Ҳиндистоннинг Карипур шаҳрида Air India авиакомпанияси самолёти хавфли қўнишни амалга ошириши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 20 кишига етди. Бу ҳақда Hindustan Times хабар бермоқда. Жабрланганлар сони 140 кишидан ошган.

Фото: EPA

Нашрнинг Ҳиндистон фуқаро авиацияси бошқармаси (DGCA)га таяниб ёзишича, самолётнинг Кожикоде аэропортига қўниши вақтида кучли ёмғир ёғаётган бўлган. Самолёт катта тезликда қўниш чизиғидан ташқарига чиқиб кетиб дарага қулаган ва иккига бўлиниб кетган.

Самолёт бортида 191 киши бўлган. Рейсда коронавирус пандемияси туфайли БААда қолиб кетган ҳиндистонликлар олиб келинаётган бўлган.

Эслатиб ўтамиз, ҳодиса 7 август куни содир бўлган. Воқеа жойидан олинган суратлар ва видеода самолёт корпусининг қисман вайрон бўлгани акс этган.

Аввалроқ Покистонда PIA компаниясига тегишли самолёт 22 май куни қўниш вақтида турар жой мавзесига қулагани ҳақида хабар берилган эди. Бортда бўлган 97 киши ҳалок бўлган. Ерда бўлган тахминан 10 киши турли даражада тан жароҳати олган, улардан бири авиаҳалокатдан бир неча кун ўтиб вафот этган.

Шу билан бирга, самолёт бортида бўлган йўловчилардан икки нафари тирик қолган. Кейинчалик бу борадаги терговнинг дастлабки натижалари эълон қилинган. Дастлаб самолётнинг қўниш учун қилган биринчи уринишида двигатель зарар кўргани, диспетчерлар экипажни бу ҳақда огоҳлантирмагани ойдинлашган.