UzAuto Motors компанияси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан компанияга асоссиз оширилган нархларни бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатмасини ўз ичига олган қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев хабар берди.
Судда Монополияга қарши курашиш қўмитасидаги махсус комиссиянинг UzAuto Motors компаниясидан енгил автомобиллар нархининг асоссиз оширилган қисмини тушириш ва ортиқча олинган маблағни истеъмолчиларга қайтариш тўғрисидаги қарори кўриб чиқилади.
Депутатнинг билдиришича, суд иши 2 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди биносида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
«Кўрамиз, суд бу ишни қанчалик мустақил кўриб чиқиб, қонунларга асосан қарор қабул қиларкан.
Шунча қийинчилик билан халқ розилиги учун бошни кундага қўйиб қилинаётган ишдан ҳафсала пир бўлмасин-да, ишқилиб», — дея қўшимча қилган Расул Кушербаев.
Эслатиб ўтамиз, депутат Расул Кушербаевнинг танқидлари ортидан Монополияга қарши кураш қўмитаси UzAuto Motors АЖга нисбатан иш қўзғатган эди. Қўмита компания томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонунни бузиш аломатларини аниқлаган. Қўмитанинг 2020 йил 19 август куни ўтказилган йиғилишида махсус комиссия томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобиль нархларини асоссиз оширганини тасдиқлаган. Унга кўра, автомобиллар нархи 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширилгани аниқланган. Мазкур ўрганиш натижалари омма учун эълон қилингач, UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитаси қошидаги махсус комиссия қабул қилган қарор устидан судга шикоят қилишини билдирганди.
Изоҳ (0)