«Ғазаб учқуни» операцияси – бу АҚШ фуқароларини ҳимоя қилиш ва Америка Штатлари ташкилотининг илтимосига биноан, мамлакатда барқарорликни тиклаш учун 1983 йилда Гренадани босиб олиш мақсадида расмий равишда бошланган ҳарбий операция.  Ушбу амалиёт АҚШ ҳарбий кучларининг ғалабаси билан якунланди.  Амалиётнинг мақсади аввалги қуролли тўнтариш оқибатларини бартараф этиш эди ва бунинг натижасида Гренаданинг амалдаги ҳукумати радикаллар томонидан ағдарилиб, унинг раҳбари Морис Бишоп қатл этилди. «Дарё» ушбу воқеа тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Google Photos

Тарихий вазият

1979 йил 13 мартда Гренададаги давлат тўнтаришида Эрик Гари ҳукумати ағдарилиб, унинг ўрнига Морис Бишоп бошчилигидаги чап «янги марваридлар ҳаракати» ҳокимиятга келди. Мамлакатнинг янги раҳбарияти сиёсатда социалистик мамлакатлар, биринчи навбатда, Куба ва СССР билан фаол ҳамкорлик йўлига ўтди.

Гренада армияси чет мамлакатлар кўмагида қайта қуроллантирилди ва 1983 йилга келиб шарқий Кариб денгизидаги энг қудратли ҳарбий кучга айланди. Тўрт йил давомида Гренада СССР билан ҳарбий таъминот тўғрисида учта шартнома имзолади, улардан биринчиси 58 миллион долларга баҳоланди. Қурол-яроғ мамлакатга бошқа бир қатор давлатлар томонидан етказиб берилди, хусусан, 1983 йил баҳорида КХДР билан тузилган шартномада Гренадага 12 миллион доллар миқдорида ҳарбий материаллар етказиб берилиши кўзда тутилган эди.

Гренаданинг янги ташқи сиёсати Қўшма Штатларда катта ташвиш уйғотди. 1982 йил апрелда Рейган шарқий Кариб денгизи давлатлари раҳбарияти билан учрашувда Гренада ҳукуматини «марксизм вирусини» бошқа мамлакатларга ёйишда айблади.  1983 йилнинг март ойида Рейган мамлакатга нисбатан бойкот эълон қилди ва америкалик сайёҳларни оролга ташриф буюришни тўхтатишга чақирди. Гренадада содир бўлаётган воқеалар шарқий Кариб ороллари давлатларини анча сергаклантирди.

1983 йил май ойида Френсис Алексис, Кит Митчелл ва бошқа антикоммунистик муҳожирлар Барбадосда Гренада демократик ҳаракатини ташкил қилиб, Бишоп ҳукуматини ағдаришни мақсад қилди. 26 мартда Гренада ўз армиясини жанговар шай ҳолатга келтирди ва уч минг кишилик полиция бўлинмаларини сафарбар қилди.

Бироқ Бишоп вазиятнинг хавфлилигини тушунди ва можарони кучайтирмасликка ҳаракат қилди. Июль ойида у Вашингтонга учиб кетди ва президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Уильям Кларк билан учрашди. Учрашув давомида у Қўшма Штатлар билан алоқаларни яхшилаш имкониятлари тўғрисида айтиб ўтди ва Куба билан алоқаларини қайта кўриб чиқишга ваъда берди. Гренада бош вазирининг прагматик позицияси ҳукуматнинг чап қанот аъзоларига ёқмади.

1982 йил май ойида Гренада ҳукумати Буюк Британиянинг «Plessi Eyrports» фирмаси билан Poynt Salinas’да 2 700 метрлик учиш-қўниш йўлаги ҳамда янги халқаро аэропорт қуриш тўғрисида шартнома имзолади, у 1984 йил бошларига қадар қуриб битказилиши керак эди.

