Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош врачи, Тошкент вилоятининг бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева давлат томонидан коронавирусга чалинган беморлар даволанаётган давлат тиббиёт муассасасига етарлича эътибор қаратилмаётгани ҳақида жамоатчиликка мурожаат қилди. Унинг мурожаати «Kun.uz» томонидан эълон қилинди.

«Мен Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош врачиман. Шифохонамиз 1960 йилда ташкил топган. Бошида бу шифохона Чирчиқ шаҳрига қарашли бўлиб, 100 та койкага мўлжалланган бўлган. Сўнгра койкалар сони 80 тагача қисқартирилди, кейинроқ, 2000 йилда Чирчиқ шифохонаси вилоят шифохонасига ўтказилди. Бу ердаги реанимация ва қабул бўлимлари ҳам қисқариб кетди.

Президентнинг 2017 йил 6 сентябрдаги қарори билан мен Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг бош врачи этиб тайинландим. Келганимда бу ерда на реанимация, на қабул бўлими, на ОИTВ бўлими бор эди — фақат ўткир ичак инфекциялари ва ҳаво-томчи инфекциялари бўлими фаолият кўрсатарди.

Бу ерда иш бошлаган давримда Президентнинг бир қатор қарорлари чиқди, улар асосида биринчи галда реанимация бўлими тузилмасини ташкил этдик. Чунки бу муҳим эди, оғир касалларни Тошкент вилояти бўйича олиб борадиган жой йўқ эди.

Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига реанимация бўлимини қайта жиҳозлаш ва ускуналар билан таъминлашда молиявий ёрдам сўраб бир неча бор мурожаат қилдик, лекин мурожаатларимиз жавобсиз қолиб кетди.

Президент қарорига кўра тузилмага ўзгартиришлар киритилди ва ОИTВ бўлимини очдик, чунки Тошкент вилоятида биттаям ОИTВ бўлими йўқ эди. Аввалига ОИTВ  бўлимида 10 та, сўнгра 20 та койка очилди. Худди шунингдек, ОИTВ бўлимини қайта жиҳозлаш ҳамда зарур ускуналар учун маблағ сўраб хат ёздик.

15 март куни пандемия эълон қилингач, эртасига шифохонамизни карантин зонаси сифатида ёпиб қўйишди. Бизга шунчаки COVID-19 юқтирганликда гумон қилинганлар эмас, иситмаси кўтарилган ва COVID-19’нинг дастлабки клиник симптомларига эга инсонларни ётқиза бошлашди.

Адашмасам, 2020 йилнинг 30 январида зарур шароитлар яратиш ва керакли ускуналарни етказиб бериш бўйича Президент қарори чиққанди. Бироқ март ойида ҳам бизга ҳеч қандай ускуна етказиб берилмади.

Карантин зонасида ишлаб, анча билим-кўникмаларни ошириб олганимиздан сўнг иккинчи карантинда бизга нималар, қандай препаратлар кераклигини билардик. Зарур нарсаларни кўрсатиб хат ёзганимизда икки кундан сўнг бизнинг беморлар ва тиббиёт ходимларимизни Ўртасарой карантин зонасига ўтказиш тўғрисида буйруқ келди.

Бутун Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари ва соғайган беморлар гуллар билан уйига кузатилаётганида бу ерга кузатув остида автобусларда келтиришарди, улар орасида ‘мусбат’ натижали беморлар ҳам бор эди, уларни ‘вагончаларъга жўнатишарди. Бизнинг ходимларни ҳам ‘вагончаларъга жўнатмоқчи бўлишди. Лекин мен вилоят ҳокими ва соғлиқни сақлаш вазирига мурожаат қилиб, ҳеч бўлмаса миннатдорлик тариқасида врачларимиз 14 кунлик карантинни ўз шифохонаси ҳудудида ўташини сўрадим. Ходимларимизга ички карантинни якунлаганимиздан кейин ўз функсионал мажбуриятимизни юқумли касалликлар бўлими сифатида давом эттиришимиз ҳақида буйруқ чиқди.

Шундан сўнг ССВнинг буйруғи чиқди, унда Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасини коронавирус юқтирган беморларни қабул қилиш ва даволашга тайёрлаш кўрсатилган эди — бу вазирнинг 82-сонли буйруғида айтилган. Бизни яна эътиборсиз қолдириб, ҳеч қандай ускуна бермасдан бошқа муассасаларни таъминлай бошлашди. Ҳолбуки, биз бош инфекцион марказ ҳисобланамиз.

Биз қатор идораларга, жумладан, Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига Президент қарорига кўра бизга ваъда қилинган мукофот пулларини сўраб хат ёздик. Балки, бу тақдир ҳазилидир, Тошкент вилоят ССБнинг 209-буйруғи чиқди, унга кўра бизда ётган беморлар бошқа муассасага кўчирилди. Аниқланишича, бизнинг беморларимизни даволаш учун мукофот пулини улар кўчирилаётган шифохонадаги ходимлар олишар экан.

Бизга ССВдан қўнғироқ қилишиб, ‘сизларга 10 та оксигенератор ажратилди, Зангиотадаги омбордан олиб кетишингиз мумкин’, деб айтишди. Машина жўнатдик, ускуналар юкланаётган пайтда Тошкент вилоят ССБ бош бухгалтери қўнғироқ қилиб, Тўрақул Содиқович номидан ‘берилмасин’, деб айтди ва ускуналар берилмади.

Шундан сўнг блогерлардан менга ёрдам қилишларини сўрадим. Бу ҳолат ошкор бўлгач, бизга учта оксигенератор беришди. Эртаси куни яна 12 та оксигенератор берилди. 12 та оксигенератор билан 120-130 нафар беморни даволамоқдамиз. Бизга чирчиқлик волонтёрлар тўртта оксигенератор ҳадя қилишди. Соғлиқни сақлаш вазирининг 188-сонли буйруғида ССБ бошлиқлари ҳар бир беморни кислород билан таъминлаши шартлиги белгилаб қўйилган. Биз таъминлай олмаймиз, бизда бунга имконият йўқ», — дейди Гулжаҳон Йўлдошева.

Чирчиқда расман ҳаммаси яхши

Оксигенатор можароси аввалроқ яхшигина шов-шув бўлган эди. Шундан сўнг Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси (ССБ) ахборот хизмати ҳолатга муносабат билдириб, Гулжаҳон Йўлдошевани «шифокор шаънига доғ туширадиган ёлғон маълумотларни тарқатиш билан шуғулланмоқда» деб айблаган, соғлиқни сақлаш вазири номига уни эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқиш юзасидан хат киритилганини маълум қилган эди.

Кейинроқ Чирчиқ давлат педагогика институти ётоқхонаси базасида ташкил этилган вақтинчалик касалхонага ишга қабул қилинган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари ОАВ орқали очиқ мурожаат йўллаган, унда улар билан меҳнат шартномаси имзоланмагани, беморлар учун дорилар йўқлиги таъкидланган эди. Бунга жавобан эълон қилинган Тошкент вилояти ССБ баёнотида «масалани ўрганиш давомида Чирчиқ давлат педагогика институти ётоқхонаси қошида ташкил этилган провизор шифохонасининг тиббиёт ходимлари бундай мурожаатдан бехабар»лиги ёзилган эди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар