Москвада ўтган бир сутка яна 1050 кишида коронавирус аниқланди. Бу июнь охиридан буён Россия пойтахтда COVID-19 инфекцияси билан касалланиш бўйича қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади, деб хабар беради тезкор штаб.

Фото: «Москва» агентлиги

Бироқ фаол ҳолатлар динамикаси салбийлигича қолмоқда. Аввалроқ пойтахт мерининг ўринбосари Анастасия Ракова Москвада 1304 киши инфекцияни енгишга муваффақ бўлгани тўғрисида хабар берганди.

Россия пойтахтда сўнгги бор коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг кунлик кўрсаткичи 23 июнда минг кишидан ошган. Ўшанда Москвада 1081 киши COVID-19’га чалинган. Шу билан бирга, соғайган беморлар сони ҳозиргидан юқори эди — 2578 киши.

Айни пайтда Россияда коронавирусга қарши фақат битта вакцина рўйхатдан ўтган — Гамалея номидаги марказнинг «Спутник V» вакцинаси. У август ойида клиник синовлар тугашидан олдин рўйхатдан ўтказилган. Давлат вирусология ва биотехнология илмий-тадқиқот марказининг иккинчи маҳаллий «Вектор» вакцинаси ҳам синов босқичида.

«Вектор»дан ташқари Россияда иккита чет эл вакцинаси: Хитойнинг Sinopharm ва Британия—Швециянинг AstraZeneca компанияси томонидан яратилган вакцина рўйхатдан ўтказишга тайёрланмоқда. АҚШда 9 сентябрь куни AstraZeneca фармацевтика компанияси вакцинанинг  учинчи фаза синовларини тўхтатиб қўйган, бунга беморлардан бирида иккиламчи таъсир пайдо бўлгани сабаб бўлганди. Орадан бир неча кун ўтиб, синовлар яна давом эттирилган.