1983 йил 17 мартда АҚШ Мудофаа вазирининг ўринбосари Ф. Икле сенатнинг ғарбий ярим шар ишлари бўйича комиссияси йиғилишида Америка жосус самолёти томонидан тасвирга олинган қурилаётган аэродромнинг фотосуратларини намойиш қилди ва оролда «Куба ҳарбий базаси»  қурилаётганини эълон қилди.

Фото: Google Photos

Гренада ҳукумати янги аэропорт ҳарбий объект эмаслиги ва мамлакатда туризмни ривожлантиришга қаратилгани тўғрисида баёнет берди. Аэропортни лойиҳалаштирган Британиянинг «Plessi Eyrports» компанияси бош директори Деррик Коллиeр матбуот анжуманида аэропорт фуқаро авиацияси учун мўлжалланганини, унинг ҳарбий ёки ерости иншоотлари йўқлигини ва учиш-қўниш йўлаги қурилаётганини айтди.

Шунга қарамай, АҚШ ҳукумати вакиллари Гренада, Куба ва Совет ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорликни ҳисобга олган ҳолда ундан ҳатто совет стратегик бомбардимончиларини қабул қилишга қодир бўлган ҳаво кучлари базаси сифатида фойдаланилишини таъкидлади.  АҚШ президенти Рональд Рейган ҳам «Гренадада халқаро аэропорт ниқоби остида стратегик Совет-Куба ҳарбий базаси барпо этилмоқда, бу АҚШ хавфсизлигига таҳдид солмоқда», деб бир неча бор таъкидлади.

13–14 октябрь давлат тўнтариши

1983 йил ўрталарига келиб, Гренада ҳукуматида бўлиниш пайдо бўлди.  Радикал коммунистлар – бош вазир ўринбосари Бернард Корд тарафдорлари ва Гренада армияси қўмондони генерал Хадсон Остинлар Морис Бишоп режимидан норози бўлиб, АҚШ билан муносабатларни нормаллаштиришни режалаштира бошлади.  13 октябрда мамлакатда давлат тўнтариши амалга оширилди. Морис Бишоп ҳибсга олинди.

1983 йил 19 октябрда қуролланган тарафдорлари Бишопни ҳибсдан озод қилди.  Оломон Рупертдаги армия штаб-квартираси томон юриш қилиб, уни қўлга киритди. Ҳокимият норозиликларни куч билан бостиришга қарор қилди. Натижада, ўнлаб тинч аҳоли ҳалок бўлди. Руперт ҳукумат ҳарбий кучлари томонидан эгаллаб олинди. Лейтенант Каллистус Бернард бошчилигидаги армия аскарлари Бишопни ва унинг етти нафар энг яқин шерикларини отиб ташлади. Генерал-губернатор Пол Скун уй қамоғига олинди.

Шошилинч равишда генерал Остин бошчилигида янги ҳарбий ҳукумат – инқилобий ҳарбий кенгаш тузилди. Кенгаш тўрт кунлик комендантлик соати жорий этди, бир қатор шахсларни ҳибсга олди.

Операцияга тайёргарлик

21 октябрь кунги Рупертдаги фожиадан сўнг, шарқий Кариб денгизи давлатлари ташкилотининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб, унда Гренадада анархия ва зўравонликка барҳам бериш йўллари муҳокама қилинди.

Ўша пайтда Гренадада (Сент-Жоржес университетида, шунингдек, Перлз аэропорти ҳудудидаги «True Blue» ва «Grand Anse» талабалар шаҳарчаларида) америкалик 630 га яқин талаба бор эди, уларнинг хавфсизлигига таҳдидлар бўлиши эҳтимоли АҚШ ҳукуматининг ҳарбий операцияси учун расмий сабаб бўлди.

Фото: Google Photos

Операция давомида келиб чиқиши мумкин бўлган асосий муаммо Гренада армияси ва кубаликларнинг жойлашуви тўғрисида замонавий маълумотларнинг деярли мавжуд эмаслиги эди. Америкалик аскарларда Гренаданинг хариталари йўқ эди ва натижада саёҳатчилар учун қўлланма орқали ҳаракатланишга мажбур бўлди.

