Навоий вилоятига меҳмонга бораётган бухоролик бошқарувидаги Damas’да ухлаб қолиб, ЙТҲ содир бўлишига сабабчи бўлди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳи катта инспектори Фарруҳ Якубов хабар берди.

Таъкидлашича, 2020 йилнинг 15 сентябрь куни Бухоро вилоятининг Ромитан тумани «Қўрғон» МФЙда яшовчи ҳайдовчи Р.Қ. Damas автомашинасида Навоий вилояти М-37 автомобиль йўлининг 167-километрида рулда ухлаб қолган ва ҳамқишлоғининг оғир тан жароҳат олишига сабабчи бўлган.

Ҳайдовчи Damas’ида носозлиги туфайли йўл четида тўхтаб турган фуқаро С.Ж. бошқарувидаги Ford Tranzit’нинг орқа қисмига бориб урилган. Натижада Damas’да йўловчи сифатида кетаётган 30 ёшли М.А. оғир тан жароҳати олиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Кармана тумани ИИБ томонидан ҳайдовчи Р.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддасининг 1-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда Isuzu юк машинаси уриб юборган Gentra’да икки йўловчи ҳалок бўлгани хабар берилганди. Фарғонада эса 23 ёшли йигит рулда ухлаб қолиб, пиёдани уриб юбориши оқибатида, жабрланувчи шифохонада вафот этганди.