Май ойида Сўх туманида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар ортидан қўзғатилган жиноят иши доирасида бир нечта фуқаро ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди.

Дадахон Ҳайдаров.

Фото: «Gazeta.uz»

Кейинчалик улар орасида бош вазир билан учрашувда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг истеъфосини сўраган блогер Дадахон Ҳайдаров (Ҳайдаржон Бобоҳайдаров) ҳам борлиги маълум бўлди.

Блогернинг тўсатдан ғойиб бўлиб, бунинг ортидан отаси «Gazeta.uz»га ўғлини 22 август куни вертолётда бошига қоп кийдириб олиб кетишгани ҳақида айтгач, жамоатчиликда кўплаб саволлар пайдо бўлди.

Бош прокуратура Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг ҳибсга олинганидан 8 кун ўтиб, бу ҳақда ахборот берди. Унда Бобоҳайдаров жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, Жиноят процессуал кодексининг 226-моддаси (ушлаб турилганларни сақлаш жойлари) тартибида ушлангани айтилади.  30 август куни ижтимоий тармоқларда блогернинг онаси Азиза Эралиеванинг очиқ мурожаати пайдо бўлди. Унда она Президентдан фарзандини афв этишни сўраган.

«Kun.uz»нинг ёзишича, нашр мухбири Фарғона шаҳрида бўлиб, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи ва блогернинг адвокати билан суҳбатлашган.

Фарғона вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Алишер Бобохўжаев ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилган.

«2020 йилнинг май ойида Сўх туманининг Чашма қишлоғида Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида тўқнашув юз берган. Оммавий тартибсизликларнинг олдини олиш ва аҳолини тинчлантириш мақсадида ҳодиса жойига етиб борган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва ҳокимлик вакилларига Ўзбекистон фуқаролари томонидан фаол қаршилик кўрсатиш ҳолатлари содир этилган. Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилоят прокуратураси томонидан 2020 йил 1 июнь куни Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддалари (оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида «Дадахон» тахаллуси билан танилган Ҳайдаржон Бобоҳайдаров оммавий тартибсизликлар вақтида фаоллик кўрсатиб, ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатишда иштирок этганлик ҳолатлари бўлгани сабабли ушбу фуқаро жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ва Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ушлаб туриш муддати жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ажрими билан Жиноят процессуал кодексининг 226-моддаси тартибида 10 суткага узайтирилган. Ҳозирда Ҳайдаржон Бобоҳайдаровга айб эълон қилиш билан боғлиқ ҳолатлар текширилмоқда. Ушбу масала тергов ҳаракатлари давомида ҳал қилинади», – деган Алишер Бобохўжаев.

Прокуратура вакили гумонланувчининг ИИБ ходимлари томонидан бошига қоп кийдириб, олиб келинганини рад этди. Шунингдек, унинг саломатлигидан шикоят келиб тушмаганини билдирди.

«Бобоҳайдаров Ҳайдаржон Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда. Ҳибсхонада кузатув камералари ўрнатилган», – деган прокуратура расмийси.

Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг адвокати Ҳамидахон Абдуназарованинг сўзларига кўра, ҳимояси остидаги шахсга нисбатан тўпланган далиллар етарли эмас ва ҳозирча унга тақдим этилмаган.

Адвокат блогернинг яқинлари билан ҳимояга оид шартнома имзолагач, 29 август куни вилоят ИИБ ҳузуридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида бўлиб, у билан суҳбатлашган. Абдуназарова шу суҳбатда олган маълумотлари асосида жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмагани, Бобоҳайдаров ҳозирча ишда фақат гумон қилинувчи тариқасида иштирок этаётгани, унинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ процессуал тартибда расмийлаштирилган ҳужжатларда мижозига нисбатан бирор-бир қонун бузилиши ҳолати юз бергани аниқламаганини айтган.

Шунингдек, адвокат блогернинг ҳибсга олинишига унинг Сўх воқеалари вақтида бош вазирга вилоят ҳокимини лавозимидан олиш ҳақида таклиф киритганининг алоқаси йўқлигини, ҳимояси остидаги шахс бошига қоп кийдириб, олиб кетилгани ҳақида ҳеч нарса демаганини билдирди.

Абдуназарованинг қўшимча қилишича, ҳимояси остидаги шахс бирор тазйиқ ёки тан жароҳати етказишга оид ҳолатлардан шикоят қилмаган бўлса-да, ҳибсхонадаги ётоқ шароитидан нолиган: унга ётиши учун матрас берилмаган. Ҳибсхона маъмурияти эса буни ички тартибга мувофиқ икки қаватли ётоқнинг иккинчи қаватида ётадиганларга матрас берилмаслиги, уларнинг соғлиғини сақлаш учун шундай йўл тутилиши билан изоҳлаган.

«Прокуратура ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида жиноят ишининг бошқа тафсилотлари ошкор қилинмаслигини айтмоқда», – дейилади «Kun.uz» хабарида.