Босқин арафасида Америка махсус кучларининг бир неча разведка гуруҳлари оролга келиб, бутун операцияни шубҳа остига қўядиган янги маълумотлар ҳақида хабар берди.  Хусусан, скаутлар 75-қўриқчилар полки ва 82-ҳаво-десант дивизиясининг бўлинмалари қўниши режалаштирилган «Poynt Salinas»даги қурилиши тугалланмаган аэропорт қурилиш техникалари билан тўсиб қўйилгани ҳақида хабар берди.  Ушбу маълумот Америка қўмондонлигига маълум бўлганда ҳарбий самолёт аллақачон ҳавога кўтарилган эди.

«Ғазаб учқуни» режаси

Операция Гренададаги энг муҳим ҳарбий ва маъмурий объектларни эгаллаб олиш учун ҳам денгиз, ҳам ҳаво-десант ҳужумчиларининг тўсатдан ҳаракат қилишини назарда тутарди.

Амалиёт арафасида АҚШ разведка самолётининг фаоллиги ошди.  23 октябрдан 24 октябрга ўтар кечаси умумий сони 50 кишигача бўлган бир нечта разведка ва саботаж гуруҳлари вертолётлар орқали Гренадага яқинлашиб келаётган қўниш жойларини қидириш учун сафарбар қилинди.  Қўниш вақти 1983 йил 25 октябрь соат 05:00 га белгиланди.

Операция давомидаги АҚШ ва Гренада қуролли кучлари

Гренадага бостириб киришда АҚШ ҳарбий кучларининг умумий қўмондони вазифасини 2-ОФ (Атлантика океанидаги АҚШ денгиз кучлари) қўмондони вице-адмирал Д. Меткаф амалга оширди. Гренадага бостириб киришда АҚШ денгиз кучлари, АҚШ армиясининг артиллерия ва муҳандислик бўлинмалари ва АҚШ ҳаво кучларининг авиация бўлинмалари иштирок этди.

Бу пайтда Гренада Қуролли Кучлари мингга яқин ҳарбийдан ташкил топган бўлиб, улар битта пиёда баталёни ва бешта тўлиқ бўлмаган пиёда баталёнлари таркибига кирар эди. Оролда Гренада қуролли кучлари томонида жангларда қатнашадиган 800 га яқин кубаликлар ҳам бор эди. Гренада халқ инқилобий армиясида ҳеч қандай оғир қуроллар (ҳарбий кемалар, самолётлар, танклар, оғир артиллерия) йўқ эди. Қурилаётган аэропорт ҳудудида ва «Перлз» аэропорти ёнидаги тепаликда бир неча 12,7 ммли пулемётлар ва 23 ммли зенит қуроллари ўрнатилди.

Кейинчалик, америкаликлар қўлга киритилган барча қуролларнинг экспозициясини ташкил қилди: улар орасида битта БРДМ-2, иккита БТР-60ПБ, 12 та ЗU-23 зенит қуроли, 65 та миномёт, 68 та граната, 6 322 ёки 6 330 та милтиқ, 291 та автомат ва 5,6 млн патрон бор эди. Қуроллар орасида ҳаттоки 1870 йилга тегишли бир марталик ўқотар қуроллар ҳам бўлган эди.

Фото: Google Photos

Босқин

Гренадага бостириб кириш 1983 йилнинг 25 октябрида эрталаб соат 6:00 да бошланган (бошқа маълумотларга кўра, соат 5:40 ёки 5:25 да). Рональд Рейган ўзининг «Очиғини айтганда» китобида таъкидлашича, босқиндан олдин Оқ уй СССР ва Кубани операция тўғрисида хабардор қилиб, кераксиз қон тўкилишидан сақланишига умид қилган, аммо «Кастро кубаликларга ўлимга қадар курашиш буйруғини берган ва кўпчилик бунга амал қилган эди».

