Ўзбекистон тергов тизимидаги фаолияти давомида коронавирус касаллигига чалиниб, ундан тузалган терговчилар рағбатлантирилди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.
«Тизимнинг барча хизматчилари билан бирга тергов соҳаси ходимлари ҳам хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, қонунбузарликка қарши курашиш, жиноятларни тергов қилиш, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида, қонуний ҳал қилишда фидойилик ва касб маҳоратини намоён этиб келмоқда», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, хизмат давомида фуқаролар билан мулоқотда бўлгани сабабли COVID-19 касаллигини юқтирган ходимлар даволаниб, яна хизматни давом эттирмоқда.
Маълум қилинишича, Тергов департаменти раҳбарияти ташаббуси билан жиноятларни тергов қилиш ва бошқа масалаларда фуқаролар билан мулоқотда бўлиб коронавирус инфекциясига чалинган 20 нафар ходимга соғлиғини тиклаши учун махсус фонддан 1 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам пули берилди.
«Хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, қонунбузарликка қарши курашишда ўзини намоён этган бир қатор ходимларга Тергов департаментининг махсус қўл соатлари ва хизматда фойдаланиш учун ноутбуклар топширилди», — дейилади департамент хабарида.
Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирус қурбони бўлган ички ишлар ходимлари «Жасорат» медали билан мукофотланганди.