Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисида « ‘Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида’ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун маъқулланди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев қонунда кўзда тутилаётган янгиликларга тўхталиб ўтди.
Хусусан, қонун билан бир қатор салбий ҳолатларга барҳам бериш мақсадида чет элда иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни иш қидираётган шахслардан эмас, балки иш берувчилардан ундириш белгиланган. Бунда фуқаролар иш билан таъминланганда иш берувчи томонидан агентликка маблағ тўлаб берилади. Кўрсатилган хизматларни таъминламаган тақдирда қонун талабларини бузганлик учун агентликларнинг раҳбарларига жавобгарлик чоралари назарда тутилади.
Профилактик нормаларга кўра, хусусий бандлик агентликлари фуқароларга ҳам ўзининг, ҳам Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотларини кўрсатган ҳолда билдиришнома бериши лозим бўлади. Бу ўз навбатида вазирликка агентлик устидан шикоят ва мурожаат қилиш имкониятини очади. Тузилаётган шартномалар, фуқаролар билан бўладиган ҳар битта ҳолатлар онлайн тартибда вазирликда кўриб борилади. Бундан кейин хусусий бандлик агентликлари чет эл мамлакатидаги ўзининг ҳамкорлари билан шартномага эга бўлиши шартлиги кўрсатилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги агентликларнинг хусусий молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмасдан фаолиятини текшириб бориш ваколатига эга бўлади.
Иш билан таъминлашда бандлик агентликлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар шаффофлигини таъминлаш учун кўрсатадиган хизматлар бўйича шартномалар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ахборот тизимида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказиб борилади.
Қонун муҳокамасида 2018 йилда қабул қилинган Хусусий бандлик агентликлари фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги қонун қўлланиши жараёнида агентликлар чет элда ишлаш истагини билдирган фуқаролардан маблағлар йиғиб олиб, уларни ишга жойлаштирмасдан маблағларни талон-торож қилиш ҳолатларига йўл қўйилгани алоҳида таъкидланди. Бунда 7 123 нафар фуқарога 72,0 млрд сўмдан ортиқ моддий зарар етказганликлари учун 10 та хусусий бандлик агентлиги раҳбарларига жиноят ишлари қўзғатилган.
Хусусан, Human хусусий бандлик агентлиги раҳбари томонидан 1086 нафар фуқародан 21,2 млрд сўм миқдорида, Korean and Migrations агентлиги раҳбари томонидан 2317 нафар фуқародан 22,2 млрд сўм миқдорида пул маблағлари ўзлаштирилган.
Бугунги кунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида рўйхатдан ўтган 103 та агентликдан 74 таси лицензия олган. Лицензия олганларнинг 31 тасидан 20 таси ишлай олмасдан лицензиясини топширган, қонунчиликни бузгани учун 11 та агентликнинг лицензияси бекор қилинган.
Сенат раиси Танзила Норбоева «Қонунни маъқуллаймиз, албатта, бу ўзгартиришлар жиноятларнинг олдини олишга йўналтириляпти, лекин агентлик барибир бу тадбиркорлик билан шуғулланувчи биринчи ўринда ўзининг фойдасини кўзловчи ташкилот ҳисобланади. Фойдасини ҳам кўзлайди, жиноятчиликка ҳам қўл уриб қўйиш ҳолатлари бўляпти. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига лицензия беришда агентликларнинг қонуний фаолияти, одамларнинг манфаатига раҳна солмайдиган йўналишларини тушунтириш, давлат сиёсати лицензияларда акс эттирилиши, агентликларни йиғиш, уларнинг фаолиятига методик ёрдам бериш бўйича илтимосимиз бўлар эди», — дея таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонун 2018 йил октябрь ойида кучга кирган.
Хусусий бандлик агентликлари муаммоси 2019 йил декабрида Олий Мажлис Сенатида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Хусусан, сенатор Фаррух Дадахўжаев мигрантларнинг маблағларини ҳимоя қилиш механизми йўқлиги учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини танқид қилиб, агентликлар билан банк ҳисоб-китобларини аккредитив асосда олиб боришни таклиф қилган эди.
Ўз навбатида, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қонунга ўзбекистонликларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича виждонсиз хизмат кўрсатилишидан ҳимоя қила оладиган тузатишларни киритиш ниятини билдирган.