Розетта тоши тарих, тилшунослик соҳаларида муҳим археологик топилма ҳисобланади. У ўтмишнинг буюк сирларини очишда ва Қадимги Миср тилини, ёзувини ҳамда маданиятини ўрганишда муҳим рол ўйнади. Миср маданияти эса инсониятнинг энг қадимги цивилизацияларидан бўлиб, бугунги маданият, бугунги дунё қандай шаклланганини ўрганишда катта аҳамиятга эга. Биз бугун ишлатаётган кўплаб кашфиётлар Миср маданиятига бориб тақалади. Уларни ўрганиш бугунги маданиятимизни, турмуш тарзини тушунишга ёрдам беради. Шулардан бири ёзувдир. Миср энг қадимги ёзув маданияти марказларидан бири ҳисобланади.
Миср ёзувларини ўқишда энг муҳим аҳамиятга эга бўлган, Миср тилининг калити бўлган сирли Розетта тоши бундан 221 йил олдин 2 августда топилган. «Дарё» Розетта тоши топилган сана муносабати билан қизиқарли фактлар ҳақида маълумот беради.
Розетта тоши 1799 йилда Мисрда, Александриядан узоқ бўлмаган Розетта (ҳозирги ар-Рашид) шаҳри яқинида, афсоналарга кўра Франция императори Наполеоннинг мамлакатни босиб олишга қодир бўлмаган ҳарбий экспедицияси томонидан топилган. Наполеон қадимий қадриятларга қизиқиб қолган, аммо бу тасодифий топилма эди. Унинг аскарлари Мисрни босиб олиш учун режалаштирилган уриниш учун тошларни талон-торож қилди.
1798–1799 йиллари Наполеон Банопарт Мисрга экспедиция уюштирди. Ана шу экспедиция даврида жаҳон аҳамиятига молик воқеа рўй берди.
1799 йил 2 августда французлар инглизларнинг денгиз томонидан бўлаётган ҳужумини даф этиб, соҳилни қўлда сақлаб қолди. Розеттадан етти мил нарида ар-Рашид қалъасини ҳимоя қилаётган аскарлар ҳандак қазиётиб, аллақандай ёзувлар битилган қоп-қора тошни топиб олди. Маълумки, Наполеон армиясида бирмунча маълумотли кишилар тўпланган эди. Силлиқланган бу қора базальт тош устига ёзувлар битилган бўлиб, уларнинг уч тилда ёзилганини зобитлар бир назар ташлашдаёқ фаҳмлаб олди.
Юқоридаги ёзув иероглифдан иборат. Анча яхши сақланган ўртадаги ёзувни офицерлар сурёний ёзувига ўхшатди (лекин бу ёзув миср демотик ёзуви намунаси бўлиб чиқди). Пастки ёзувнинг эски усулдаги ҳарфлар юнон ҳарфлар билан ёзилган юнон хати эканини зобитлар ўша заҳотиёқ аниқлади.
Олимларнинг орзулари ушалди. Ахир улар иероглифларни ўқишга узоқ йиллар уринди ва ниҳоят ёзувни тушуниш йўли топилсагина бу соҳада муваффақиятга қозониш мумкин, деган хулосага келдилар. Розетта тоши дастлаб Қоҳирага жўнатилди, кейинчалик Мисрда Франциянинг мағлубиятидан кейин Британия музейига келиб қолган.
Қадимги замонларда Мисрдан Римга сиртига иероглифлар чизилган ёдгорлик тошлар олиб келишган. XVII асрда олим Афанасий Кирхер ана шу тошларни ўрганишга киришган. У қанчалик уринмасин, Миср иероглифларини ўқий олмайди ва қадимги Миср тилидан келиб чиққан копт тилини билмасдан туриб иероглифларни ўқиб бўлмайди деган хулоса чиқарди.
Розетта тоши топилгандан кейин француз шарқшуноси Сильвестр де Саси бу ёзувлар устида жуда кўп бош қотирди. У дастлаб демотик матнни чуқур ўрганиб чиқиб, юнонча текстдаги Птоломей Эпифан, Александр ва бошқа исмларига тўғри келадиган белги гуруҳлари борлигини аниқлаган. Лекин у иероглифларни ўқий олмаган ва ошкора суратда «муаммо ниҳоятда чигал ва уни илмий жиҳатдан ечиб бўлмайди» деган эди.
