2020 йил охирига бориб Ливан аҳолисининг ярмидан кўп қисми Байрутда 4 август куни содир бўлган портлаш асоратлари туфайли оч-наҳор қолиб кетиши мумкин. БМТнинг Ғарбий Осиё бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси шундай хулосага келган.
Хабарда портнинг мамлакатдаги асосий логистик инфратузилма эканлиги қайд этилган. Коронавирус пандемияси ва ишсизлар сонининг кўпайишидан кейин мазкур портлашнинг ҳам содир бўлгани оқибатида Ливанда аҳолининг ярмидан кўпроқ қисми асосий егуликлардан маҳрум бўлиши мумкин.
Мазкур хавф туфайли комиссия томонидан мамлакатда иқтисодиётни ўзига келтирадиган, ишсизликни енгиб ўтиш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги, хусусан, қишлоқ хўжалигидаги вазиятни ўнглаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилган. Аввал Ливан ҳукумати портлаш оқибатида келтирилган зарар миқдори 15 миллиард АҚШ долларидан зиёд эканлигини билдирганди.
Портлаш 4 август куни содир бўлган. Ҳодиса 2014 йилда Грузиядан Мозамбикка юк олиб кетаётган россиялик тадбиркор Игор Гречункинга тегишли кемадан мусодара қилинган 2750 тонна оғирликдаги аммиак селитраси портлаши оқибатида содир бўлган. Ливан бош вазири Байрутдаги мазкур портлашга узоқ йиллар давом этган коррупция ҳолатлари сабаб бўлганини айтган.
Портлаш оқибатида Байрут шаҳрининг деярли ярми қисман ёки тўлиқ вайрон бўлган, 300 минг нафар одам уйсиз қолган. Сўнгги маълумотларга кўра портлаш туфайли 190 киши ҳалок бўлган, 6500 нафар одам турли жароҳатлар олган.
Изоҳ (0)