Россияда коронавирус билан касалланишнинг иккинчи тўлқини бошланди. Ҳар куни мамлакатда бир кун аввалгидан тахминан 500 тага кўпроқ касалланиш ҳолати аниқланмоқда. Ўсиш кўпчилик ҳудудларда, жумладан, Москвада ҳам сезилмоқда, бу ерда 2 октябрь куни 2704 та янги ҳолат қайд этилган. «Қизил» ҳудудларга кўпчилик тиббиёт ходимлари қайтди — улар орасида биринчи тўлқиндан кейин яна режали тиббий ёрдам кўрсатишни бошлаганлар ҳам бор. Meduza нашри COVID-19 билан касалланган беморларни даволаётган тиббиёт ходимлари билан Россия касалхоналаридаги ҳозирги ҳолат ҳақида суҳбатлашди.

Фото: «Коммерсантъ»

Михаил (шифокор, Краснодар ўлкаси)

Бизнинг госпиталда охирги беш кунда одам тиқилиб кетди. Ўтган кеча-кундузда 80 киши, кеча эса 115 киши мурожаат қилди. Тез ёрдам машиналари навбат кутмаяпти, беморлар қабулхонада тўпланиб қоляпти. Бўлимимиз эшигидан касалхона палатасига етгунча 3-4 соат кетади — бизда битта КТ (компьютер томографияси) аппарати бор, у бир кеча-кундузда 80 тадан ортиқ текширув ўтказади.

Бўлимимизда 88 та койка бор — кеча лиқ тўла эди. Бизнинг қаватимизда кушеткалар йўқ, шунинг учун йўлакларда ҳеч ким ётгани йўқ, аммо бошқа бўлимларда бундай ҳолатлар кўп. Реанимациялар тўла, ‘морг’ тўла. Бу ерда яна ишнинг ташкиллаштирилиши ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда, патологик анатомия 5/2 графиги бўйича ишлагани учун, дам олиш кунлари иш йиғилиб қоляпти.

Дорилар билан боғлиқ муаммолар бошланмоқда. Уларнинг баъзиларини клиник фармаколог билан маслаҳатлашгандан кейингина тайинлаш мумкин. Дорини маълум бир бемор номи билан олиш керак, бироқ дам олиш кунлари дорихона ёпиқ бўлади. Антибиотиклар билан боғлиқ вазият янада чигал: агар бемор уларни уйда даволаниш вақтида қўллаган бўлса, бизда улардан кўра кучлироқ дорилар йўқ. Аммо, билишимча, реанимацияда дорилар билан боғлиқ муаммолар йўқ.

Асосий муаммолардан бири бу — ходимлар етишмаслиги. Соғлиқни сақлаш вазирлиги нормативларига кўра, ходимлар сони ҳозиргидан икки карта ортиқроқ бўлиши керак, у ерда битта шифокорга 20 та койка белгиланган бўлса, бизда — 45 та. Ходимлар орасида ҳозир кўпчилик касал. Бўлимимизда узоқ вақт фақат ўз мутахассисларимиз ишлади, аммо октябрдан бошлаб кардиолог, жарроҳ, эндокринолог ва бошқалардан иборат аралаш таркиб пайдо бўлди. Бу эса ишни секинлаштиради.

Биз «ёниб тугадик». Беморларнинг ўлими энди унчалик оғир қабул қилинмаяпти. Энг қийини менда Тиббиёт ходимлари куни (21 июнь) бўлганди: сменам охирроғида бемор аёл вафот этди. Биз уни узоқ вақт жонлантиришга уриндик, ҳимоя кийимида бу жуда қийин, одам қизиб кетади. Аввал палатада ерда, сўнг интенсив терапия блокига олиб бориб, интубация қилдик. Ҳаммаси протокол бўйича, аммо самарасиз бўлди. Сўнг мен уни ‘морг’га олиб бордим: у ерда пандус бор, санитар қизларнинг ўзлари эплолмаяпти. Мана шундай «байрам» бўлганди ўшанда.

Ёзда оддий ишга қайтамиз деб кутгандик. Августда ўзим касал бўлиб ўтдим, хуллас, ҳеч қандай оддий ҳаётга қайтмадик. Майдан то ҳозиргача кундузги смена-тунги смена-дам олиш тарзида давом этмоқда.

Биринчи тўлқиндан ўтишга улгурдик: Краснодарда курорт мавсуми даврида касаллик авж олиб кетди. Кўпинча даволаниш якунлангач, беморлар ётиб, сўнгги иккита салбий тест жавобини кутади. Улар койкаларни эгаллаб ётади ва касалхонадан чиқиб кетиш, таҳлил натижалари ҳақидаги саволлар билан бошимизни қотиради. Таҳлиллар «Роспотребнадзор» стандартлари бўйича олинади ва узоқ вақтда жавоби чиқади. Бундан ташқари, касалхонадан чиқишга биз эмас, «тоза» ҳудуд шифокорлари рухсат беради. Биз эса шунчаки роботлармиз, деган хулоса келиб чиқади. Фақат буйруқларни бажарамиз, лекин беморлар билан айнан биз контактда бўламиз. Бу жуда қийин.

