410 йил 24 август куни вестготлар Римни ишғол қилди. Бу воқеанинг аҳамиятли жиҳати у бир даврни якунлаб янги даврни очиб берди. «Дарё» анъанавий тарих рукнида мазкур тарихий воқеа ҳақида ҳикоя қилади.
Тарихий шароит
IV аср ўрталарида бутун дунёни титратган ҳунлар ғарбга қараб юра бошлади. Шу даврда герман қабилалари бўлмиш готлар Рим империяси ҳудудларини эгаллади. Бу давр тарихда халқларнинг буюк кўчиш даври деб номланади. Айнан шу даврда ғарбдаги энг йирик империя бўлган Рим империяси заифлашиб борди ва парчаланиш арафасига келиб қолди.Вестготлар Рим империяси ҳудудларини эгаллай бошлади. Дастлаб болқонларни ишғол қилган вестготлар Фритиргерн бошчилигида 378 йилда Андринопол жангида император Вален устидан ғалаба қилди ва уни жангда ўлдирди. Унинг вориси император Теодосий готлар билан 382 йилда тинчлик шартномаси имзолашга эришди. Шартномага кўра, вестготлар империянинг автоном вассалларига айланди ва империя шимолида Дакия ва Тракияда жойлашди (Herwig Wolfram, History of the Goths, Trans. Thomas J. Dunlap, (University of California Press, 1988), p. 133).
Фритигерннинг вориси Аларих Рим армияси сафида бир қатор жангларда иштирок этди. Асосан олд сафларда жанг қилган готлар қирилиб кетади бошлади. 395 йилда император Теодосий мамлакатни икки қисмга бўлиб икки ўғлига берди. Шарқий Рим империяси Аркадийга, ғарбий Рим империяси Онориусга берилди.
Теодосий ўлимидан кейин қувват амалда армия генераллари қўлида тўпланди. Шарқда вестгот Аларих, ғарбда вандал Стиликон. 402 йилда вестготлар хавфи таҳдиди остида ғарбий пойтахт Миландан Вренга кўчирилди. Аларих бир неча бор Италияни эгаллашга ҳаракат қилиб кўрди. Бироқ ҳар сафар Стиликон томонидан қайтарилди. Оқибатда, Аларих Стиликонга жангларда ёрдам беришга мажбур бўлди.
408 йилда император Аркадиус (Аркадий) вафот этди ва Онориус тахтни даъво қилиб шарққа юришга қарор қилди. Стиликон эса унинг ўрнига боришни таклиф қилди. Шу даврда Стиликон шарқий Рим тахтига ўзи ўтирмоқчи деган миш-мишлар тарқаб кетди. Натижада, Олимпиус бошлиқ бир гуруҳ ҳарбийлар исён кўтарди ва исён пайтида Стиликоннинг кўплаб одамлари ўлдирилди. Стиликон халқ душмани деб эълон қилинди. Олимпиус эса «магистер оффиcиум» деб эълон қилинди.
Стиликон томонидан асирга олинган қуллар Аларих томонга қочиб борди. Натижада, катта армияга эга бўлган Аларих римликлар билан келишишга ҳаракат қилиб кўрди. Император у сўраган ерларни беришдан бош тортди. Оқибатда, Аларих Римни эгаллаш билан таҳдид қилди. 408 йилги уриниш бесамар кетганидан сўнг, 410 йилда иккинчи бор уриниб кўришга қарор қилди (Umberto Roberto, Le 24 Août : Alaric entre dans la Ville, revue L'Histoire, Paris Octobre 2015, p.60).
