Наманган шаҳрининг Гулистон даҳасида қурилиши режалаштирилган Namangan City лойиҳаси бекор қилинади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашуви давомида маълум қилди, дея хабар беради «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Уйларнинг бузилиши аҳоли учун ташвиш ва қийинчиликлар туғдириши бор гап. Наманган шаҳрига қўшни туманлар ҳисобидан 3800 гектар ер майдони қўшиб берилди. Биз янги қурилишларни шу ҳудудларда олиб борамиз. Янги ерларда қурсак, тезроқ битади, одамлар ҳам овора бўлмайди.

Гулистон даҳасида кўчаларни асфальт қиламиз, ёритамиз, сув тортамиз. Бундан фуқароларимиз ҳам четда турмаслиги керак. Йиллар мобайнида сувоқ-бўёқ тегмаган хонадонлар бор. Шаҳарнинг қоқ марказидаги ҳудудга бундай ҳолат ярашмайди», — деди Шавкатжон Абдураззақов.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Йиғилганлар вилоят раҳбарининг мазкур қарорини олқишлар билан кутиб олди. Гулистон даҳасининг обод ва кўркамлиги, жиноятчиликдан холи ҳудудга айланишида ҳиссаларини қўшишларини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Наманганда ҳам Сити қурилиши 2018 йил май ойида маълум бўлганди.

Кадр: «Ўзбекистон 24»

Namangan City лойиҳаси Наманган шаҳри марказида 78 гектар майдонда барпо этилиши, бу ердан бизнес-марказ, замонавий савдо мажмуалари, 3, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар, офислар, анжуманлар саройи, кўргазма заллари, турар жой ва виллалар, ресторанлар, мактаб, болалар боғчаси ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари ўрин олиши кўзда тутилганди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, Шавкатжон Абдураззақов бугун Наманган шаҳридаги ўрганишлари давомида яна бир гавжум манзил—Марғилон кўчасидаги уйларнинг бузилиши ҳам тўхтатилишини эълон қилди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати