Католик руҳонийси Хосемария Эскрива де Балагер 1928 йил 2 октябрда Мадридда «Opus Dei» ташкилотига асос солди. Кунлардан бир кун руҳоний маданий машқлар қилиш давомида Худо унинг тақдирига ёзган миссияни англаб етди. Бу миссия дунёвий профессионал меҳнат ва кундалик фаолиятни муқаддаслаштириш вазифаси эди. 1930 йил 14 февралда унинг бошчилигида аёллар апостоллик иши бошланди. 1943 йил эса 14 февралда авлиё Хосемария руҳонийлар жамиятини ташкил қилди.
«Opus Dei»нинг мақсади оддий ер ишлари, хусусан, кундалик касбий фаолият билан шуғулланиш орқали сиғинувчиларга уларнинг кундалик ҳаётларида илоҳийликни топишларига ёрдам бериш бўлиб, ташкилотнинг штаб-квартираси Римда, Виале Бруно Буоззи кўчаси 73-уйда жойлашган эди.
Ташкилотнинг тарихи
1936–1939 йилларда Испания фуқаролар уруши даврида республикачилар мамлакатдаги барча диний ташкилотларни қаттиқ таъқиб қилди. Таъқиб қурбонлари 12 епископ ва олти мингдан зиёд руҳонийлар ва монастирлар эди. Шу сабабдан ҳам янги ҳукумат католиклар орасида бироз қўллаб-қувватланди. Франко ҳукумати таркибида бир нечта «Opus Dei» аъзолари мавжуд эди, бу эса ташкилотнинг фашизмга нисбатан хайрихоҳлиги ва ҳокимиятга интилиши каби айбловларга сабаб бўлди.Аммо ташкилот асосчиси ҳар доим «Opus Dei» аъзолари ҳам бошқа барча католиклар сингари сиёсий эркинликка эга эканликлари ва ўзлари афзал кўрган сиёсий режимга хайрихоҳлик билдиришлари мумкинлигини таъкидлаб келди. (Иэрархия серкавей| Персональная прелатура “OPUS DEI”, с. 34 , Almati, 2010).
1947 йилда ташкилот «Провида Матер Эccлесиа» конституциясига кўра, Папа Пий XII томонидан тасдиқланди. 1946 йилда Хосемария ташкилотнинг штаб-квартирасини Римга кўчирди ва 1950 йилда «Opus Dei» диний ишлар уюшмасига расмий равишда бўйсунувчи «дунёвий муассаса» мақомини олди, бу ташкилотга бутун дунё бўйлаб фаолият олиб боришга имкон берарди.
1982 йилда Папа Иоанн Павел II «Opus Dei»га «шахсий прелатура» мақомини берди, бу черковнинг пасторал ва иэрархик тузилишининг бир қисми бўлиб, бунда муассаса прелат томонидан бошқарилади. «Шахсий» сўзи шуни англатадики, прелатуранинг юрисдиксияси черковлар ва епархиядаги каби маълум бир ҳудудга эмас, балки фақат бутун дунёда яшайдиган аниқ одамлар — «Opus Dei» аъзоларига тегишли. Ташкилот апостоллик ҳаёти ва жамиятига бағишланган институт ишлари бўйича уюшмага эмас, балки епископлар жамоатига бўйсунади.
Ташкилотнинг бугуни
2008 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, прелатура 1 654 та пасторлик қарамоғидаги марказлардан иборат бўлиб, унинг аъзолари сони 88 904 тани ташкил қилган — улардан 972 нафари руҳонийлар эди. (Справочник прелатури «OPUS DEI», с. 34 , Алмати, 2010).Иерархия
Ташкилотни турли хил мажбуриятларни ўз зиммаларига олувчи «нумерария» аъзолари бошқаради («Opus Dei» аъзолари қасамёд қилмайди, чунки улар монахлар эмас, балки оддий одамлардир). Уларнинг кўплари прелатура марказларида яшайди, баъзилари кейинчалик руҳоний бўлади. «Нумерарий»лар орасида «инскрипти» деб номланган, аъзолари номаълум бўлган махсус гуруҳ мавжуд. Ушбу гуруҳ ёрдамида ташкилот прелати навбатдаги прелатни танлашда иштирок этадиган «сайловчиларни» тайинлайди.«Нумерария» аъзолари оила қурмаслик ҳақида ваъда бермайди ва улар турмуш қуришлари мумкин. Айни пайтда улар «Opus Dei»нинг тўла аъзолари ҳисобланади.
