Пандемия шароитида Россия аҳолисининг умумий сони, дастлабки тахминларга кўра, 2020 йил якунларига келиб 158 минг кишига камаяди, деб ёзмоқда «РБК» ҳукуматнинг миллий ривожланиш мақсадларига эришиш лойиҳасига таяниб. Бу сўнгги 14 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Фото: «Коммерсантъ»

Россияда аҳоли сонининг кескин камайиб кетиши 2006 йил якунларида қайд этилганди. Ўшанда мамлакат аҳолиси 373,9 минг кишига қисқарган.

Ҳужжатга кўра, фақат 2022 йилга келибгина аҳоли сони яна ошиши кутилмоқда. Ҳукумат режасига кўра, аҳоли сони ўсиши бўйича ижобий динамикани 2021 ва 2022 йилларда мос равишда 273,1 минг ва 287,4 минг кишигача етиши кутилаётган миграция оқими таъминлаб бериши лозим. 2023 йилда эса бу кўрсаткич 300 минг кишидан ошади.

Россия давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, аҳолининг табиий камайиши 2020 йил биринчи ярмидаёқ 265,5 минг кишини ташкил этган (946,5 нафар ўлимга 681 минг нафар туғилиш тўғри келган).

Пандемия шароитида 2020 йил январь—июнь ойларида ўлим даражаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,1 фоизга ўсган, туғилиш эса 5,4 фоизга камайган.

Хабарда айтилишича, Россияда қашшоқлик даражаси 2019 йилдаги 12,3 фоиздан кейин 2020 йилда 13,3 фоизгача ошади. Россия миллий ривожланиш мақсадларидан бири бу қашшоқлик даражасини икки бараварга, яъни 2030 йилга келиб 6,5 фоизгача қисқартиришдир.