган. Сабаби актриса шериги томонидан руҳий ва жисмоний зўравонликка учраганини тан олган.

Фото: Таtler

Актриса бор эътиборини фарзандига қаратгани учунми суратга олиш ишларида аввалгидек фаол эмас. Аммо экранларда кўриниш бериб турибди. Балки, у аввалгидек машҳурлик чўққисига чиқадиган фильмлардаги каби ижрони такрорламас. Аммо энди у кўпроқ хайрия ишлари билан банд, бошқа юлдузлар қаторида маблағ йиғиш концертларида иштирок этмоқда.

Фото: Таtler

Шунингдек, 2004 йилда муҳтожларга кўмак бериш ниятида ўз фондини ташкил этди. Бундан ташқари актриса RЕТА ташкилотининг аъзоси бўлиб, 2012 йилда YUNEYDS томонидан яхши ният элчиси этиб тайинланди ва ОИВ билан касалланишнинг олдини олишда ҳам ёрдам бериб келмоқда.