Римнинг ишғол қилиниши
Рим император Аврелиан даврида мустаҳкам девор билан ўралган эди. Аммо бу вақтга келиб шаҳар ҳимоясиз эди. Сабаби Италияни ҳимоя қилишга тайинланган аскарлар бошқа шаҳарларга тарқатиб ташланган эди ва Римни ҳимоя қилиш учун бирорта ҳам гарнизон йўқ эди. Асосан элитадан таркиб топган Претория гвардияси эса 312 йилда император Константин томонидан тарқатиб юборилган эди. Равенда бўлган император Онориус Римни қутқаришга ҳаракат қилмади (Umberto Roberto, Le 24 Août : Alaric entre dans la Ville, revue L'Histoire, Paris Octobre 2015, p.60).Шундай қилиб, ҳимоясиз қолдирилган Римга 410 йилнинг 24 август куни Аларих бошлиқ Вестготлар Салариа дарвозаси орқали кириб келди. Баъзи манбаларда қандайдир хиёнаткор дарвозаларни очиб бергани айтилган (Catherine Virlouvet (dir.) et Claire Sotinel, Rome, la fin d'un empire : De Caracalla à Théodoric 212 apr. J.-C - fin du Ve siècle, Paris, Éditions Belin, coll. “Mondes anciens”, 2019, 687 p.).
Шундан сўнг шаҳар уч кун мобайнида талон-торож қилинди. Улар сенаторларнинг уйларидан тортиб, жамоат биноларигача талон-тарож қилдилар. Шунга қарамай, Аларих одамларни ўлдирмасликни ва аёлларнинг номусига тегмасликни буюрди. Жон сақлаш учун муҳим жой бўлган Авлиё Павел ва Авлиё Пётр ибодатхоналарига ўт қўймаслик ҳам буюрилди. Жангчилар черковларга яшириниб олганларга тегмади ва у ердан олинган нарсаларни қайтариб берди.
Бироқ шаҳарнинг бир қисмига ўт қўйилди. IV асрлик Август давридан Теодосийгача бўлган давр архивлари йўқ қилинди. Империянинг ижтимоий ҳаётига доир қимматли маълумотлар йўқ қилинди, шу тариқа тарих улкан йўқотишга учради. Сақланиб қолган баъзи ҳужжатлар Ватикан ва Константинопол архивларидан жой олди. Кўплаб санъат асарлари, жумладан, ҳайкаллар кераксиз деб баҳоланиб бузиб ташланди. Кутубхоналар ёқиб юборилди, университетлар вайрон қилиниб, ўқитувчилар ўлдирилди. Аларихнинг тақиқлашига қарамасдан, кўплаб қатлиомлар қилинди. Кўплаб римликлар Шимолий Африка, Фаластин, Мисрга қараб қочди.
Шундан сўнг Аларих шаҳарни тарк этиб, жанубга қараб юрди. Ўзи билан эса императорнинг опасини ҳам бирга олиб кетди. Неаполни эгаллаб, Сицилияга ўтиш чоғида вафот этди. Унинг вориси Атаулф эса шимолга қайтиб кетди.
Ишғол оқибатлари
Римнинг ишғол қилингани хабари империяда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Авлиё Жером ишғол қилинган Римни «римликларнинг қабри» деб атади. Одамлар орасида турли ваҳималар тарқади. Бутпарастлар Римнинг қулаши христианликнинг гуллаб-яшнашига замин яратди деб ҳисоблади.Баъзи тарихчилар Римнинг қулашини 476 йил эмас, балки 410 йилдан ҳисоблайди. Чунки 410 йилдан кейин келган императорлар манфаатли гуруҳлар томонидан бошқариладиган заиф, қўғирчоқ императорлар бўлган. Улар, одатда, ёш болалар бўлган.
Шу даврдан бошлаб ғарб ҳам, шарқ ҳам заифлаша борган. Ушбу воқеа тарихчиликда антик даврнинг тугаб, ўрта асрлар даврининг бошланиши сифатида талқин қилинади. Ғарбий Рим империяси 476 йилда қулади, Шарқий Рим империяси эса XV асргача, Константинопол фатҳ этилгунга қадар мавжуд бўлди.
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)