Бишкек шаҳри мэрининг биринчи ўринбосари Наримон Тулеев Қирғизистон пойтахти раҳбари мажбуриятларини бажаришдан бош тортди. Бу ҳақда шаҳар мэрияси томонидан эълон қилинган баёнотда сўз боради.

Фото: «Меria.kg»

Тулеевнинг сўзларига кўра, мэрнинг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаш ва мэр мажбуриятларини бажаришни ўз зиммасига олишга 20 октябрь куни истеъфога чиққан Азиз Суракматов «кўндирган». Президент вазифасини бажараётган Садир Жапаров сайловларда иштирок этиш учун лавозимдан кетишга қарор қилган Бишкек мэри Суракматовнинг истеъфосини қабул қилган.

Тулеевнинг айтишича, у «ҳали ишга киришмасидан олдин» мэр курсиси атрофида «турли гуруҳлар ва шубҳали шахсларнинг ифлос ва жирканч кураши» бошланиб кетган.

«Улардан баъзилари тажовузкорлик билан деярли куч ишлатиш даражасига етди ва юрагимдаги оғриқ билан баъзи одамлар куч ҳамда манфаатлари учун халқни бир-бирига қарши қўйишга тайёр эканликларини кўрдим», — дейди Тулеев.

Унинг сўзларига кўра, мэр вазифасини вақтинча бажарувчи этиб мэрнинг биринчи ўринбосари Алмаз Бакетаев тайинланади.

Эслатиб ўтамиз, норозилик намойишлари фонида Бишкек шаҳрига намойишчилар томонидан янги мэр тайинланди. Аммо шаҳарнинг расмий раҳбари Азиз Суракматов истеъфо ҳақида ариза ёзмади. Президенти Сўронбай Жээнбеков содир бўлган воқеаларни ҳукуматни ноқонуний эгаллашга уриниш деб атади. Шунингдек, давлатнинг яхлитлиги, халқнинг бирлиги ва жамиятнинг хотиржамлигини бирламчи деб атаб, муайян шароитларда лавозимдан кетишга тайёрлигини билдирди.

9 октябрь куни Қирғизистон президенти ҳукумат ва бош вазирни истеъфога чиқарди. Бишкекда 9 октябрь соат 20:00 дан бошлаб фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди, шаҳарга ҳарбий бўлинмалар ва ҳарбий техника киритилди. Айни шу куни мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга нисбатан суиқасд уюштирилди. 10 октябрь куни эса Атамбаев қўлга олингани маълум қилинди.