Лекин у ўз таҳлилларини швед археологи, келт тилини билимдони Давид Окербладга жўнатди. У демотик матнни юнонларга оид қисмидаги барча атоқли отларни мустақил равишда таниб билиш ва ўқишга муяссар бўлди, шу билан бирга айрим миср тилига оид сўзларни («ибодатхона», «юнонлар» ва бошқаларни) ҳам ўқий олди. Бироқ Саси ҳам, Окерблад ҳам миср тилида унли товушлар тушиб қолишини ҳисобга олмаган.
Шундан кейин Миср ёзувини ўқишни инглиз олими Томас Юнг давом эттирди. У демотик ёзув иероглифларнинг ёзиладиган варианти эканини исботлаб берди. Юнг иероглифлар жумбоғни демотик ёзув ёрдамида ечиш мумкин, деган хулосага келди ва 70 дан ортиқ иероглиф ёки иероглиф гуруҳларининг маъносини аниқлашга муваффақ бўлди. У матндан Птоломей ва Береникаларнинг исмларини излаб топди.
Лекин олим демотик ёзувда ҳам, иероглифда ҳам фонетик белги бўлмаган деган нотўғри йўлга тушиб қолди ва ишини охирига етказа олмади. Кейинчалик Миср иероглифларини ўқиб чиқиш француз олими Жан Франсуа Шампольонга насиб бўлди. У узоқ изланишлардан кейин 1821 йил 23 декабрда айни туғилган куни олимнинг миясига Розетта тошидаги иероглиф белгилари билан юнонча матндаги сўзларни санаб чиқиш фикри келади. Ёш олим узоқ изланишлардан кейин Мисрда учинчи ёзув тизими – иератик ёзув ҳам бўлганини исботлади. Бунгача олимлар Мисрда икки хил ёзув бўлган деб ҳисоблаб келар эди.
Ёш олим иероглифларни санаб кўриб ҳайратда қолди: 486 та юнонча сўзга 1 419 та иероглиф тўғри келди. Иероглиф ёзувида эса 166 та белги. Ана шундан кейин Шампольон иероглифлар фақат белги сўзлардангина, идеограммаларгина бўлмай, улар товуш эканига ишонч ҳосил қилди.
У ишни бошлаб юборди. Дастлаб матндаги подшо Птоломей Эпифан номини ўқиди. Тошда подшо исми ҳошия ичига олинган бир неча белгидан иборат эди. Бу ерда саккизта белги бўлиб, унда подшо исми ёзилган эди. Лекин бунга далил керак эди. Ўша йиллари топилган «Фале ёдгорлиги» деган осори атиқа топилиб, унда икки хил – иероглиф ва юнонча ёзув ёзилган эди.
Олим юнонча матндаги Клеопатра сўзини ўқиб, буни малика номи эканини исботлади. Олим яна Александр сўзини ўқиш орқали иероглифлар рўйхатига «Н» ва «С» товушларини қўшди. Малика Береника исмини ўқигач, иероглиф алифбосига «Б» товуши ҳам қўшилди. Узоқ изланишлардан кейин Шампольон 24 товушни бемалол ўқийдиган бўлди. Кейинчалик олим тошдан Рамзес, Тутмос, фиръавн сўзларини ўқишга муваффақ бўлди.
Шампольоннинг буюк кашфиётидан сўнг илм-фанга Миср ёзувида битилган минглаб қадимий ёзма манбалар очилди. Уларнинг бари бирма-бир ўқиб чиқилди. Қадимги Мисрнинг ўзига хос ва буюк маданияти ва тарихи ўрганилди. Унинг баҳонасида эса жаҳон цивилизацияси, ёзуви, мусиқаси, адабиёти, тиббиёти, математикаси илдизлари ошкор бўлди – бари Қадимги Мисрга бориб тақалар экан.
1802 йилдан бери Розетта тоши Британия музейида сақланиб келинди.
Изоҳ (0)