Бундан роппа-роса 106 йил олдин, 1914 йил 30 августда тарихчилар кейинчалик «Биринчи жаҳон уруши давридаги шарқий фронтда юз берган энг улкан жанг» деб номлаган даҳшатли жанг якунланди. Тарихшуносликда ушбу жанг «Танненберг жанги» деб номланади. Гувоҳлар ва иштирокчилар эса бу жангга нисбатан «Танненберг фалокати» деган атамани афзал кўрган. Масалан, 5-Калуга пиёда полкининг 2-батальон қўмондони Юлий Бучинский 1939 йилда ўз хотираларини нашр этганда уни шундай номлаган. «Дарё» сана муносабати билан жанг тафсилотлари ва тарихий аҳамияти ҳақида ҳикоя қилади.
«Танненберг фалокати»
Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди. Биринчи жаҳон уруши тарихидан озгина бўлса-да хабардор бўлган ҳар бир киши рус қўшинларининг шарқий Пруссиядаги ҳарбий операцияси қандай муваффақиятсиз тугаганини ва бунда генераллар Павел Ренненкампф ва Александр Самсоновларнинг қандай роли борлигини яхши билади. Аслида бу операцияга нисбатан «фалокат»сўзи ҳам жуда юмшоқ ўхшатишдир.Чунки шарқий Пруссия операциясининг умумий натижасида руслар ўз қўшинларнинг 64 фоизини йўқотган ва оғир ҳолатда чекинган. Таққослаш учун: йўқотишларга хотиржам муносабати билан танилган таниқли қўмондон, Пруссия қироли Буюк Фридрих «Агар давлат ўз қуролли кучлар шахсий таркибининг 56 фоизини йўқотса, бу деярли тўлиқ мағлубиятдир» деган эди.
Эътибор беринг, бу жангда нафақат оддий «кул ранг пальтолар», яъни Россия армиясининг оддий аскарлари зарар кўрган, балки офицерлар корпуси ҳам жиддий йўқотишларга учраган. Ҳаттоки генерал Александр Самсоновнинг ўзи жангнинг қайғули якунини англаб, ўрмонда ўзини отиб ташлаган. Бу эса ўз навбатида унинг бошқарувидаги 2-армиянинг бошқарувчанлиги ва руҳий ҳолатига таъсир кўрсатмай қолмаган.
Муқаддас фалокат
Бу борада кўп рус тарихчилари «ҳа, эҳтимол, бу фалокат бўлган, аммо бу муқаддас фалокатдир» деб сўз юритади. Яъни Антантанинг умумий ғалабаси учун зарур бўлган қурбонлик. Ренненкампф ва Самсонов қўшинлари шарқий Пруссияга ўтиб, белгиланганидан олдинроқ зарба беришди. Лекин нима учун? Чунки французлар шуни сўраганди, французларнинг ҳимояси немисларнинг шиддатли зарбаларига дош бера олмаган ва улар бунинг оқибатида деярли Парижгача чекинган.Россиянинг шарқдан бостириб киришидан хавотирга тушган немислар Франциядан иккита корпусни кўчиришга мажбур бўлди, бу эса немисларнинг ҳужумини тўхтатди ва «Марнадаги мўъжиза» юз бериши учун замин яратди. Рус тарихчиларининг сўзи билан айтганда Танненбергда берилган русларнинг қурбони бежиз кетмади: доим ўзининг иттифоқдош мажбуриятларига содиқ бўлган Николай II катта қурбонлар эвазига Францияни қутқарди.
Аслида мақсад нима эди?
Руслар томон юборилган иккита немис корпуси вазиятни ўзгартиришга қодирмиди? «Биринчи жаҳон уруши. 1914 йилги фалокат» китоби муаллифи, инглиз тарихчиси Макс Макдоналд бунга амин эмас. Немисларнинг Парижни эгаллай олмаслигига Россиянинг шарқий Пруссияга бостириб кириши эмас, балки ҳаракатчанликнинг йўқлиги, тактика ва разведканинг бир қатор хатолари ва ниҳоят бундай кўп сонли қўшинларни бошқаришда нотўғри ҳисоб-китоблар сабаб бўлган.Бундан ташқари, агар холис ёндашиб қарайдиган бўлсак, рус қўшинларининг немисларга ҳужуми «қон кечиб бўлса-да Парижни қутқариш» эмасди, уларнинг асл мақсади Берлинни эгаллаб, урушни кўтарасига тугатиш эди. Айрим рус тарихчиларининг асл мақсад Францияни қутқариш эди, каби гаплари бу дарахтдаги олмани ўқ билан ура олмай, ўзи дарахтнинг шохини нишонга олгандим дейишдай гап.
