Сўх туманида 31 май ва 1 июнь куни юз берган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида 22 август куни блогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаров (YouTube’да Дадахон Ҳайдаров тахаллуси билан Денгиз ТВ каналини юритади) ушлангани маълум бўлган эди. Йигитнинг отаси Шерали Эралиев «Gazeta.uz» нашрига берган интервьюсида ўғли 22 августдан бери қаерда сақланаётганидан бехабарлигини билдирган.

Ушбу ҳолат юзасидан 30 август куни Бош прокуратура матбуот хизмати баёнот бериб, блогернинг ушланганини тасдиқлади, бироқ «Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслиги»ни билдирди. Айни вақтда ижтимоий тармоқларда блогернинг онаси Азиза Эралиеванинг очиқ мурожаати пайдо бўлди. Унда она Президентдан фарзандини афв этишни сўраган.

Ассалому алайкум, Шавкат Миромонович! Мен Фарғона вилояти Сўх туманида яшовчи Бобоҳайдаров Ҳайдаржоннинг онаси Эралиева Азиза бўламан. Шу йил 31 май куни Сўх туманида бўлиб ўтган воқеалардан Сўх туманининг барча халқи чуқур афсусдамиз. 1 июнь куни бош вазиримиз Абдулла Арипов Сўхга келди ва халқ билан мулоқот қилди. Ўша мулоқотда ўғлим Бобоҳайдаров Ҳайдаржон қатнашди, сўзга чиқиб, Сўхдаги баъзи муаммоларни айтди. Ўзи билмаган ҳолда, ҳиссиётга берилиб, туман ҳокимини, вилоят ҳокими — Шуҳрат Ғаниевни ишдан олишни таклиф қилган.

22 август куни эрталаб соат 8:30 да ички ишлар органлари ходимлари уйимга бориб, ўғлим Бобоҳайдаров Ҳайдаржонни огоҳлантиришсиз олиб кетди. Фақат кечга бориб ўғлимни Фарғонага олиб кетишганини билдим. Муҳтарам Шавкат Миромонович, сиздан илтимос, ёрдам беринг бизга (йиғлайди). Ўғлим Бобоҳайдаров Ҳайдаржон энди 22 ёшга кирди ҳамда саккиз ойлик ўғли бор. Муҳтарам Президент Шавкат Миромонович ҳамда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевдан илтимос қилиб, ўз номимдан, ўғлим номидан, оиламиз номидан кечирим сўрайман, узр сўрайман.

Илтимос, муҳтарам Шавкат Миромонович, ўғлимни афв этинг! Сизлардан яна узр сўрайман!

Азиза Эралиева, сўхлик блогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаров (Дадахон Ҳайдаров)нинг онаси

Аввалроқ Қирғизистонда қўлга олинган журналист Бобомурод Абдуллаев Тошкентга олиб келингач, 22 август куни халқ-атвор қоидаларига риоя қилиш ҳақидаги тилхат асосида озод қилинган эди. Унинг озод қилинишига онасининг Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилгани сабаб бўлгани айтилган эди.

«Тақдиримдан хавотир олиб, онам сизга мурожаат қилган экан. Шу онаизорнинг мурожаатини ерда қолдирмай, кўриб чиқибсиз, Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Каттадан-катта раҳмат, ҳурматли Шавкат Миромонович!», — деганди Бобомурод Абдуллаев озод этилганидан кейин эълон қилинган видеомурожаатида.