Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ДХХ ва вилоят ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Сурияга жиҳодга чорловчи видео ва аудио материалларни тарқатиб, тарғиб қилиб келаётган фуқаро А.О аниқланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, фуқаро А.О Telegram’да алоҳида гуруҳ ташкил қилиб, диний экстремистик ва террористик ташкилотлар томонидан тайёрланган ҳижрат ва жиҳод қилиш тўғрисидаги аудио ва видео маърузаларини тарқатиб келган.
Тошкент туманида яшовчи 5 нафар танишини Сурия давлатига бориб халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшилиш ҳамда жанговар амалиётларда иштирок этишга тарғиб қилиб келаётгани аниқланган.
Шундан сўнг, ушбу беш нафар шахснинг яшаш манзилларида ўтказилган текширув ҳаракатлари давомида жиноят ишига алоқадор бўлган материаллар аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Фуқаро А.О.дан далилий ашё сифатида олинган видео ва аудио материаллар бўйича ўтказилган суд адабиёцҳунослик экспертизаси хулосасида, ушбу маълумотлар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, сақлаш ва тарқатиш та’қиқланганлиги аниқланган.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан фуқаро А.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида бир гуруҳ «Жиҳодчилар» қўлга олингани, улар орасида Суриядаги жанговар ҳаракатларда иштирок этганлар ҳам борлиги хабар берилган эди.
Мавзуга доир:
- ДХХ Наманганда Суриядаги жангарилар билан алоқа боғлаган гуруҳни қўлга олди
- Қаршида Сурияга кетиш учун босқинчилик билан шуғулланган «Жиҳодчилар» гуруҳи аъзолари қўлга олинди (видео)
- Сухондарё ва Жиззахда «Жиҳодчилар»нинг иккита гуруҳи аъзолари қўлга олинди (видео)
- Тошкентда Сурияга «жиҳод» қилмоқчи бўлган 11 нафар халқаро террорчилик ташкилоти тарафдори қўлга олинди (видео)
Изоҳ (0)