Операция бошлангандан сўнг Гренада ҳукумати учун ташқи дунё билан алоқа қилишнинг ягона йўли Куба элчихонасидаги узатгич бўлиб қолди, чунки операция бошланишидан сал олдин (ёки у бошлангандан кўп ўтмай) оролда алоқа тизимлари тўсатдан фалаж ҳолатга келиб қолди. Гренадалик радио диктори эфирга чиқишга муваффақ бўлди ва босқинчи ҳақида эълон қилди.

Гаванада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Куба ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Р. Аларноннинг таъкидлашича, Сент-Жоржесдаги Куба элчихонаси радиохабарига кўра, 1983 йил 25 октябрь куни эрталаб аэропорт ҳудудидаги АҚШнинг олтита ҳарбий вертолёти кубаликларга ҳужум қилди. Куба элчихонаси маълумотларига кўра, соат 6:55 да аэропорт ҳудудини ҳимоя қилаётган кубаликлар сафи душман артиллерияси ва миномётлардан ўқ отиш натижасида бузиб юборилган, аэропорт яқинидаги ҳарбий тўқнашувда олтита Куба фуқароси ҳалок бўлган, яна икки кубалик оғир яраланган эди. Журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Р. Аларнон оролда яшовчи кубаликлар ўзларини ҳимоя қилиш учун Гренада ҳукумати томонидан илгари уларга берилган қуроллардан қонуний равишда фойдаланганини маълум қилди.

Босқин ахборий тарғибот билан бирга олиб борилди: у бошланган пайтдан бошлаб «Spice Island» радиоси Гренада аҳолисини «тинчлик сақлашга» ва Гренада армияси аскарларини «қаршилик кўрсатмасликка» даъват эта бошлади. АҚШ ҳарбий кучлари оролга келиб тушганидан сўнг махсус ходимлар аҳолига босқинни назарий жиҳатдан асослаган «Гренада Овози» газетасини бепул тарқатишни бошлади.

Замонавий разведканинг етишмаслиги туфайли юзага келган Гренаданинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаасини паст даражада дея баҳолаш бир нечта вертолётнинг йўқотилишига олиб келди. 1983 йил 26 октябрда кечқурун Қўшма Штатлар Гренадага қўшимча кучлар – иккита баталённи юборишга мажбур бўлди. АҚШ ҳарбий-денгиз флоти таркибига кирувчи А-7 ҳужум самолёти хато оқибатида психиатрия касалхонасига зарба берди, у ерда камида 12 нафар бемор вафот этди.

Бошқа айрим манбаларга кўра, Америка ҳарбий самолётлари Гренада армиясининг штаб-квартираси ва аскарларнинг казармаларини бомбардимон қилишни бошлади, аммо қўмондонлик штаб-квартиранинг байроғини олиб ташлади ва уни яқин атрофдаги психиатрия клиникасининг томига осиб қўйди, шу сабабли бомба касалхонага келиб тушди ва бу «қурбонлик» эвазига ҳарбийларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ва ниҳоят, 27 октябрга келиб асосий жанглар тугади.

Фото: Google Photos

Йўқотишлар

АҚШ. 1983 йил 17 декабрда эълон қилинган АҚШ ҳукуматининг расмий маълумотларига кўра, операция давомида 19 нафар АҚШ ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди ва 116 киши яраланди. Бир нечта вертолётлар, шу жумладан, битта CH-46E, битта МH-6, иккита АH-1Т «Кобра» ва учта UH-60А ўққа тутилди. Уч кун ичида 9 та Америка вертолёти йўқ қилинди ва бир нечтаси шикастланди, гренадаликлар зенит ракеталарига эга бўлмаган ва улар фақат зенит пулемётларидан фойдаланган эди.

Гренада. Ҳарбий операция давомида Гренаданинг 45 фуқароси ҳалок бўлди ва 337 киши яраланди. Амалиётдан сўнг Гренада қуролли кучлари қуролсизлантирилди ва тарқатиб юборилди. Босқин натижасида оролнинг инфратузилмаси ва иқтисодиёти катта моддий зарар кўрди.