Дарҳақиқат, рус қўшинларининг Берлинга нисбатан битта (аммо муваффақиятли) зарбаси кейинчалик бутун уруш йўналишини ўзгартириб юбориши мумкин эди. Урушдан олдин ҳам Германиянинг дала бош штаби қўмондони Ҳелмут фон Молтке: «Агар руслар Берлинга етиб келса, бизнинг ғарбий фронтдаги барча ютуқларимиз бефойда бўлади», деб айтганди.
Бу содир бўлиши мумкинмиди?
Ҳа, бу мумкин эди. Германия бош штаби Россия ҳужуми ҳақида хабар топгач, ниҳоятда ташвишга тушди. Айниқса, 20 август куни Гумбинненда Ренненкампф билан тўқнашувда немис қўшинларининг мағлубиятга учраши ва Германия 8-армияси қўмондони Максимилиан фон Притвитс Висладан ортга чекинишга қарор қилгани Германия бош штабини қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Кейин эса Самсонов ўзининг иккинчи армияси билан етиб келди. Вазият ўта оғир эди. Агар ҳамма нарса худди шу руҳда давом этса, Берлин учун жиддий хавф туғилиши аниқ эди. Ҳаттоки, Россия бош штабининг бошлиғи генерал Яков Жилинский аллақачон шарқий Пруссия генерал-губернатори лавозимини эгаллашга умид қиларди.Катта саҳнада Гинденбург ва Людендорфф тандеми
Бироқ Германия бош штабни рокировка қилишга қарор қилди. Омадсиз фон Притвитс 8-армия қўмондони лавозимидан четлаштирилди. Унинг ўрнига кучли тандем қўйилди: Паул фон Гинденбург армия қўмондони лавозимига тайинланган бўлса, Эрих Людендорфф у билан бирга штаб бошлиғи бўлди. Висла дарёси ортига чекиниш тўхтатилди. Аммо бундай кучли рус қўшинига ҳужум қилиш қўрқинчли эди. Энг муҳими, руслар нима қилишлари ва кейинги зарбани қаерга беришлари аниқ эмасди. Немис армиясининг разведка штаби рус радиограммаларини қўлга киритганида ҳамма нарса аниқ бўлди.Уруш тақдирини белгилаб берган энг қўпол хато
25 август куни Ренненкампфнинг радиохабаридан маълум бўлишича, у ҳатто бор кучи билан Самсоновга қўшилишга шошилган тақдирда ҳам орадан бир кун ўтса-да, немисларга орқа томондан таҳдид қилиш позициясидан жуда узоқда бўларди. Самсоновнинг радиохабаридан маълум бўлдики, у немисларнинг кичик бир қисми билан кечаги тўқнашувни катта ғалаба деб қабул қилди, немис отрядларининг чекинишини ваҳима билан қочиш деб ўйлади. У душманни таъқиб қилишга қарор қилди.Гинденбург ва Людендорфф ўз омадларига ишонмади. Наҳотки япон урушининг қаҳрамонлари бўлган генерал Самсонов ва Ренненкампфлар улкан тажрибага эга бўлатуриб, шунчаки бепарволик қилишди? Улар ўзаро хабарларни наҳот оддий очиқ радио орқали, ҳатто уларни шифрламасдан алмашадилар? Ҳа, улар айнан шундай катта хатога йўл қўйган эди. Берлин ёки Кёнигсбергни эгаллаш режаларининг қулаши, шунингдек, русларнинг умумий мағлубияти ўша пайтнинг ўзида ҳал бўлган эди.
Натижада рус армияси тор-мор этилди. Жангда 56 мингдан ортиқ рус қўшинлари ўлдирилди, яраланди, асирга олинди. Ушбу жангдаги қақшатқич мағлубият Россиянинг Биринчи жаҳон урушида ғалаба қозонишига умуман умид қолдирмади, бу эса ўз навбатида мамлакатда тез орада содир бўлиши керак бўлган болшевиклар инқилобига замин ярата бошлади. Бу энди умуман бошқа ҳикоя...
Нурбек Алимов тайёрлади.
Изоҳ (0)