1923 йилнинг 23 октябрида Гамбургда немис коммунистлари бошчилигида ишчиларнинг қуролли қўзғолони бошланди. Бутун Германия коммунистик ҳаракатининг бир қисми сифатида ишлаб чиқилган ушбу ҳаракат, аслида, маҳаллий доирадан ўта олмади – Германиянинг бошқа саноат марказларида ишчилар уни қўллаб-қувватламади. Ҳукуматнинг қатъий чора-тадбирлари натижасида Гамбург қўзғолони 25 октябргача тўла бостирилди. «Дарё» ушбу қўзғолон тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилади.
Қўзғолон учун қулай муҳитнинг етилиши
1923 йилга келиб, урушдан кейинги Германияда вазият оғир аҳволда эди. Мамлакат иқтисодиётидаги ҳалокатли ҳолат гиперинфляцияга олиб келди ва бунинг натижасида немис маркасининг қиммати кундан кунга пастлай бошлади. Вазият шу қадар қийин кечдики, энди ишчилар ва хизматчилар бор пулларини кейинги ойлик маошигача етказа олмай қолди – пулнинг қадри ниҳоятда пастлаб кетди. Аҳоли орасидаги энг ночор ва қийналган қатлам немис оддий ишчилари бўлиб қолди, улар Германия иқтисодий инқирозининг барча қийинчиликларига дош бериши керак эди.Бундай қийин вазиятда ҳар доим одилона ва ўз вақтида қарор чиқарадиган «давлатнинг содиқ хизматкорлари» – немис амалдорлари ҳам вазиятни юмшатиш йўлини топа олмади. 1923 йил январида французлар ва бельгияликлар Германияни компенсация тўловларини тўлашни кечиктирганликда айблаб, Рур вилоятини эгаллаб олди. Рурнинг ишғол қилиниши немисларнинг уларни пассив қаршилик кўрсатишга чақирган Вильгелм Куно ҳукумати атрофида тўпланишига туртки бўлди.
1923 йилнинг ёзида ўша пайтда жаҳон коммунистик ҳаракатининг мафкуравий маркази бўлган Москвада Германияда социалистик инқилобни ташкил этиш ғояси ўйлаб чиқила бошланди. Ушбу фикрни болшевиклар раҳбариятида Германия масалалари бўйича бош мутахассис ҳисобланган Карл Радек билдирди. Айтиш жоизки, сиёсий бюронинг барча аъзолари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватламади – масалан, Иосиф Сталин Германияда Совет ҳокимиятини ўрнатиш эҳтимоли ҳақида танқидий фикрлар билдирди. Шунга қарамай, 1923 йил сентябрь ойида Коминтерн қўзғолонга киришди.
Қўзғолоннинг бошланиши
Бу вақтга келиб руҳий тушкунликка тушган Куно истеъфо берди ва унинг ўрнига Густав Штреземан Германия канцлери бўлди. Унинг олдида қийин вазифа – немис ерларидаги норозилик ҳаракатларини тинчлантириш вазифаси турган эди.Қўзғолонга тайёргарликни бошлаган коммунистлар, биринчи навбатда, минтақавий сайловларда алоҳида ютуқларга эришган Саксония ва Турингияга ишонди. Германия Коммунистик партиясининг раиси Генрих Брандлернинг ўзи ҳам умумнемис коммунистик қўзғолонини амалга ошириш мумкинлиги ҳақидаги ғояга шубҳа билан қараган эди. 1923 йил 21 октябрда Хемницда ишчи йиғини ўтказилиши режалаштирилиб, унда Германия қўзғолонга тайёр ёки тайёр эмаслигини аниқлашга қарор қилинди. Бироқ бу вақтга келиб Штреземан коммунистларнинг Саксония ва Турингия ҳукуматлари таркибидан чиқарилишини талаб қилди ва коммунистик партия қуролли кучлари фаолиятини тақиқлади. Ушбу воқеалар таъсири остида Брандлер қўзғолонга тайёргарлик кўришни тўхтатишга қарор қилди.
