ДТМ Ўзбекистон ОТМларига кира олмаган абитуриентлар супер-контракт учун қачондан ариза ёзишлари мумкинлигини маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Ёшларнинг таълим олиши учун имконият яратиш мақсадида базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилмаган, лекин 56,7 балл ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентларга табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш имконияти яратилганди. 2019 йилда 32 948 нафар абитуриент ушбу имкониятдан фойдаланган.

Бунинг учун ушбу тоифадаги абитуриентлар 2020 йил 26 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасаларига мурожаат этишлари мумкин.

Маълумот учун, супер-контракт фақат биринчи йил учун тўланади (оддий контрактнинг суммаси ҳам шунинг ичида). Талабалар биринчи ўқув йилини тугатгандан сўнг кейинги ўқув йилидан бошлаб амалда ўрнатилган базавий тўлов-контракт миқдори асосида ўқишини давом эттиради.

Ўзбекистонда 2020/2021-ўқув йили учун ОТМларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларининг натижалари 25 сентябрь куни 15:00 да ДТМнинг расмий веб-сайтида эълон қилинди. Унга кўра, республика ОТМлари бакалавриатига жами 140 068 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди. Давлат гранти асосида 28 173 нафар (жами топширганларнинг 20,1 фоизи) абитуриент, тўлов-контракт асосида 111 895 нафар (жами топширганларнинг 79,9 фоизи) абитуриент талабаликка тавсия этилган.