«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
19:59, 27.09.2020 34115

Шавкат Мирзиёев академик Жуманазар Базарбаев вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Фалсафа, адабиёт ва педагогика фанлари бўйича таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Жуманазар Базарбаев 25 сентябрь куни 87 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Фанлар академияси хабар берди. ЎзАнинг маълум қилишича, олимнинг вафоти муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев, бош вазир Абдулла Арипов, Сенат раиси Танзила Норбоева, Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев ва бошқалар ўз таъзияларини билдирди.

Фото: Ўзбекистон Фанлар академияси матбуот хизмати

Жуманазар Базарбаев 1933 йил 13 ноябрда Мўйноқ туманида туғилган. Олим 1955 йили Қорақалпоқ давлат педагогика институтини тугатиб, меҳнат фаолиятини ушбу даргоҳда катта ўқитувчи сифатида бошлаган. Кейинчалик Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) аспирантурасида таҳсил олган. Дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги этиб сайланди.

Истеъдодли олим 60 йилдан ортиқ илмий-педагогик фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Тарих, тил ва адабиёт институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, бўлим бошлиғи, Нукус давлат университети (ҳозирги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети) фалсафа кафедрасининг мудири, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг ректори, кафедра мудири каби лавозимларда меҳнат қилган.

Жуманазар Базарбаев 1990–1995 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати сифатида фаолият кўрсатган.

Академикнинг нима сабабдан вафот этгани маълум қилинмаган.

Аввалроқ Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Телман Ражабов 85 ёшда, академик Зокиржон Каноков 64 ёшда, академик Саттор Турсунмуҳаммедов 91 ёшда ва профессор Собиржон Аминов 82 ёшда вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c

Бошқа янгиликлар