Бироқ улар бу ҳақда Гамбург коммунистларини хабардор қилишга муваффақ бўлмади. 1923 йил 23 октябрда айнан шу порт шаҳарда Германия буржуа ҳукуматига қарши ишчиларнинг оммавий қўзғолони бошланди. Қўзғолон раҳбарларидан бири Эрнст Тельман бўлиб, у воқеаларнинг батафсил хронологиясини ёзиб қолдирган эди: «20 октябрда Гамбургда ишсизларнинг кенг кўламли намойишлари бўлиб ўтди. Шаҳарнинг каттагина қисмида озиқ-овқат дўконлари вайрон қилинди ва полиция билан қонли тўқнашувлар содир бўлди. 23 октябрь, сешанба куни эрталаб соат бешларда шаҳар четидаги полиция участкалари ишчиларнинг инқилобий отрядлари томонидан ҳужумга учради ва қуролсизлантирилди».
Қўзғолоннинг бориши
Немис коммунистик партиясининг Гамбург бўлими 14 минг аъзодан иборат эканига қарамай, улардан фақат 300 кишигина исёнда фаол қатнашди. 23 октябрь куни соат 5:00 да улар 26 та полиция участкаларига бостириб кириб, улардан 17 тасини қуролсизлантирди.Шунингдек, Алтона ва Штормарн шаҳар округлари ҳам фаоллик кўрсатди, қўзғолончилар Шиффбек ва Брамфельддаги полиция участкаларига ҳужум қилиб, уларни қуролсизлантирди. Бад-Ольдесло, Аренсбург ва Ральштедтдаги поезд йўллари ва кўчаларни тўсиб қўйди. Баргтеҳайде шаҳрида исёнчилар маҳаллий ҳукумат раҳбарларини ҳибсга олди ва у ерда «Баргтеҳайде Совет республикаси» тузилганини эълон қилди. Ҳудудий компартия томонидан қўллаб-қувватланган Шиффбекда «Яшасин Совет Германияси! Яшасин Совет Иттифоқи давлатлари федерацияси! Яшасин дунё инқилоби!», деган ибора акс этган аҳолини тинчлантириш ва қўзғолонни қўллаб-қувватлашга ундовчи плакатлар пайдо бўлди.
Ишчилар қаршилик кўрсатиш ҳаракатининг маркази Гамбургнинг Бармбек шаҳридаги пролетар маҳалласи эди. Бир неча кун давомида 300 ишчидан иборат бўлинма олти минг полициячининг босимини ушлаб турди. Яна бир қаршилик кўрсатиш маркази Шиффбек квартали эди. Ҳукумат қўзғолонни бостириш учун қатъий чоралар кўрди. 25 октябрда Гамбург ишчилар отрядлари мағлубиятга учради ва қўлга олинган исёнчилар суд қилинди.
Гамбург қўзғолонининг самарасиз якунланишининг асосий сабаби немис коммунистлари ўртасидаги ўзаро бўлинишлар эди: масалан, Эрнст Тельман ва Рут Фишер қўзғолонни амалга оширишнинг тарафдорлари бўлган, коммунистик партия етакчиси Брандлер эса бунга қарши чиққан эди. Натижада Гамбургда режалаштирилган бутун Германия оммавий қўзғолони эмас, у қадар катта бўлмаган маҳаллий қуролли қўзғолон содир бўлди ва у ҳукуматнинг қатъий чоралари натижасида бостирилди.
Оқибатлар
Қўзғолон натижасида 17 полиция ходими, 21 қўзғолончи ва 61 нафар бегуноҳ одам ўлди. 69 полициячи, шунингдек, 175 исёнчи яраланди. 1 400 киши ҳибсга олинди, 443 киши махсус судда суд қилинди. Қўзғолон икки ишчи сиёсий партиялар ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувига ҳисса қўшди. Воқеадан сўнг Германия социал-демократик партияси (СДП) коммунистик партия билан ишлашдан бош тортди ва ҳатто унга қарши репрессияни кучайтирди. Мамлакатда антикоммунистик сиёсат шамоли эса бошлади.Дилбар Исматуллаева тайёрлади.
Изоҳ (0)