Аъзолик қандай амалга ошади?
«Opus Dei»га қўшилиш ташкилот ва унга аъзо бўлишга қарор қилган диндор ўртасида махсус шартнома тузиш йўли билан амалга оширилади. Ташкилотга қўшилиш тартиби анчайин мураккаб жараён ва у олти йилсиз амалга ошмайди. Аъзолик тартибига кўра, вояга етган аъзоликка номзод ташкилотга ёзма тарзда ариза билан мурожаат қилади, ариза олти ой ичида кўриб чиқилади, шундан кейин бир йилдан сўнггина шартномавий турдаги расмий декларация орқали (ҳар йили янгиланиб турадиган) номзод ташкилотга фақат вақтинча қўшилиш имкониятига эга бўлади. Ниҳоят, беш йилдан сўнг номзодда ташкилотга доимий аъзо бўлиш имконияти пайдо бўлади.Шартнома тузувчи жисмоний шахс бир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олади: прелатуранинг мақсадлари бўйича прелатнинг юрисдиксиясида бўлиш; прелатуранинг қонуний нормаларига риоя қилиш ва «Opus Dei» аъзоларига тааллуқли бошқа вазифаларини бажариш.
«Opus Dei» раҳбарлари
Хосемария Эскрива де Балагуэр ташкилотнинг илк раҳбари бўлиб, у ташкилотни 1928 йил 2 октябрдан 1975 йил 26 июнгача идора қилди. «Opus Dei»нинг кейинги раҳбари Альваро дел Портилё 1975 йилдан 1994 йилнинг 23 мартигача, Хавьер Эчеваррия Родригес 1994 йилдан 2016 йил 12 декабргача уни бошқарган. 2017 йил 23 январдан ҳозирги кунгача Фернандо Окарис Браня «Opus Dei»ни бошқариб келмоқда.Ташкилот фаолиятининг моҳияти
«Opus Dei» аъзолари ривожланаётган мамлакатларда туб жой аҳолига кўмак беришга қаратилган турли хил таълимий, ижтимоий ва маданий тадбирлар уюштиради. Бундай тадбирлар орасида университетлар, мактаблар, касб-ҳунарга йўналтирилган ўқитиш марказлари, кичик клиникалар, хайрия ташкилотлари ва бошқаларни ташкил қилиш кабилар бўлиши мумкин. Прелатуранинг асосий таълим муассасаси бу Римдаги еттита папа университетларидан бири бўлган Муқаддас Хоч Папа университетидир.Танқидий назар
Танқидчилар, шу жумладан, католик руҳонийлари «Opus Dei»ни хавфли ташкилот деб ҳисоблайди. Мавжуд бўлишининг бошида ташкилот ўзининг кейинчалик Иккинчи Ватикан кенгашида (1962–1965) қабул қилинган универсал муқаддасликка даъватлари туфайли «янги бидъат» деган ном олган эди. Ташкилот билан боғлиқ кўрилаётган хавф асосан «Opus Dei»нинг яширин фаолияти ва махфийлиги билан боғлиқ.Босма ва интернет нашрларида ташкилот мазҳабларга хос бўлган кўплаб амалиётлардан фойдаланади, деган мазмундаги материаллар мавжуд. Папалар «Opus Dei» фаолиятини маъқуллашини билдирди.
Қизиқарли фактлар:
- «Opus Dei» Ден Брауннинг «Да Винчи коди» романининг сюжетида муҳим рол ўйнайди.
- «Opus Dei» руҳонийлари қарамоғига берилган ибодатхоналар қаторида Венанинг асосий диққатга сазовор жойларидан бири бўлган Санкт-Петер черкови мавжуд.
- Ташкилот асосчиси Хосемария Эскрива де Балагер католик черкови томонидан канонизация қилинган эди. Ҳозирда прелатуранинг бошқа бир нечта аъзолари, шу жумладан, бир жуфтликни канонизация қилиш жараёни кетмоқда.
- Памплонада (Испания) машҳур Наварра университетининг очилиши ҳам прелатуранинг ташаббусларидан бири эди
Изоҳ (0)