Россия ҳукумати мамлакатда коронавирус тарқалиши туфайли қатъий чекловларни жорий қилишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи аъзолари билан учрашувда президент Владимир Путин маълум қилди, деб ёзади Meduza.

Фото: «РИА Новости»

«Қатъий, оммавий чеклов чоралари киритилиши мумкинлиги ҳақида гапирсам, биз бундай қилишни режалаштирмаяпмиз. Ҳукуматнинг бундай режалари йўқ», — деди Путин.

Бизнесменлар ҳам учрашувда Путиндан умуммиллий локдаунни жорий қилмасликни сўради. Путиннинг таъкидлашича, яқин орада маълум нуқталарга қаратилган чекловлар амал қилишда давом этади, чунки улар ўз самарадорлигини кўрсатди.

Россияда умуммиллий локдаун режими март охиридан май ўрталаригача амал қилган эди: корхоналарнинг кўпчилиги ёпилган, уларнинг ишчилари эса мажбурий равишда уйларига юборилганди. Уйдан фақат энг зарур маҳсулотлар учун дўконга ёки дорихонага чиқиш тавсия этилганди.

Европада октябрь ойида иккита мамлакат — Чехия ва Ирландия умуммиллий локдаун эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, Россияда сўнгги суткада COVID-19 беморларининг 317 нафари вафот этди, бу Россияда пандемия бошланганидан буён бир кеча-кундуздаги ўлимлар сони бўйича янги антирекорд.