Иккинчи тўлқин бостириб келмоқда: ҳар томондан қўнғироқ қилиб, «корона» ҳақида саволлар беришмоқда, беморлар кўп. Вирус жонга тегди. Ҳамма касал бўлиб ўтиши тушунарли. Балки, вакцина қутқарар, аммо бу тез бўладиган иш эмас, айнан ҳозир ишлаш керак. Ўз ишим билан шуғулланишни, кўпроқ ақл ишлатишни жудаям истаяпман. Кардиологдан ковидологга айланиб қолдим.

Валентина Белецких (тез ёрдам фельдшери, Новгород вилояти)

Биринчи тўлқин мамлакатга кела бошлаганида биз шундай муаммо билан тўқнаш келдик: тез ёрдам раҳбарияти фелдшерлар учун ҳимоя воситалари ҳақида бош қотирмади, улар кўп марталаб ишлатилувчи ниқоб ва қўлқопларда чақирувларга боришда давом этди. Биз бу масалани кўтардик, бош шифокоримиз респираторлар учун пул йўқлигини айтди.

Бир куни мени чақирувга ҳимоясиз жўнатишди — беморда эса икки томонлама пневмония бор экан. Фикримча, айнан шу ҳолат таъсирида эртаси куниёқ бизга барча ҳимоя воситаларини келтириб беришди.

Биринчи тўлқин бошланганида, дастлаб, албатта, қўрқинчли бўлди. Масофавий тиббий курсни тугатдим, барчасини диққат билан ўргандим. Юқорида айтиб ўтган икки томонлама пневмонияга чалинган бемор воқеасидан сўнг уч кун ўтириб, ҳолатни ҳазм қилишга уриндим. Ўзим касал бўлишимдан эмас, уни болаларимга олиб келишимдан қўрқдим.

Бизга ИҲВ (индивидуал ҳимоя воситаси) берилганидан кейин, қўрқув бироз пасайди. У тўғри кийилса, ниманидир юқтириш қийин бўлади, аммо хавфсизлик техникасига риоя қилиш зарур.

Менимча, ҳозир иккинчи тўлқин қўзғалмоқда. Ишимиз аллақачон яна баҳордагидек ҳолатга ўтди. Аммо энди тестлар фақат яққол белгиларга эга беморлардан олинмоқда. ЎРВИ ёки бронхитга чалинганлардан олинмаяпти. Чамаси касалхоналарда пул йўқ ёки уларга олмаслик ҳақида буйруқ берилган.

Иккинчи тўлқин чоғида бошқа касалликлари бор одамлар ҳеч қаерга кетмайди. Куз бўлади, бронхитлар ва бошқа касалликлар кучаяди. Мактаблар ёпилмади, бу таълим учун яхши бўлиши мумкин, аммо болалар ўз бобо ва бувилари учун касаллик тарқатувчи бўлиши мумкин.

Умуман олганда коронавирус шунчаки жонга тегмади. Ҳозир коронавирус, кейин яна нимадир бўлади. Биз ҳар куни ишга келамиз, аммо бизни нима кутаётганини билмаймиз. Мана шундай ўзига хос ҳолат.

Пётр (врач, Санкт-Петербург)

Биринчи тўлқин мен учун даҳшатга тўла бўлди. Дастлаб мен обсервация (кузатув)га тушдим: тўққиз кун давомида вирусга чалинган бемор аёл билан мулоқотда бўлгандим. Бизга жуда кам пул тўлашарди, даволаш тактикаси тез-тез ўзгариб турарди, инфекцияни аниқ бир даволаш йўли йўқ эди. Сменада кадрлар етишмасди, биз ҳар куни 12 соатдан ишлардик. Ҳам фаррошнинг, ҳам буфетчининг, ҳам врачнинг, ҳам мудирнинг — ҳамманинг ишини қилиб кетаверардик. Бизни бутунлай номаълумликда қолдиришди, фақат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг методик материаллари бўйича ишлашга тўғри келарди.

Жуда кўп ўлимлар бўлди. Мен учун энг қўрқинчлиси одамлар ўз оёқлари билан кириб келарди, эртаси куни реанимацияга тушарди, бир неча кундан кейин эса вафот этарди. Мен ва ҳамкасбларимда жиддий ўзгариш — руҳий муаммолар пайдо бўлди. Шахсан мен психотерапевтга қатнадим. Ёзнинг икки ойидан кейин бироз оддий ҳаётга қайтгандек бўлдим, аммо бу менинг ҳолатимни янада ёмонлаштирди — ўз-ўзим билан ёлғиз қолдим, соғлиғим даражаси тамоман тушиб кетди.

