Чироқчида ИИБ ходимлари томонидан аёвсиз калтакланиши оқибатида вафот этган марҳум Юсуф Абдураҳмонов билан шерикликда гумонланган ҳамда ИИБ ходимлари томонидан калтакланган Баҳром Авлиёқулов уни ўлдириб юбориш билан таҳдид қилинганини маълум қилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Маълум бўлишича, Олий суд судьяси К.Толлибоев раислигидаги суд мажлисида жабрланувчи сифатида иштирок этган Баҳром Авлиёқулов ИИБ ходими унга ўлдириб юбориш билан таҳдид қилганини очиқлаган.

Баҳром Авлиёқулов

Фото: «Дарё»

Судда жабрланувчи сифатида иштирок этаётган Баҳром Авлиёқуловнинг айтишича, унга бу гапни Жасур Раҳмонов исмли ходим айтган.

«Сени ҳам, уни ҳам ўлдирамиз ва ишни бир парча қоғоз билан ёпиб юборамиз деди», — дейди ўлим билан таҳдид қилган ходим ҳақида гапирган Баҳром Авлиёқулов.

Жасур Раҳмонов.

Фото: «Дарё»

Баҳром Авлиёқуловнинг судда таъкидлашича, туман ИИБ ходими Жасур Раҳмонов унга шу гапни айтгач, «дубинка» олиб келган ва уни урган.

Баҳром Авлиёқуловнинг айбловини эшитган Жасур Раҳмонов унинг гапини рад этди ва уни судда ёлғон гувоҳлик бераётганини билдирди.

«Мен бундай демаганман. Бундай дейишим учун Баҳром Авлиёқуловда ё қасдим бўлиши керак ёки шу жиноятга алоқам бўлиши лозим. Мен ИИБда терроризим ва экстремизм йўналишида ишлайман. Менга бу жиноятнинг очилиши ёки очилмаслигининг даҳли йўқ», — деди Жасур Раҳмонов.

Фото: «Дарё»

Аввалроқ Жасур Раҳмонов 2020 йил 22 январь куни туман ИИБда навбатчилик қилган Фарид Ёдгоровдан «противогаз» олиб кетгани ва, тахминан, бир соатдан сўнг қайтарилгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, суд 2020 йилнинг 10 сентябрь куни соат 9:30 га қадар танаффус эълон қилган.