Куба. Кубалик қурилиш ишчилари, Гренада қўшинлари ва тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони бир манбадан бошқасига фарқ қилади. 1983 йил 17 декабрда эълон қилинган АҚШ ҳукуматининг расмий маълумотларига кўра, операция давомида 24 кубалик ҳалок бўлди, 49 киши яраланди, 600 дан ортиқ одам асирга олинди.

Жамоатчилик реакцияси

1983 йил 3 ноябрда Американинг CBS телекомпанияси гренадаликлар ўртасида сўровнома ўтказди: мамлакатнинг Америка қўшинлари томонидан босиб олиниши пайтида респондентларнинг 91 фоизи Америка армиясининг оролга келишидан мамнун эканлигини билдирди, аммо орадан икки ой ўтгач, бу ҳарбий аралашувни қўллаб-қувватлаган гренадаликлар сони 84 фоизгача камайди. Овоз берганларнинг 12 фоизи бунга қарши эди. Шу билан бирга, гренадаликларнинг 59 фоизи оролда Америка ҳарбий кучларини кўпайтиришни, 9 фоизи уни камайтиришни ва 8 фоизи тўлиқ йўқ қилишни ёқлаб овоз берди. Қўшма Штатларда фуқароларнинг аксарияти босқинни қўллаб-қувватлади.

1983 йил 18 ноябрда ўн битта америкалик конгрессмен Вашингтон округ судида АҚШ президенти Р. Рейган, мудофаа вазири Вайнбергер, давлат котиби Шултз ва штаб бошлиқлари қўмитаси раиси Вессига қарши Гренадага бостириб киришга тайёргарлик кўриш ва уни амалга оширишда Америка қонунларини қўпол равишда бузиш айблови билан даъво қўзғади.

Халқаро реакция

Босқин Франция, Швеция ва бошқа мамлакатлар томонидан қораланди. АҚШнинг Амстердам, Лондон ва Бонндаги элчихоналари олдида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Мексика бу босқинчиликни Марказий Америка ва Кариб денгизи архипелагида тинчликка таҳдид манбайи сифатида баҳолади ва БМТ Хавфсизлик Кенгашини чет эл қўшинларини оролдан олиб чиқиш чораларини кўришга чақирди. Буюк Британия ҳам бу ҳарбий операцияга қарши эди.

Операция СССР, Хитой ва бошқа социалистик мамлакатлар томонидан ҳам қораланди. Лотин Америкасидаги бир қатор давлатлар, жумладан, Гаяна, Куба, Никарагуа, Тринидад ва Тобаголар босқинни қоралади ва норозилик билдирди.

1983 йил 28 октябрда Қўшма Штатлар Гренададаги воқеалар тўғрисида БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси лойиҳасининг қабул қилинишига йўл қўймаслик учун вето ҳуқуқидан фойдаланди (бу қарорга БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 12 аъзосидан 11 нафари овоз берди – АҚШдан ташқари ҳамма).

1983 йил 2 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси Гренадага бостириб киришни халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши ва ушбу давлатнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий дахлсизлигига тажовуз сифатида баҳолаган 38/7-сонли қарорни қабул қилди ва ушбу мамлакатга қуролли аралашувни дарҳол тўхтатиш ва чет эл қўшинларини у ердан олиб чиқиш талабини қўйди. Резолюцияни 108 мамлакат қўллаб-қувватлади, АҚШ ва яна саккиз мамлакат қарши овоз берди.

Босқиннинг бугунги ҳаётда акси

Ҳарбий операция тугаганидан сўнг Гренаданинг янги ҳукумати ҳар йили 25 октябрда бугунги кунгача нишонланиб келинадиган «Шукрона куни» байрам кунига асос солди. 2009 йилда «Port-Salinas»даги халқаро аэропортга Морис Бишоп халқаро аэропорти номи берилди. 1986 йилда АҚШда ҳарбий операцияга бағишланган «Синган юракларнинг довони» бадиий фильми суратга олинди.

Дилбар Исматуллаева тайёрлади.