Иккинчи тўлқин аллақачон тезлаша бошлади — худди апрелдагидек. Ўйлайманки, ҳукумат ва раҳбариятимиз хатосини иккинчи марта такрорламайди — энди уларнинг тайёргарлиги яхшироқ. Бу сафар ҳаммаси енгилроқ бўлади, деган умиддаман. Риоя қилиш мумкин бўлган аниқ режа, қандайдир буйруқлар ва бандлар, ҳуқуқларимиз бўлар. Бундай шароитларда ишлаш осонроқ ва тушунарлироқ — баҳорда худди кўр мушукчалардек ишлагандик.

Умид қиламанки, вакцинация иложи борича тезроқ бошланади. Яна, албатта, устама ҳақини кутмоқдаман. Қўшимча ҳақ худди баҳордагидек тўланади деб умид қиламан, акс ҳолда соғлиқ муҳимроқ. Беморлар камроқ бўлишига умид қилиб қоламан.

«Қизил» ҳудудда ишлаган тиббиёт ходимлари орасида коронавирусга муносабат умуман олганда бошқачароқ — кўпчиликдагидек эмас. Кўпчилик (унга дуч келмаганлар)нинг коронавирус билан иши йўқ, кўп одамлар ҳалигача вирус йўқ деб ҳисоблайди. Одамлар икки кун ичида «ёниб тугаши»ни ўзим кўрганман, шу туфайли бунга бошқача қарайман.

Албатта, буларнинг барчаси жонга тегди — ИҲВ, шлюз, тестларсиз ишлаган пайтларимизни эслайман. Бу кескин эпидемиологик муҳит ва у ҳақдаги доимий суҳбатлар жонга тегди. Бироқ коронавирусга енгил қараб бўлмайди. Айнан енгилтаклик бизни иккинчи тўлқинга олиб келди.

Александр Мараховский (тез ёрдам фельдшери, COVID-19 госпиталида ишлаган, Ульяновск)

Соғлиқни сақлаш тизимимиз биринчи тўлқинга, бундай ёппасига касалланишга тайёр эмасди. Кўпчилик тиббий муассасалар бошлиқлари ўзларини нопрофессионал тутди, Москвадан келаётган молиялаштириш оқимлари мақсадли тақсимланмади, қўшимча тўловлар ўз вақтида берилмади, баъзи жойларда эса ИҲВ ва ниқоблар ҳам йўқ эди. Вақт ўтиши билан кўплаб раҳбарлар ўз қўл остидагиларга ёрдам бера бошлади, ИВЛ-аппаратлар (ўпкани сунъий шамоллатиш), дорилар сотиб ола бошлади ва қонуний буйруқлар бўйича тўлай бошлади. Аммо баъзилар ҳамон бюджет пулларини ўзлаштириб ётибди.

Бошида ҳеч биримиз вирус борлигига ишонмагандик, аммо кўпларнинг қариндошлари ва дўстлари касал бўла бошлаганидан кейин вазият ўзгара бошлади. Касалхонада ишлашни бошлагунимга қадар ўзим ҳам унга ишонмаган эдим. Барча ҳодисаларни, шу жумладан, кўп ўлимларни кўрганимдан кейин қандайдир қўрқмаслик ҳисси пайдо бўлди ва ўз жонимни сақлашга интилиш инстинктим йўқолди. Кўпчилик тиббиёт ходимлари махсус бўлимлар ва бригадаларга қўшилиб, одамларнинг ҳаётларини қутқара бошлади.

Госпиталда худди урушга тушиб қолгандек бўлдим: ҳар битта бўлимда 100 тадан одам, уларнинг нафаслари бўғилади, йўталади. Тиббиёт ходимлари, асосий дорилар ва тиббий ускуналар етишмаслиги кузатилади. Баъзан «қизил» ҳудудда бир кеча-кундузда 20 соатдан бўлардик.

Ёз ноодатий ритмда ўтди. Хурсандчилик ҳисси йўқ эди. Бунинг ўрнига яқинларим, таниш беморлар ҳақида қайғуриш, касалликни юқтирганлар сони кўпайгани сари хавотирланиш ҳислари бор эди доим.

Ўйлашимча, иккинчи тўлқин биринчисидан хавфлироқ. Поликлиника ва касалхоналардаги ёш ҳамкасбларимнинг кўпчилиги вирусли пневмонияга чалина бошлади, вирус орқа-олдига қарамай, ҳаммани, шу жумладан, ёшларни ҳам оёқдан чала бошлагандек гўё.

Ҳозир биз вакцинани кутяпмиз. Аммо барибир жуда ташвишдамиз, чунки олдинда бизни нима кутаётганини билмаймиз. Умуман олганда, ҳамма жуда чарчади ва бу вирус ўз яқинларини четлаб ўтишини хоҳлаб қолди холос.