Ижтимоий тармоқлар орқали қозоғистонликларни ҳақорат қилган Ўзбекистон фуқароларининг шахси аниқланди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Ижтимоий тармоқларнинг қозоқ сегментида тарқалган видеолавҳа кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Унда ўзбекистонлик икки йигит маст ҳолатда қозоғистонлик фуқароларнинг шаънига тегадиган даражада, куракда турмас сўзларни айтган.
Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида бу шахсларнинг кимлиги аниқланган. Улар Хоразм вилоятида яшовчи ака-укалар бўлиб, илгари Қозоғистонда ишлашган. Ҳозирги вақтда Россияда меҳнат қилмоқда.
Ўтказилган профилактик суҳбат давомида улар ўз ишидан пушаймон эканини, ўша пайтда маст ҳолда бўлгани сабабли, оқибатини ўйламасдан сўзлаганини билдириб ўтган.
Ушбу икки нафар эркак қозоғистонликлардан узр сўраган.
Изоҳ (0)