Тошкент вилояти Нурафшон туманида 21 октябрь куни соат 17:00 лар атрофида вояга етмаган болани зўрлашда айбланаётган 34 ёшли эркак шаҳар суди биносидан қочиб кетди. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбаларига таяниб, Repost хабар берди.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ

Маълум қилинишича, эркакнинг исми Шерзод Абдулаҳатов, миллати ўзбек, вақтинча ишсиз. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш), 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноий иш қўзғатилган.

Бундан ташқари, эркак илгари тўрт марта судланганлиги ҳақида хабар берилган:

  • 2010 йил 1 январь — Россия суди томонидан Россия Жиноят кодексининг 213-моддаси (безорилик) 1-қисми;
  • 2014 йил 16 апрель — Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) 2-қисми «а» ва «б» банди;
  • 2014 йил 19 сентябрь — Жиноят ишлари бўйича Бўка туман суди томонидан 119-модданинг (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш) 1-қисми, 2-моддаси «а», «б» банди ҳамда Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик)
  • 2017 йил 16 октябрь — Жиноят ишлари бўйича Қуйи Сҳирчиқ туман суди томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 2-қисмининг «д» банди билан айбдор деб топилган.

Қайд этилишича, эркак илгари уйланган ва ажрашган. Унинг бир нафар фарзанди бор.

Тошкент вилояти ИИББнинг маълум қилишича, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув суриштирув ишлари давомида гумонланувчи 22 октябрь куни Нурафшон шаҳри ҳудудида қўлга олинган.

Ҳозирда фуқаро ҳимоячи хизмати билан таъминланиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ва иш ҳолати бўйича батафсил сўроқ қилиниб, Жиноят процессуал кодексининг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) талаблари асосида ушланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ сирдарёлик эркак мактаб ҳожатхонасида 8 ёшли қизга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатларни амалга оширгани маълум бўлгани тўғрисида хабар берилганди.