Жанубий Америка футбол конфедерацияси (КОНМЕБОЛ) Аргентина терма жамоаси ва «Барселона» клуби ҳужумчиси Лионель Мессининг дисквалификациясини олиб ташлади.
Эслатиб ўтамиз, Месси Америка Кубоги—2019 мусобақаси 3-ўрини учун кечган баҳсда қизил карточка олганди. Ўйиндан кейин 33 ёшли футболчи ҳакамликни танқид остига олган ва барчаси Бразилиянинг чемпион бўлишига қаратилганига шама қилганди.
Натижада КОНМЕБОЛ Мессини 50 минг доллар миқдорида жаримага тортган ва футболчини уч ойга халқаро ўйинлардан четлатганди. Аввалроқ Месси Аргентина терма жамоасининг Мексика, Чили ва Германияга қарши кечган ўртоқлик ўйинларини ўтказиб юборганди. У шунингдек, ЖЧ—2022 саралашидан ўрин олган Эквадорга қарши ўйинда ҳам иштирок этмаслигини керак эди. Бироқ 26 март кунига белгиланган ўйин коронавирус сабаб қолдирилганди.
Маълум бўлишича, Аргентина футбол ассоциацияси Мессининг дисквалификацияси борасида апелляция берган ва мазкур шикоят Аргентина фойдасига ҳал этилган. Бу ҳақда ташкилот раҳбари Клаудио Тапия маълум қилди.
Эндиликда Месси Эквадор (8 октябрь) ва Боливияга (13 октябрь) қарши ўйинларда иштирок этиши мумкин.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)