Тиббиёт фанлари доктори, профессор Назира Салоҳова 77 ёшида вафот этди, деб хабар бермоқда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, эндокринолог, профессор, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондан эндокринология бўйича биринчи координатори, Халқаро диабетологлар федерациясининг (ИДФ) доимий аъзоси, Марказий Осиё диабетологлар ассоциациясининг биринчи президенти Назира Салоҳова узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этди.

Назира Салоҳова 1943 йилда Самарқанд шаҳрида давлат хизматчилари оиласида туғилган. И.М.Сеченов номидаги Москва давлат тиббиёт университетини имтиёзли диплом билан тугатган. Касбий фаолиятини Тошкентдаги Фанлар Академиясининг Биоорганик кимё институтида катта илмий ходим сифатида бошлаган.

Кейинчалик Тошкент тиббиёт институтининг эндокринология кафедраси мудири лавозимида ишлаган. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Назира Салоҳова тиббиёт фанлари номзоди ва доктори бўлган кўплаб илмий кадрлар тайёрлаган.

Бундан аввал ўзбекистонлик генетик олим Мирадҳам Абзалов, Хонобод шаҳри ҳокими Мусахон Мамадалиев, Академик Тўра Мирзаев, Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Сайдулла Элмуродов, Яшнобод туман судининг ёш ходими Шаҳбоз Турғунбоев вафот этгани ҳақида хабар берилганди.