Карантин вақтида масофавий таълим бераётган ўқитувчилар учун мобил алоқа операторлари томонидан ишлаб чиқилган «Таълим» тариф режасига янада кўпроқ қулайликлар киритилмоқда, шунингдек, алоҳида «Мактаб» тариф режаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳмадов 3 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда айтиб ўтди.
2020 йил 14 сентябрдан Ўзбекистонда умумий ўрта таълим мактаблари ҳам онлайн, ҳам анъанавий тартибда иш бошлаши кутилмоқда. Таъкидланишича, масофавий таълим олувчилар учун бир қанча қулайликлар яратилган. Хусусан, умумий ўрта таълим тизимидаги ўқувчи ва ўқитувчилар мобил алоқа хизматлари учун махсус «Таълим» ва «Мактаб» тариф режалари жорий қилинмоқда.
«Карантин режими эълон қилинган вақтдан бошлаб ўқувчиларга уйдан бемалол фанларни ўзлаштириш учун барча маҳаллий тармоқ ва мобил операторлари томонидан таълим ахборот-ресурслари жойлаштирилган веб-сайтларга бепул кириш таъминланди. Бундан ташқари, масофавий таълим беришда устоз ва мураббийлар учун мобил алоқа хизматларидан қулай шартларда фойдаланиш мақсадида махсус ‘Таълим’ тариф режаси жорий этилган. Ҳозирги кунда ушбу тариф режасига янада кўпроқ қулайликлар киритилмоқда. Қолаверса, масофавий таълим учун янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида алоҳида имтиёзли ‘Мактаб’ тариф режаси ишлаб чиқилиб, ҳозирда жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда», — деди Шерзод Аҳмадов.
2020 йил бошидан бери интернетга кенг полосали уланиш имкониятларни кенгайтириш мақсадида 9 минг километрдан ортиқ оптик толали алоқа линиялари қурилди. Уларнинг асосий қисми ижтимоий соҳа объектлари учун ташкил этилди, хусусан, республикадаги 10 мингга яқин халқ таълими муассасаларининг барчасига оптик толали алоқа линияларини қуриш бўйича ишлар олиб борилди.
Мобил алоқа хизматлари қамровини кенгайтириш ва хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида 1 375 та қўшимча янги мобил алоқа база станцияси ўрнатилди ва 3000 дан ортиқ мавжуд база станцияси юқори тезликдаги интернет технологиялари асосида модернизация қилинди.
Изоҳ (0)