Тошкентда 1—7 август оралиғида 1 дона йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган ва унинг оқибатида икки киши тан жароҳати олган. 15 августдан кейинги биринчи ҳафтанинг ўзида 17 та ЙТҲ содир этилган ва унинг оқибатида 3 киши вафот этган, 22 киши турли даражада тан жароҳати олган. Бу ҳақда «Замон» информацион дастурида маълум қилинди.

Фото: «Дарё»

Таъкидланишича, мамлакатда карантин чоралари енгиллаштирилганидан сўнг, йўл-транспорт ҳодисаларининг кескин ошиши кузатилмоқда.

«Айрим ота-она ёки ака-укаларимизнинг фарзандларимизга нисбатан бефарқлиги, ҳайдовчиларнинг ўз яқинларига бепарво муносабати бўлаётгани аянчли оқибатларга сабаб бўляпти. Кечки соат 18:00 дан тунги 03:00 гача бўлган вақт оралиғини таҳлил қилганимизда, бегуноҳ инсонларнинг ҳалок бўлиши ёки тан жароҳати олиб шифохонага мурожаат этиши ҳолатлари кўпроқ кузатилмоқда», — дейди Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ бошлиғи Рафиқжон Жалилов.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг январидан 20 августга қадар жами 403 йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган бўлиб, уларнинг оқибатида 57 киши ҳалок бўлган, 470 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Болалар иштирокидаги эса 38 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган бўлиб, унинг оқибатида 6 нафар бола ҳалок бўлган.

Аввалроқ ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Ўзбекистонда 2020 йилнинг ўтган етти ойи давомида содир этилган жиноятларнинг ҳар учтадан биттаси фирибгарлик, ўғирлик ва йўл-транспорт ҳодисаси ҳисобига тўғри келаётгани тўғрисида маълум қилганди.